Дунёда ажабтовур ҳаёт кечирган инсонлар жуда кўп. Айниқса бир-биридан узоқда яшаб, ўхшаш ҳаёт кечирган эгизаклар ҳам талайгина.
1979 йилда Оҳайо штатидаги газеталардан бирида ана шундай эгизаклар ҳақида мақола эълон қилинади. Унда ёзилишича, эгизаклар уч ҳафталигида иккита оила томонидан боқиб олинган.
Сўнг улар бир-биридан бехабар ҳолда болаларнинг иккаласига ҳам Жим деб исм қўйишган. Бу икки эгизак Жим Люис ва Жим Спрингер эди.
Жим Люис ва Жим Спрингер орадан 39 йил ўтгач топишади. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳар икки эгизак қарийб бир хил ҳаёт кечирган экан.
Эгизаклар тарихи
1940 йилда Американинг Оҳайо штати Пиква шаҳрида яшовчи 15 ёшли қиз эгиз фарзандларни дунёга келтиради. Болаларнинг иккаласи ҳам ўғил эди. Қиз болаларни боқа олмаслигини билиб уларни қаровсиз қолган болаларни парваришлаш марказига топширади.
Кўп ўтмай болалардан бирини Эрнест ва Сара Спрингерлар оиласи олиб кетади. Орадан икки ҳафта ўтгач иккинчи болани Жесса ва Люсил Люис оиласи фарзандликка қабул қилади.
Люислар ва Спрингерлар ўзлари боқиб олган болаларга Жим деб исм қўяди. Шу тариқа эгизларнинг иккаласи ҳам Жим деб аталади ва иккита оилага фарзанд бўлиб, икки томонга кетиб қолишади.

Ҳар икки оила болаларни ўзига фарзандликка қабул қилаётганида марказ ходимлари уларнинг эгизаги борлигини айтишган. Бироқ улар буни анча пайт болалардан яширишган.
Болалар 1 йил 4 ойлик бўлишганда Люсил Люис округ судига асраб олган боласининг ҳужжатларини олиб кетиш учун борганда телефонда сўзлашаётган судянинг гапларини эшитиб қолади.
Судя иккинчи болани асраб олган Эрнест ва Сара Спрингер билан гаплашаётганди. Шу ерда Люис болаларнинг иккинчисини боқиб олганлар ҳам унга Жим деб исм беришганини билади ва бу тасодифдан ҳайратланади.
Кейинчалик асраб олган ўғли 5 ёшга кирганида унга эгизаги борлигини айтади. Шу тариқа, Жим Люис ўз эгизаги борлигини билиб улғаяди. Бироқ анча вақт ўз эгизагини қидиришга ҳафсала қилмайди.
Иккинчи эгизак Жим Спрингер эса ўз эгизаги борлигини билмай ўсади. Чунки ота-онаси унга эгизаги ёшликда вафот этганини айтишганди.
Болаларни асраб олган иккала оила ҳам эгизакларнинг онаси билан ҳеч қачон мулоқот қилишмайди. Она ҳам болаларини кўриш учун ҳаракат қилмайди.
Эгизакларнинг топишиши
Жим Люис 39 ёшга кирганида ўз эгизагини қидириб топишга қарор қилади. У энг аввал қаровсиз қолган болалар парвариш қилинадиган марказга боради ва у ердан керакли маълумотларни ололмайди.
Сўнг ўзи ва эгизагига тегишли қарорни чиқарган судга мурожаат қилади ва эгизагини топишда ёрдам сўрайди. Суд эса Жим Спрингерга мактуб йўллайди ва уни эгизаги қидираётганини маълум қилади. Мактубда Жим Люиснинг манзили ва телефон рақами ҳам ёзилганди.
Орадан бир ой ўтгач Жим Люиснинг телефони жиринглайди. Гўшакни кўтарганда нотаниш одам «Сен менинг эгизагиммисан?» деб савол беради. Жим кўзда ёш билан «Ҳа» деб жавоб беради. Қўнғироқ қилаётган Жим Спрингер эди. Орадан беш кун ўтиб эгизаклар Жим Люис ва Жим Спрингер учрашади.
«Эсимда, Жим билан учрашув жойини келишиб олганимиздан сўнг бир неча кун ўзимни қўярга жой топа олмай юрдим. Дейтон шаҳрига учрашувга кетаётганимда мен қаттиқ ҳаяжонланардим ва бармоқларим титрарди. Учрашганимиздан бирпас ўтиб ҳаяжоним босилди. Мен жуда хурсанд эдим», деб эслаганди эгизаги билан учрашувни Жим Люис.

