18:00 / 09.07.2023
382

Озарбайжон ва Арманистон ярашмоқда: минтақа энди Россиянинг “томорқаси” эмасми?

Озарбайжон ва Арманистон ярашмоқда: минтақа энди Россиянинг “томорқаси” эмасми?

Маълумки, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги учрашувда “Тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш бўйича икки томонлама битим”нинг қўшимча моддалари келишиб олинди. Бу битимнинг томонлар ва минтақадаги глобал актёрлар учун қандай аҳамияти бор?

“Тинчлик ва давлатлараро муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги икки томонлама битим” нимани англатади?

27-29 июнь кунлари Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари АҚШнинг Виржиния штатида муҳим учрашув ўтказди. Уч кун давом этган музокаралар пойдевори май ойида қўйилган эди. Охирги учрашувда томонлар ўртасида “Тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисида”ги икки томонлама битим” лойиҳасининг қўшимча моддалари бўйича келишувга эришилгани эълон қилинди. Учрашув минтақада томонлар ўртасидаги давомий тинчликни таъминлаш борасида ниҳоят муҳим қадам ташлангани жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Бошқа томондан, имзоланган келишувга Россиянинг минтақадаги тарихий алоқалари ва қудрати заифлашиб қолгани кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида ҳам қаралмоқда. Зеро, Қорабоғ урушидан кейин Россия тинчликпарвар кучлари томонлар ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрната олмагани Озарбайжон ва Арманистон ўртасида жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Бундан ташқари, Россия президенти Владимир Путиннинг Украина билан урушда задаланган обрў-эътибори, қолаверса, Вагнер ХҲКнинг охирига етмаган исёни АҚШ ва Ғарб оламининг минтақада фаолроқ рол ўйнаши учун қулай имконият яратган кўринади. Шу сабабдан бу битим ҳам томонлар ўртасида мустаҳкам тинчликни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳал қилувчи аҳамиятга эга, ҳам Россияга йўналтирилган  ўзига хос маъноли ишорадир.

Бу сўнгги пайтларда Кавказнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради ва минтақа энди Россиянинг “томорқаси” сифатида кўрилмайди.

Шартнома АҚШ, Россия ва Хитой учун қандай аҳамиятга эга?

Бу келишув Қорабоғ урушида жараёндан четда қолганидан кўнгли тўлмай юрган АҚШ учун ҳали ҳам “дунё полицияси” экани ва минтақада унинг аралашуви ва саъй-ҳаракатлари билангина тинчликка эришиш мумкин эканини кўрсатиб қўйиш жиҳатидан муҳим. Маълумки, АҚШ каби Ғарб дунёсида ҳам бу борада жиддий ҳаракат қилишди, томонларнинг тез-тез учрашувлар ўтказишига воситачи бўлишди. Ҳатто АҚШ, Ғарб ва Россия ўртасида вақти-вақти билан музокаралар ўтказилиши одатий ҳолга айланган. Ниҳоят, май ойида томонлар Вашингтонда учрашганидан сўнг, май ойи охирида Россия бошчилигида жавоб учрашуви бўлиб ўтди.

Шу сабабдан, мазкур битим АҚШ ва Россия ўртасидаги ўзаро хабарларни ўз ичига олганини айтиш мумкин. Чунки Қорабоғнинг ишғолдан озод этилиши билан АҚШнинг тинчликпарвар сиёсати ўртасидаги боғлиқлик кўзга ташлана бошлади. Вагнернинг Россияга қарши қадамлари Россиянинг мавқеини заифлаштирган бир пайтда, АҚШнинг минтақага бўлган яқиндан қизиқиши ортида Путинга ҳам бир ишорани ҳам ўз ичига олади. Айтиш мумкинки, АҚШ маъмурияти минтақадаги давлатларга Путин олиб кела олмаган доимий тинчликни олиб келишга ваъда берган.

Бундан ташқари, АҚШ ушбу уч томонлама келишув билан минтақадаги Россия, Хитой ва Эронга хабар йўллашга ҳаракат қилмоқда. АҚШнинг бу тутуми билан Эрон ва янги даврда “Бир камар бир йўл” лойиҳаси билан юзини бу минтақага қаратган ва Кавказ давлатларини бу лойиҳага киритган Хитойга қарши хабар бергани кўриниб турибди. Хитой, айниқса, Озарбайжоннинг энергия манбалари, Грузия ва Арманистоннинг жойлашуви ва бу минтақанинг "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси учун ҳаётий аҳамиятини яхши билади. Қўшма Штатлар эса Туркиянинг, айниқса, "Ўрта коридор"да жойлашган давлат сифатидаги стратегик мавқеини яхши англаган ҳолда минтақада қутбланиш сиёсатини юритмоқда. Шундай қилиб, АҚШ тинчлик шартномалари билан Жанубий Кавказ давлатларини ўз томонига оғдиришга интилмоқда.

