date

Аёллар мияси эркакларга нисбатан секинроқ қариши аниқланди

Аёллар мияси эркакларга нисбатан секинроқ қариши аниқланди

Норвегиянинг Осло университети олимлари томонидан ўтказилган кенг кўламли тадқиқот натижаларига кўра, эркаклар мияси аёлларникига қараганда тезроқ қарийди. Бу ҳақдаги илмий мақола Proceedings of the National Academy of Sciences (PNAS) журналида чоп этилган.

Тадқиқотда ёши 17 ёшдан 95 ёшгача бўлган 4 726 нафар соғлом инсон иштирок этган. Улардан жами 12 638 та МРТ тасвири олинган бўлиб, ҳар бир иштирокчи тахминан уч йил оралиқда икки марта текширувдан ўтган. Бу усул олимларга миядаги тузилмавий ўзгаришларни вақт давомида аниқ солиштириш имконини берди.

Мутахассислар бош мия пўстлоғининг қалинлиги ва майдони, шунингдек, оқ ва кулранг моддалар ҳажмини таҳлил қилган. Натижада маълум бўлишича, эркакларда мия ҳажми камайиши ва пўстлоқ юпқалашиши тезроқ кечади — айниқса кўриш ва хотира учун жавобгар бўлган ҳудудларда. Аёлларда эса фақат чакка соҳасининг кичик қисмида қариш аломатлари кузатилган.

Шу билан бирга, олимлар таъкидлашича, бу фарқлар катта эмас — пўстлоқ қалинлигининг йиллик ўзгариши ёшга нисбатан ўндан бир фоиз атрофида бўлган.

Тадқиқотчилар мия қаришига умр давомийлиги ва генетик омиллар қандай таъсир қилаётганини ҳам ўрганишди. Аёллар, одатда, эркакларга нисбатан узоқроқ умр кўради. Бу ҳисобга олингандан сўнг, мия қариши бўйича жинслар ўртасидаги фарқ деярли йўқолган.

Шу сабабли олимлар аёлларда Альцгеймер касаллиги кўпроқ учраши миянинг тезроқ қариши билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда. Бу ҳолат эҳтимол умр узунлиги, генетика ёки ташхис усулларидаги фарқлар билан изоҳланиши мумкин.

Тадқиқот раҳбари Анне Равндал шундай дейди:

“Биз аёллар мияси эркакникидан тезроқ емирилаётганини кўрсатадиган далил топмадик. Фарқлар жуда кичик ва асосий омиллар ҳаёт тарзи ҳамда ирсият билан боғлиқ.”

Олимлар эндиликда мия тузилишидаги ўзгаришлар инсон хотираси ва когнитив қобилиятларига қандай таъсир қилишини чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул Федерал университети олимлари Америка райҳони экстракти мия қариш жараёнини секинлаштириш ва оксидловчи стресс ҳамда яллиғланишни камайтиришга ёрдам бериши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Аёллар мияси эркакларга нисбатан секинроқ қариши аниқланди