
Қуйида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги урушга минтақа давлатлари қандай муносабат билдираётгани кўриб чиқилади.
Араб давлатлари лигаси раҳбари Аҳмад Абу ал Гейт Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тезда тугатишга чақирди. «Исроилнинг зўравонлик ва экстремизмга асосланган сиёсати секин ҳаракатланувчи бомбага ўхшайди. Айнан шундай сиёсат сабаб келажакда минтақадаги вазият барқарорлашишига жиддий умид қилиб ҳам бўлмайди», деган у.
Миср эскалация кучайиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида томонлар босиқликка чақирилган ва тинч аҳолини хавф остига қўйиб бўлмаслиги таъкидланган. Reuters манбаларига кўра, Миср ҲАМАС билан ҳам, Исроил билан доимий мулоқотда бўлиб турибди. Хусусан, фаластинликлар асир олган исроилликларни ҳимоя қилиш бўйича музокара бошлаган. Аммо манбалар Исроилнинг жавоб зарбалари музокараларни қийинлаштирганини айтган.
Миср Исроил каби Ғазо билан умумий чегарага эга. Ҳозирда Миср чегараси ҳам ёпилган ва ғазоликлар қамалда қолиб кетган. Одатда Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари айнан Миср чегараси орқали ўтади. Бу чегарада мисрлик ҳарбийлар ва анклавни тарк этиш истагидаги фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар ҳам бўлиб туради.
Баъзи манбалар Исроил ракета зарбалари бера бошлагач, Миср Ғазо билан чегарадан кунига фақат 2 минг киши ўтишига рухсат берганини ёзган. Ҳудудда эса 2 миллиондан ортиқ одам яшайди.
Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади вазият кескинлигини таъкидлар экан, Исроилнинг фаластинлик тинч аҳоли вакилларига берган зарбаларини қоралаган. Кейинроқ Иордания исроилликларга ёрдам бериш учун бораётган АҚШ ҳарбий самолётларига ўз авиабазалрига қўнишга рухсат бергани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам тарқалди.
Қайд этиш жоиз, Иордания ва Мирс ўтган аср охирларида минтақадаги Исроил билан тинчлик битими имзолаган дастлабки давлатлар бўлганди.
10 октябр куни Ливан ҳудудидан ҳам Исроил шимолига ракеталар отилгани айтилди. Мамлакатдаги «Ҳизбуллоҳ» шиалар радикал ҳаракати вазиятни жиддий кузатаётгани, ҲАМАСдагилар билан доимий алоқада бўлиб турганини маълум қилган. Гуруҳ саҳифаларида «Биз боряпмиз» деган ёзувли видео эълон қилинган. Аммо ҳозирча ушбу ҳаракат Исроилга жиддий зарба бергани ҳақида фактлар йўқ.
Ҳаракат ҲАМАСнинг зарбаларини Исроилнинг босқинчилик сиёсатига муносиб жавоб деб атаган ва бу Тел-Авив билан муносабатларни яхшиламоқчи бўлаётган давлатлар учун огоҳлик қўнғироғи эканини таъкидлаган.
Саудия Арабистони ҳар икки томонни тезда зўравонликни бас қилишга чақирган. Ар-Риёд Исроилни давлат сифатида тан олмайди, дипломатик муносабатлар ҳам йўқ, лекин охирги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар илиқлашаётганди. АҚШ воситачилигида Исроил ва Саудияни яраштириш бўйича мегалойиҳа ҳам тайёрланаётганди. Аммо уруш бошлангач, бу музокаралар музлатиб қўйилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди.
«Биз бир неча йўналишда зўравонлик кучайишига сабаб бўлган Фаластиндаги гуруҳлар ва босқинчи Исроил кучлари ўртасидаги аёвсиз воқеаларни кузатиб боряпмиз», дейилади Саудия ТИВ баёнотида. Шунингдек, Саудия томони Исроилнинг босқинчилик сиёсати ва фаластинликлар оддий ҳуқуқларидан маҳрум қилингани эскалация кучайишига сабаб бўлишидан бир неча марта огоҳлантирганини ҳам эслатган.
Саудия халқаро ҳамжамиятни масъулиятни гарданига олиб аввало тинч аҳоли хавфсизлиги таъминланадиган тинчлик учун ҳаракат бошлашга чақирган.
Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаийнинг маслаҳатчиси Раҳим Сафави фаластинлик жангчиларни Исроилга ҳужум бошлагани билан табриклади.
«ҲАМАСни Фаластин ва Қуддус тўлиқ озод қилунмаганига қадар қўллашда давом этамиз», деган у.

