date

Россия ядро синовларига тайёргарлик кўришни бошлаши мумкин

Россия ядро синовларига тайёргарлик кўришни бошлаши мумкин

Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида президент Владимир Путинга Новая Земля архипелагида кенг кўламли ядровий қурол синовларини қайта йўлга қўйиш бўйича таклиф киритди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Белоусов таъкидлашича, АҚШ сўнгги йилларда қуролларни қисқартириш ва назорат қилиш бўйича халқаро келишувлардан босқичма-босқич чиқиб кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон стратегик ҳужум қуролларини фаол равишда модернизация қилмоқда ва бу жараён Москва учун янги ҳарбий хавф даражасини юзага келтирган.

«АҚШнинг бу ҳаракатлари Россия хавфсизлиги учун жиддий таҳдидни англатади. Шу боис биз ядровий салоҳиятимизни ҳар қандай шароитда тайёр ҳолда сақлашимиз, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида муносиб жавоб беришга қодир бўлишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, ядро синовларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман», — деди Белоусов йиғилишда.

Путин эса вазирнинг таклифига эҳтиёткорона муносабат билдириб, ҳозирча бу масалада аниқ қарор қабул қилмади. Давлат раҳбари Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва махсус хизматларга АҚШнинг ядровий фаолияти ҳақида қўшимча маълумот йиғишни, шунингдек, эҳтимолий амалий чора-тадбирлар бўйича келишилган таклифлар тайёрлашни буюрди.

Маълумот учун, Новая Земля полигонида охирги ядровий синов 1990 йил 24 октябрда ўтказилган. Шу йилнинг декабрида Россия ҳукумати бундай синовларга мораторий эълон қилган ва 1996 йилда Москва ҳамда Вашингтон Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномага қўшилган. Аммо икки давлат ҳам бу ҳужжатни ҳалигача ратификация қилмаган.

Сўнгги ойларда Россия ва АҚШ ўртасида ядро соҳасидаги тортишув яна кучайди. 2025 йил 26 октябрда Владимир Путин «Буревестник» қанотли ракета ва «Посейдон» номли учувчисиз сувости аппарати муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди. Ҳар икки тизим ядровий энергия қурилмалари билан жиҳозланган.

Бу хабардан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўз баёнотида Америка бошқа давлатлар билан «тенгма-тенг» шароитда ядровий қурол синовларини қайта бошлашга тайёргарлик кўраётганини айтди.

Шу тариқа, дунёда ядро қуроллари бўйича рақобат яна фаол тус олмоқда. Халқаро экспертлар бу жараённи янги қудратлар ўртасидаги «совуқ уруш»нинг эҳтимолий бошланиши сифатида баҳоламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ядро синовларига тайёргарлик кўришни бошлаши мумкин