date

Ўзбекистонда касбий таълим бошқарувида янги тизим жорий этилди

Ўзбекистонда касбий таълим бошқарувида янги тизим жорий этилди

Ўзбекистонда касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва уни замон талабларига мос равишда ривожлантириш бўйича муҳим қадам қўйилди. Президентнинг “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Касбий таълим агентлиги ташкил этилди. Бу янги тузилма мамлакатдаги техникумлар фаолиятини ягона бошқарув тизимига жамлаш ва малакали кадрлар тайёрлашда тизимли ёндашувни йўлга қўйишни мақсад қилган.

Агентликнинг асосий вазифалари қаторида қуйидагилар белгиланди:
– техникумлар ишини мувофиқлаштириш ва таълим жараёнларини бошқариш;
– касбий таълим дастурлари мазмуни, малака даражалари ва ўқитиш муддатларини белгилаш;
– битирувчилар билимларини баҳолаш мезонларини янгилаш ҳамда ўқув-методик таъминотга ягона талабларни жорий этиш.

Шунингдек, Агентлик Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда “ваучер” тизимида қамраб олинмаган фуқароларни касбга ўқитиш вазифасини ҳам бажаради. Шу орқали меҳнат бозорида етишмаётган мутахассислар тайёрланиши таъминланади.

Қолаверса, Миграция агентлиги билан ҳамкорликда хорижий иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, фуқароларни замонавий касблар ва чет тилларига ўқитиш дастурлари йўлга қўйилади.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишга қабул қилишда Миллий малака рамкасига мос диплом ёки сертификат талаб этилади. Бу меҳнат бозорида аниқ компетенцияларга эга бўлган кадрлар улушини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, давлат касбий таълим муассасаларига таълим нархини бозор шароитига мос белгилаш ва тажрибали мутахассисларни шартнома асосида тўғридан-тўғри ишга жалб қилиш имконияти яратилади.

Янги тизимнинг муҳим жиҳатларидан бири — ҳудудий тадбиркорлар кенгашларини ташкил этишдир. Улар бизнес, давлат ва таълим соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, маҳаллий эҳтиёжга мос касбий дастурларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ислоҳотлар натижасида касбий таълим тизимида барқарор бошқарув, ягона стандартлар ва меҳнат бозори эҳтиёжларига тўлиқ мос кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Бу эса аҳоли бандлигини ошириш ва мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда касбий таълим бошқарувида янги тизим жорий этилди