
4 йил деганда мамлакатдан чиқди
Шимол етакчиси 4 йилдан буён мамлакатдан чиқмаётганди. 12 сентябр куни КХДР раҳбарининг зирҳли поезди Россиянинг Приморский ўлкасига кириб борди. Ҳа, икки давлат қуруқликда ўзаро чегарага эга ва самолётда учишни хушламайдиган (баъзи манбаларга кўра ҳайиқадиган) Ким асосий иттифоқчиси Россияга доим поездда ташриф буюради.
Россия 1 телеканалида айтилишича, Ким Чен Иннинг поезди Хасан чегара пунктини «ўта махфий тарзда кесиб ўтган». 11 сентябрда ҳам Шимол етакчисининг Россияга ташрифини тасдиқламаган Кремл расмийси Дмитрий Песков кейинроқ «Интерфакс» мухбирига Ким Чен Ин чиндан мамлакатда бўлиб турганини маълум қилган.
КХДР раҳбари мамлакат пойтахти Пхеняндан поездда йўлга чиқди. Уни кузатиб қўйиш жараёнидан суратлар Телеграф агентлиги (мамлакат бош ахборот агентлиги) томонидан эълон қилинди. Кадрлардан давлат раҳбарини кузатиш учун жуда кўплаб ҳарбийлар саф тортганини кўриш мумкин.
Очиқ манбаларга кўра, Ким Чен Ин коронавирус пандемиясида буён илк марта мамлакатдан ташқарига чиқмоқда. Шимолда касаллик аниқлангани ҳам узоқ вақт рад этилди, халқаро Covax дастури доирасида бепул вакцина бериш бўйича таклифлар ҳам мамлакат ҳукумати томонидан рад этилди. Улар хорижий мутахассислар мамлакатга инфекцияни олиб киришидан ҳайиққан.
2022 йил май ойигача Шимолий Кореяда коронавирус аниқлангани расман рад этилди, аммо кейинчалик барибир касаллик тарқалганини тан олишга мажбур бўлишди. Ўтган йил август ойида эса Ким Чен Ин Шимолий Корея коронавирусни енгганини эълон қилди. Шунга қарамай, мамлакатга кириш ва чиқиш яқин вақтларгача тақиқлаб қўйилганди. Авиапарвозлар очилганидан кейин илк самолётлардан бири AP нашрининг ёзишича, 12 сентябр куни Владивостокка учган. Катта эҳтимол, бу учоқ Россия ва КХДР етакчилари учрашадиган Владикосток шаҳрига шимолликлар делегациясини олиб учган.
Ким сафарга чиқиши ҳақидаги хабарга айнан қаерга йўл олаётгани айтилмаган, аммо АҚШнинг New York Times нашри у Путин билан Шарқий иқтисодий форум доирасида Владивостокда учрашиши ҳақида бир ҳафта аввал ёзиб чиққанди. Ташриф олдидан Россия томони ҳам, Шимолий Корея ҳам унинг қачон бўлиши ҳақида хабар беришмаган.
Музокараларда Шойгу ҳам қатнашади
Кремл расмий вакили Дмитрий Песков 12 сентябр куни ҳам Ким Чен Ин ва Путин қачон учрашиши ҳақида очиқ гапирмай, «шу кунларда» деб мужмал жавоб қайтарди. Песков фақат икки давлат етакчиси яккама-якка мулоқот ўтказишини айтди. Аммо мулоқот яккама-якка ўтмайдиган кўринади. Чунки Кремл расмий вакили кейинроқ музокараларда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам иштирок этишини айтди.
Ғарб махсус хизматлари маълумотларига кўра, Россия ва Шимолий Корея қурол-яроғ савдоси бўйича фаол мулоқот ўтказмоқда. Путин ва Кимнинг учрашувида Шойгу ҳам қатнашиши, икки ой аввал Россия мудофаа вазири Шимолдаги қурол кўргазмасига бориб келгани бу маълумотларни қайсидир маънода тасдиқлайди. АҚШда Шойгунинг июл ойидаги КХДРга ташрифини Россияга қурол етказиб бериш бўйича музокараларнинг бошланиши деб баҳолашганди.
Шимолий Корея Россияга қурол сотиш эвазига Россиядан энергоресурслар ва озиқ-овқат олишни режалаштираётган бўлиши мумкин. АҚШ агар КХДР Украинага қарши урушаётган Россияга қурол сотадиган бўлса, мамлакатга қарши янги санкциялар жорий қилишидан огоҳлантирди. Шунингдек, баъзи манбаларга кўра, Шимол қурол етказиб бериш эвазига Россиядан ҳарбий технологиялар олади.
КХДР қандай қуроллар бериши мумкин?
Bloomberg'нинг ёзишича, Шимолий Кореяда ҳозир Россия армияси эҳтиёж сезаётган миллионлаб ўқ-дори захираси бўлиши мумкин. Хусусан, 122 ва 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, 122 ммли ракеталар. Бундан ташқари, Россия КХДРдан совет даврида ишлаб чиқарилган Т-54 ва Т-62 танклари учун эҳтиёт қисмлар сотиб олиши ҳам мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Шимолий Корея бу қуролларни бериш эвазига пул ўрнига озиқ-овқат ва ҳарбий технологиялар, хусусан, сунъий йўлдошли ва атом сувости кемалари бўйича технологияларни олиши мумкин. Шимолга ҳозир нефт маҳсулотлари ҳам жуда муҳим. «Ким фуқаролик иқтисодиёти учун оладиган ҳар қандай ёрдам унга асосий ресурсларни ядро қуроли яратиш дастурига ишлатиш имконини яратади», деб ёзилади Bloomberg эълон қилган мақолада.
Икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш жуда осон кечади, чунки улар қуруқликдан чегарага эга бўлиб, маҳсулотларни темирйўлда ташиш мумкин. Шунингдек, денгиз йўли орқали ҳеч қандай халқаро сувликларни чиқмай маҳсулот етказиб бериш мумкин. Bloomberg экспертлари бу вазиятга АҚШ фақат Россияга санкцияларни кучайтириш ёки ўртага воситачи сифатида Хитойни аралаштириш орқали таъсир қила олиши мумкин деб ҳисобламоқда. Чунки айнан Хитой ҳар икки давлат ҳисоблашадиган асосий томон саналади.
Манба: Kun.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!