Ўхшаш тақдирлар
Жим Люис ва Жим Спрингер бир-бири билан топишар экан, кўп ўтмай уларнинг нафақат исми, бошқа жуда кўп нарсаларда тақдири бир хил кечганини билишади.
Жумладан, улар бир хил маркали сигарет чеккан, иккаласи ҳам Pepsi ичимлигини ёқтирган, ҳаворанг Chevrolet автомобилини минган, ҳар доим Флорида соҳилларидаги битта пляжга дам олишга бориб турган.
Эгизакларнинг иккаласи ҳам мигрен касаллигидан азият чеккан ва тирноқларини тишлаб юриш одатлари бўлган.
Тасодифлар шу билан тугамайди. Маълум бўлишича, эгизакларни асраб олган ҳар икки оиланинг ўғил фарзанди бўлган ва уларнинг исмлари ҳам бир хил – Ларри деб аталган. Ҳар икки Ларрининг болалигида Той лақабли итлари бўлган.
Мактабда эгизакларнинг иккаласи ҳам математикани иштиёқ билан ўқишади, имлолари эса хунук бўлади. Улғайгач уларнинг иккаласи ҳам Линда исмли қизларга уйланишади.
Бир неча йилдан кейин уларнинг иккаласи ҳам ажрашади ва иккинчи марта оила қуришади. Тасодифни қарангки, улар бу сафар уйланган ҳар икки қизнинг исми Бетти бўлади.
Эгизакларнинг иккаласи ҳам ўғил фарзанд кўрган ва уларга қарийб бир хил исм қўйишган – Жеймс Алан ва Жеймс Аллан (Битта л ҳарфи фарқ қилади). Уларнинг иккаласи ҳам шериф ёрдамчиси бўлиб ишлашган. Дурадгорлик, чизмачилик ва ҳуснихат билан шуғулланишган.
«Иккаламизга ҳам нимадир муҳим нарса етишмагандай бўлиб келган. Учрашганимиздан сўнг шу бўшлиқ йўқолди ва хотиржам бўлдик», деганди кейинчалик Жим Спингер.
Жим Спрингер ва Жим Люисни фақат икки хил соч турмаги ажратиб турган. Улардан бири сочини пешонасига тушириб юрган, бошқаси орқага қараб тараб юради.
Тажриба
1979 йилда эгизаклар қайта топишгач Оҳайо штатида чиқадиган газеталардан бирида улар ҳақида мақола эълон қилинади. Кўп ўтмай эгизаклар ҳақида бошқа газеталар ҳам ёзиб чиқишади.
Шундан сўнг уларнинг тақдири генетика билан шуғулланувчи олимларни қизиқтириб қўяди. Миннесота университетида ишловчи руҳшунос олим Томас Бушер Жим Люис ва Жим Спрингердаги ирсиятнинг шахсият, қизиқишлар ва интеллектуал ривожланишга таъсирини ўрганиш учун уларни ўзи ишлаётган Миннесота университетга чақиради.
Люис ва Спрингер 1979 йил март ойида Миннеаполисга Бушернинг олдига келишади.
«Биз университетда бир ҳафта қолдик ва бу вақт давомида бир қатор синовлардан ва тестлардан ўтдик. Олимлар қон таҳлилларини ўтказишди. Рентгенограмма қилишди. У синовлар давомида акам билан мен алоҳида хоналарда ўтирдик, умуман мулоқот қилмадик», деган эди Жим Спрингер синовлар тугаганидан сўнг.

