date

Вальверде атрофидаги вазият "Реал"да жиддий тус олди...

“Реал Мадрид” кийиниш хонасидаги муҳит яна мухлислар эътибор марказига тушди. Маълумотларга кўра, жамоада обрў ва таъсирга эга бўлган айрим футболчилар клуб келгуси ёзги трансфер ойнасида ярим ҳимоячи ҳамда сардор Федерико Вальвердени сотишини истамоқда.

Бу ҳақда журналист Рамон Альварес де Мон ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. Манба таъкидлашича, “қаймоқранглилар” раҳбарияти учун Вальверде масаласи оддий трансфер қарори эмас. Уругвайлик футболчи узоқ йиллар давомида “Реал” сафида меҳнат қилди, жамоа учун муҳим ўйинларда борини берди ва мухлислар орасида ҳам алоҳида ҳурмат қозонди.

Шу сабабли клуб раҳбарияти учун уни сотиш эҳтимоли “жуда нозик” ва эҳтиёткорлик билан ёндашишни талаб қиладиган мавзу сифатида баҳоланмоқда. Бир томонда кийиниш хонасидаги ички мувозанат, иккинчи томонда эса Вальверденинг “Реал” билан боғлиқ тарихи ва жамоага қўшган ҳиссаси турибди.

Вазиятнинг янада кескинлашишига 7 май, пайшанба куни машғулот вақтида содир бўлган можаро сабаб бўлгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, Федерико Вальверде ва ярим ҳимоячи Орельен Тчуамени ўртасида аввал оғзаки тортишув юзага келган. Кейинчалик бу баҳс кийиниш хонасида жиддий жанжалга айланган.

Тўқнашув оқибатида уругвайлик футболчининг боши ёрилгани ва у касалхонага ётқизилгани маълум қилинди. Бу ҳолат клуб ичидаги вазият қанчалик оғирлашганини кўрсатиб турибди. Қолаверса, икки футболчининг ҳам 500 минг евро миқдорида жаримага тортилгани можаро раҳбарият томонидан жиддий қабул қилинганини англатади.

Федерико Вальверде “Реал” учун шунчаки футболчи эмас. У майдондаги меҳнаткашлиги, кучли характери ва жамоа манфаати учун курашиши билан ажралиб туради. Аммо катта клубларда ички муҳит баъзан спорт натижаларидан ҳам муҳимроқ омилга айланади. Бу ерда ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз ва ҳар бир зиддият катта оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ҳозирча Вальверденинг келажаги бўйича якуний қарор қабул қилингани йўқ. Бироқ мавжуд хабарлар шуни кўрсатмоқдаки, ёзги трансфер ойнаси “Реал Мадрид” учун анча қизғин ва оғриқли қарорларга бой бўлиши мумкин. Мухлислар эса энди бир саволга жавоб кутмоқда: клуб ўз сардорларидан бирини сақлаб қоладими ёки янги саҳифа очишга қарор қиладими?

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Вальверде атрофидаги вазият "Реал"да жиддий тус олди...