00:22 / 12.07.2023
892

Путиннинг Қуръонга нисбатан самимиятига ишониш мумкинми?

Путиннинг Қуръонга нисбатан самимиятига ишониш мумкинми?

Куни кеча интернетда бир видеога кўзим тушиб қолди. Россия президентига тегишли расмий каналлардан бирида тарқатилган видеода Путин Раисат исмли доғистонлик қизалоқ ва унинг ота-онасини Кремль саройида махсус қабул қилди. Видеода тушунтирилишича, ўн кунча аввал Путин Доғистонга қилган сафари чоғида қизалоқ у билан кўришмоқчи бўлади. Аммо бу нияти амалга ошмагач, жудаям хафа бўлади. Раисатнинг маҳзун ҳолдаги сурати интернетда тарқалгач, президент маъмурияти ходимлари унинг ота-онасига боғланиб, Путин билан учрашувини ташкил қилишди.

Тахминан ўн дақиқа давом этган учрашув тафсилотларига тўхталмоқчи эмасман, лекин эътиборимни тортган айрим жиҳатлар ҳақида гапирмасам бўлмайди. Меҳмонларни кутиб олгач, Россия президенти қизалоқни хизмат хонасига олиб кирди ва уни махсус алоқа тугмалари орқали давлат мулозимлари билан гаплаштириб қўйди. Бу орада адашмасам молия вазирига Доғистонлик қизнинг оиласи яшайдиган Дарбанд шаҳрини ободонлаштириш мақсадида 5 миллиард рубль ажратиш борасида топшириқ  ҳам берди. Бир қарашда жудаям самимий кўринади бу ҳолат. Аммо аслида ҳам шундайми?

Дарвоқе, учрашув охирида меҳмонларга кўринишидан оддий, яъни шоҳона бўлмаган дастурхонда емак ҳам берилди. Шу ерда қизнинг отаси Путинга миннатдорчилик билдириш асносида “Сизнинг ўрнингизни босадиган одам (кадр) йўқ”, деди. Шу ҳолат менга мутлақо самимиятдан узоқ туюлди. Эҳтимол доғистонлик йигит чин дилдан гапирган бўлиши мумкин, унинг ичини билмайман. Аммо алмаштириб бўлмайдиган кадр йўқ, деган гап бекорга айтилмаган. Қолаверса, Путиннинг Доғистонга кутилмаганда боришининг ҳам ўзига хос махфий сабаблари бор.

Украинага уюштирилган босқиндан кейин Россиянинг бир қатор вилоятларига ҳаводан ҳужум бўлгани, ҳатто Москва марказидаги Кремль саройига дронларнинг бемалол хавф туғдириши, бундан ташқари, “қулоқсиз” Пригожиннинг пойтахт томон “юриши”... Ана шундай хавотирли шароитда, хавфсизликка таҳдидларга қарамай Доғистонга боришга Путинни нима мажбур қилди? Охирги йилларда Кавказ минтақасидаги халқлар орасида мустақиллик сари интилиш кучайиб бормоқда. Украинага бошланган урушнинг муваффақиятсиз давом этаётгани кавказликларнинг руслардан ажралиб чиқиш умидларини баттар оловлантириб юборди. Татаристон ва Чеченистондан кўра Доғистонда бундай кайфиятдаги кишилар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Кутилмаган ташрифнинг сабабларидан бири ҳам, бизнингча, айнан шу: “Доғистонни осонликча қўйиб юбормоқчи эмас”лигига ишора қилишдир.

Дарвоқе, Путин жанобларига Доғистондаги масжидда Қуръони карим совға қилинганидан хабарингиз бор. У шу баҳона Швецияда Қурбон ҳайити байрами куни асли ироқлик бўлган атеистнинг мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиб юборганини қоралади. Ҳатто бундан ҳаракат учун Россияда жиноий жавобгарлик борлигини эслатди. Бу билан у мусулмонлар орасида мундайча айтганда “очко” ишламоқчи бўлди. Гўё Россияда мусулмонлар эмин-эркин яшаб, ибодат қилиб юрибди, деган кайфиятни уйғотиш, шу билан бирга, қайсидир маънода Украина тупроқларида руслар тарафида жанг қилётган айрим мусулмон ҳарбийларга маънавий қўллаб-қувватлашни кўзлаган бўлса, ажаб эмас.

Аммо Россияда яшаб юрган мусулмонлар бундай сиёсий маневраларга алданиб қолмаслиги турган гап. Чунки ҳақиқий аҳвол яхши эмас. Масалан, Россия пойтахтида миллионлаб мусулмон яшашига қарамай, атиги бештагина масжид борлиги, янги масжид қурилишига турли баҳоналар билан рухсат берилмаётгани ҳақида кўп ёзилади. Россия Федерацияси муфтияти расмий маълумотларига кўра, ушбу шаҳардаги мусулмонлар сони 3-3,5 миллиондан ошади, улардан 2 миллионини рус фуқаролари ташкил қилади. Украина пойтахти Киевда ҳам 4 та масжид бор, аммо у ердаги мусулмонлар сони нари борса 200 мингга яқин, холос.