Олим эгизакларни иккита хонага киритиб синовни бошлар экан, уларга хаёлига келган нарсанинг суратини чизишни сўрайди. Таажжубланарлиси эгизакларнинг ҳар иккаласи битта нарсани чизади.
«Ушбу тажриба видеотасвирга ёзиб олинган. Бизни алоҳида хонага ўтқазишни ва хаёлимизга нима келса ўшани чизишни сўрашди. Мен одамни, тананинг контурларини чиздим. Улар шунчаки хаёлимга келганди. Тасаввур қилинг-а, Жим худди шу нарсани чизибди! У бошқа нарсани, масалан уйни ёки машинани тасвирлаши мумкин эди. Аммо иккаламиз бир хил нарсани чизганмиз», деганди Жим Спрингер.
Жим Спрингер университетда ўтказилган яна бир синовни эслайди. Олимлар эгизакларга бир хил расмни кўрсатади ва улар асосида ҳикоя ёзишни сўрашади.
«Улар бизга кўрсатган суратга асосланиб ҳикоя ёзишимизни сўрашди. Ҳикоянинг кириш қисми, ҳодисалар ривожи ва якуни бўлиши керак эди. Ҳикояни ёзиб бўлиб топширганимиздан сўнг иккаламиз ҳам уни бир хил ёзганимиз маълум бўлади. Ҳикоядаги воқеаларни ривожлантириш учун кўплаб вариантлар мавжуд эди. Бироқ биз бир хил йўлдан кетганмиз», дейди Спрингер.

«Агар мен эгизакларни кўрмаганимда ва улар ҳақидаги ҳикояни ўзидан эмас, бошқалардан эшитганимда, икки кишининг ҳаётида бунчалик кўп ўхшашлик бўлишига ишонмасдим», дейди Бушар.
Кўп ўтмай Бушар эгизаклар устида ўтказилган синов натижаларини эълон қилганда улар нафақат олимларни, балки йирик оммавий ахборот воситаларини ҳам ҳайратда қолдиради.
Шундан сўнг АҚШдаги кўплаб телеканал, газета ва журналлар Люис ва Спрингердан интервю олиш ва улар ҳаётининг ноёб тафсилотларини билишга ҳаракат қилишади.
Жим Люис ва Жим Спрингер ҳақидаги хабар шов-шув бўлар экан, Бушар бошчилигидаги олимлар эгизаклар ҳаётини тадқиқ қилиш дастурини тузишади. Сўнг бошқа эгизаклар устида ҳам тадқиқотлар ўтказа бошлашди.
Жумладан, 1979 йилдан 1999 йилгача 137 нафар эгизакларни синаб кўради. Синовлардан сўнг эгизакларнинг характери ва бошқа одатлари 50 фоиз ген туфайли, қолгани улар ўсаётган муҳитига боғлиқ экани маълум бўлади.
Орадан саккиз йил ўтгач, 1987 йилда Люис ва Спрингер янги тадқиқот учун Миннеаполисга қайтиб келишади. Бу сафар Бушер бошчилигидаги олимлар эгизакларнинг ёши кексайган сари улар қандай ўзгаргани ва бу ўзгаришлар Люис ва Спрингерда бир хил тарзда кечдими, йўқми шу билан қизиқишади.
Бу вақтга келиб, уларнинг ҳаётида жиддий ўзгариш бўлмаганди. Эгизаги билан топишгандан сўнг Жим Спрингер хотини билан ажрашиб, учинчи марта уйланганди холос.

Хотима
Эгизаклар топишгандан сўнг Жим Люис ва Жим Спрингер тез-тез учрашиб туришади. Улар ҳозир 83 ёшда (эгизаклар 2020 йилда ҳам тирик бўлишган, уларнинг вафот этгани ҳақида маълумот топилмади).
Жим Люис Элис шаҳрида, Жим Спрингер эса Дейтон шаҳрида яшайди. Улар кексайиб қолган бўлишларига қарамасдан ҳанузгача тез-тез дийдорлашиб туришади.
«Биз бир-биримизни ўрганишга вақт ажратмаймиз. Атрофдагилар буни қойиллатиб бажаришмоқда», дейди Жим Люис ҳазиллашиб.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!