Бу ҳолат, шунингдек, Жанубий Кавказдаги динамиканинг нақадар сезгир эканини, Украина уруши ва кўплаб глобал ўзгаришлар “капалак эффекти” яратиб, минтақага қай даражада бевосита ва билвосита таъсир қилиши мумкинлигини ҳам очиб беради.

Учрашувнинг туркий давлатлар учун аҳамияти нимада?

Тоғли Қорабоғ ғалабаси Турк давлатлари ташкилотининг геосиёсий аҳамиятига таъсир этувчи асосий омил бўлди. Бу урушнинг Озарбайжон фойдасига ҳал бўлиши Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳамжиҳат бўлиши ва туркий дунёни кучайишига ижобий таъсир қилди, Туркий давлатлари ташкилоти интеграцияси йўлида катта қадам қўйиш учун эшик очди. 

Яқин келажакда Туркий давлатлар ташкилотида ўзаро ҳамкорликка асосланган сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий тузилма барпо этиш имконияти юзага келди.

Бу давлатлар ташқи савдо ҳажми, инвестицион захиралари ва ишлаб чиқариш қувватлари билан минтақада жиддий иқтисодий кучга эга. Ушбу кучдан тўлиқ фойда олиш ва сиёсий натижаларга эришиш учун тегишли давлатлар ўзларининг ташқи ва иқтисодий сиёсатларини ўзаро мувофиқлаштириши керак. Мувофиқлаштиришнинг илғор даражаси Европа Иттифоқида бўлгани каби сиёсий ва иқтисодий интеграция бўлиб, бу Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳам амалга ошиши кутилган нарсадир. Шу нуқтада, энергия таъминоти ҳақида алоҳида урғу бериш керак. Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг нефт ва табиий газ ресурслари бўйича бой заҳираларга эга бўлиши ва Туркиянинг геосиёсий мавқеи туфайли бу ресурсларни Европага ўтказиш салоҳияти Туркий давлатлар ташкилотининг геосиёсий аҳамиятини янада кучайтиради.

44 кунлик Қорабоғ уруши ортидан хусусан, Туркия-Озарбайжон, умуман туркий давлатлар муносабатларида янги давр бошланди ва Шуша декларацияси билан бу алоқалар тарихий чўққисига кўтарилди. Шуша декларацияси икки давлат ўртасидаги ҳарбий, таълим, маданият, савдо, мудофаа ва бошқа кўплаб соҳалардаги муносабатларда ҳам ҳамкорлик, ҳам иттифоқчиликни ўз ичига олгани билан муҳим ва стратегик аҳамиятга эга. Шу боис янги даврда АҚШ ҳам Туркиянинг Жанубий Кавказдаги аҳамияти ортиб бораётганини диққат билан кузатмоқда, ҳам Россиянинг минтақадаги қудратини заифлаштириш мақсадида Жанубий Кавказ давлатлари билан яқиндан иш олиб бормоқда.

Туркиянинг Озарбайжон билан яқинлашиши ва Шуша декларацияси билан кучайиб бораётган стратегик иттифоқи АҚШни ҳам чуқур ташвишга солмоқда. Чунки АҚШ минтақадаги НАТО давлати сифатида Туркиядан АҚШдан мустақил ҳаракат қилишдан кўра унинг ёнида туришини кутмоқда. АҚШ ҳам НАТО давлатлари орқали Кавказда Хитой, Россия ва Эронга қарши кенг иттифоқ тузишга ҳаракат қилмоқда ва бу иттифоқни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ҳаракат қилаётган Туркияни ўз ёнида кўрмоқчи.

Туркия эса минтақа билан тарихий, маданий ва сиёсий алоқалари туфайли АҚШ бошчилигидаги иттифоқда иштирок этишдан кўра, ўз сиёсий қарорлари доирасида мустақил қадам ташлаш ниятида. Шу сабабли, у Арманистон билан нормаллашув ҳақида гапирадиган бўлсак, табир жоиз бўлса, ўз киндигини ўзи кесишга ҳаракат қилмоқда. Ўтмишда АҚШ ва Ғарб дунёси иштирокидаги Цюрих протоколлари амалга оширилмаганини ҳисобга олсак, бу қарор қанчалик тўғри бўлганини унутмаслик керак.

Бироқ глобал миқёсдаги баъзи ўзгаришлар Туркия-Арманистон муносабатларида ҳамон муҳим рол ўйнамоқда. Қорабоғ урушидан сўнг Туркиянинг нафақат Озарбайжон, балки туркий дунё билан ҳам алоқаларида муҳим қадамлар ташланган бўлиб, Зангезур йўлагининг очилиши билан бу қадамлар, айниқса, Туркия билан муносабатларда янада юқори босқичга олиб чиқади.

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озарбайжон ва Арманистон ярашмоқда: минтақа энди Россиянинг “томорқаси” эмасми?
ePN