Abedin Tahrkenareh / EPA / Scanpix / LETA
Эрон ТИВ баёнотида ҲАМАС гуруҳининг ҳужумлари фаластинликларнинг Исроил босқини олдида қанчалик қўрқмас эканидан далолат экани айтилган. Кейинроқ Хоминаий ҳам ҲАМАСнинг ҳужумини олқишлади.
Маълумот учун, Эрон ва Исроил бир-бирини ўзининг энг ашаддий душмани деб билади. Эрон Исроилни давлат сифатида биринчилардан бўлиб тан олган, лекин 1979 йилдаги ислом инқилобидан кейин эронликлар Исроил билан барча алоқаларни узиб, ҳамон тиклагани йўқ.
Уруш бошлангач ҲАМАСни операцияга айнан Эрон тайёрлагани ҳақида айбловлар пайдо бўлди. Хусусан, АҚШнинг Wall Street Journal нашри Эрон инқилоб муҳофизлари кулчари август ойидан буён ҲАМАСни ҳужумга тайёрлагани, операция бошлашга Эрон раҳбарияти ҲАМАС билан Ливандан ўтган махфий учрашув вақтида рухсат берганини ҳақида ёзган.
Эрон ТИВ бу айбловларни рад этиб, Фаластиннинг ўзининг ҳам Исроилга қарши курашишга кучи етишини маълум қилган. Оқ уй ва Исроил ҳужумни ташкиллаштиришда ҲАМАСга айнан Эрон ёрдам бергани ҳақида ҳеч қандай исбот йўқлигини билдирган.

Wael Hamzeh / EPA / Scanpix / LETA
Кувайт томонлар ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни кескин қоралаб, Исроилни ошкора ҳужум уюштиришда айблаган. Кувайт халқаро ҳамжамиятни провокацион босқинчилик тажрибасини бас қилишга чақирган.
Марокаш қироллиги вазият ёмонлашганидан қаттиқ хавотир билдириб, қаерда бўлмасин тинч аҳолига ҳужумларни қоралашини маълум қилган.
Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин мухторияти маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос фаластинликлар Исроил террори ва босқинчилигидан ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтган.
Қатар ташқи ишлар вазирлиги эскалация ва зўравонлик давом этаётгани учун фақат Исроил жавобгар эканини билдирган. Қатар ҳар икки томонни босиқликка чақирган. Шунингдек, халқаро ҳамжамият Исроил бу вазиятдан Ғазо секторидаги фаластинликларга уруш очиш учун фойдаланишига йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлаган.

Hazem Turkia / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Туркия президенти Ражаб-Тоййиб Эрдўған исроиллик ва фаластинликларни вазият кескинлашмаслиги учун душманликдан тийилишга чақирган.
БАА ҳам томонларни босиқ бўлишга чақириб, қурбонлар яқинларига таъзия билдирган. БАА баёнотида Исроил манзилига айблов йўқ. Бунга 2020 йил икки давлат Доналд Трамп воситачилигида муносабатларини яхшилагани сабаб бўлиши мумкин.
Бошқалар нима деди?
АҚШ президенти Жо Байден тўқнашув бошланганидан кейин «Исроилга даҳшатли ҳужум ҳақида» мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан гаплашганини айтди.
«АҚШ шубҳасиз ҲАМАСнинг Исроилга даҳшатли ҳужумини қоралайди. Бош вазир Нетаняҳуга биз Исроил халқи ва ҳукуматига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр эканимизни айтдим. Терроризмни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. АҚШ «вазиятдан фойдаланиб қолиш пайидаги» Исроилга душманчилиги бўлган бошқа томонларни огоҳлантиради. Менинг маъмуриятим Исроилни қўллашига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади», деган Байден.

Roy Rochlin / Getty Images
Франция президенти Эммануэл Макрон твиттердаги саҳифасида Исроилга ҳамдард эканини ёзиб, «мамлакатга қарши террористик ҳужумни» кескин қоралашини айтди.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел тезда асирларни қўйиб юборишга чақирди ва бу халқаро ҳуқуққа зид эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСнинг ҳужуми нафақат Исроилга жиддий зарба бўлади, балки кескинликни ошириб, фаластинликлар зарарига ишлайди.

Урсула фон дер Ляйеннинг Twitter саҳифаси
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли қироллик ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралашини айтиб, Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини таъкидлади.
Швеция ва Испания ҳам ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралаган.

Boris Roessler / dpa / Scanpix / LETA
Украина президенти Володимир Зеленский биринчилардан бўлиб Исроилни қўллашини айтиб чиқди. «Исроилдан даҳшатли хабарлар келмоқда. Террорчилик акти оқибатида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Тартиб тикланиб, террорчилар йўқ қилинишига ишонаман. Бу террор инсониятга қарши жиноятдир. Дунё террор ҳеч қаерда ва ҳеч қачон инсонларга зарар келтирмаслиги учун бирлашиши керак. Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», деди Зеленский.
Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини танқид қилган. «ҲАМАС ва Исроил ўртасида тўқнашув «Қиёмат куни» урушининг 50 йиллигида содир бўлди ва буни тахмин қилиш мумкин. Мана Вашингтон ва иттифоқчилари нима билан шуғулланмоқда. Исроил ва Фаластин қарама-қаршилиги ўн йиллардан буён давом этмоқда. Ва бу ерда асосий ўйинчи АҚШ», деб якунлаган Медведев постини.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!