Икки йилча аввал мусулмонлар тарафидан юритиладиган телеграм каналлари “Саҳиҳул-Бухорий” асари экстремистик материаллар федерал рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берди. Россияда китобни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни 2021 йил декабрида Татаристоннинг Лаишевский суди қабул қилган ва 2022 йил 5 июлда Татаристон Олий суди қарорни ўз кучида қолдирган. Кейинчалик бир қатор муфтийлар, шунингдек, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров бу қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдирганди.

2015 йилда Жанубий Сахалинск суди томонидан “Аллоҳга дуо: унинг маъноси ва исломдаги ўрни” китоби экстремистик материал деб топилган, Қуръон оятларидан иборат дуолар китобининг тақиқланиши мусулмонларнинг катта эътирозига сабаб бўлганди.

Яқинда Татаристон муфтийси томонидан очилган намозхоналар ёпилгани ҳақида яна бир нохуш хабар тарқалди. 116.RU нашрига кўра, Россияда мусулмонлар учун катта йўл ёқаларига қурилган намозхоналар ёпила бошлаган.  Бу ҳақда блогер Расул Тавдиряков ўз каналида ушбу лойиҳа ташкилотчиларидан бирининг фикрини жойлаштирган. Бу Татаристон муфтияти ва “Ирбис” автомобилларга ёқилғи қуйиш тармоғининг қўшма лойиҳаси эди.

2022 йил ёзида Ирбис ширкати ўзларига тегишли ёқилғи қуйиш шохобчаларида Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси билан ҳамкороликда намозхоналар қуриш ташаббуси билан чиққанди. Ҳаммаси бўлиб мамлакат бўйлаб бор-йўғи 24 та шундай бино қурилиши назарда тутилганди. Шундай намозхоналар минтақаларда – Нижний Новгород, Владимир ва Пенза вилоятларида, шунингдек, Чуваш, Мари, Бошқирд республикаларида М-5 ва М-7 магистралларида очилиши керак эди. Уларнинг баъзилари фойдаланишга топширилган ҳам эди. Аммо эндиликда ҳукумат томонидан ширкат масъулларига намозхоналарни ёпиш мажбурияти юклатилган.

116.RU журналисти билан суҳбатда қозонлик ҳуқуқшунос Руслан Нагиев намозхона оддий хонадан фарқ қилмаслигини тушунтирди.

Бу масжид эмас, у ерда маъруза қилинмайди, жума ёки жамоат намози ўқилмайди. Шунчаки, намоз вақти кирганида шу ердан ўтаётган йўловчилар кириб якка ҳолда намозларини ўқиб олиши ёки дам олиши, китоб ўқиб ўтириши мумкин бўлган жой. Уни аслида оддий дам олиш хонаси десаям бўларди”, деди у.

Намозхоналарнинг бузилиши Татаристон аҳолиси ва бошқа ҳудудларда яшайдиган мусулмонларнинг катта норозилигига сабаб бўлган.

Яқинда Владимир вилоятида намозхона очиш режалаштирилган эди, унда маҳаллий диний ташкилотларнинг расмий вакиллари иштирок этиши керак эди.

Аммо тантанали маросимга бироз вақт қолганда (прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ер тузиш, ФҲДЁ) инспекторлари ёқилғи қуйиш шохобчасига бостириб киришди. Улар турли ҳужжатлар талаб қилиб, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича буйруқлар чиқаришган. Дастлабки талаблар қаторида барча исломий атрибутлардан воз кечиш ҳам бор.

2023 йил март ойининг охирида айнан шундай вазият Нижний Новгород вилоятида, кейин эса Чувашия ва Татаристонда такрорланди. Тахминан бир ой олдин охирги талаб пайдо бўлди – намозхоналарни тамонила ёпиш. Шу билан бирга, Ирбис компаниясига қарши катта текширувлар бошланди.

Мен омманинг эътиборини бир нарсага жалб қилмоқчиман. Мусулмонлар сифатида бу бизни ранжитади ва камситади. Бизнинг давлатимиз мусулмон мамлакатлари билан яхши алоқада, раҳбарларимиз ҳатто Толибон билан ҳам мулоқот ва ҳамкорлик қилади. Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо бўлиш даъвосида. Ҳар йили 9 май куни бўлиб ўтадиган парадда мусулмон республикалари раҳбарлари Путиннинг ёнида ўтиришади. Яъни ташқи сиёсат мусулмонлар билан дўстликка қаратилган аммо юқоридаги ҳаракатлар давлат ичида содир бўлади. Бу умуман мантиққа тўғри келмайди”, деди татаристонлик Тавдиряков.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путиннинг Қуръонга нисбатан самимиятига ишониш мумкинми?
ePN