
«Интер Майами» етакчиси Лионель Месси АҚШнинг МЛС чемпионатида энг кўп гол урган футболчи сифатида «Олтин бутса» совринига сазовор бўлди. Аргентиналик юлдуз бу мукофотни плей-оффнинг 1/8 финалида «Нэшвилл»га қарши беллашув олдидан қабул қилди.
Учрашув Флорида штатидаги Форт-Лодердейл шаҳрида жойлашган «Чейз Стэдиум»да бўлиб ўтмоқда. Ҳозирги ҳисоб — 2:0 «Интер Майами» фойдасига, голлардан бирига Месси муаллифлик қилди.
38 ёшли ҳужумчи мавсум давомида 28 ўйинда майдонга тушиб, 29 та гол урди. Унинг энг яқин рақиблари — «Лос-Анжелес» футболчиси Дени Буанга ва «Нэшвилл» ҳужумчиси Сэм Сарриж 24 тадан гол билан орқада қолди.
Месси 2023 йил ёзидан буён «Интер Майами» сафида ўйнаб келмоқда. Шу вақт мобайнида у жамоа шарафини 82 марта ҳимоя қилиб, 71 та гол ва 37 та ассист қайд этди.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, афсонавий футболчининг бозор қиймати ҳозирда 18 миллион еврони ташкил этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!