00:30 / 27.10.2023
700

«Ҳизбуллоҳ» ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига қўшиладими?

Фото: Getty Images
Ливандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи шимолдан таҳдиди билан Исроилни тинч қўймаяпти. Шиалар гуруҳи ЦАҲАЛни Ғазода сунний ҲАМАСга қарши қуруқлик амалиётига тайёргарлик кўришдан ҳам чалғитмоқда, аммо улар ҳозирда тўлақонли иккинчи фронт очишга тайёр бўлиши даргумон, дейишмоқда экспертлар. Исроилга ҳам «Ҳизбуллоҳ» билан янги уруш керак эмас, аммо вазият исталган вақтда назоратдан чиқиб кетиши мумкин.

ҲАМАС ҳаракати аъзоларининг Исроилга қонли ҳужумидан буён икки ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. Ўшанда дарҳол барчанинг эътибори Исроилни йўқ қилиш ғояси бирлаштирадиган ҲАМАСга ҳам, «Ҳизбуллоҳ»га ҳам ҳомийлик қилувчи Эронга қаратилганди.

Эрон кўмагига таянадиган «Ҳизбуллоҳ» урушга кириши мумкинми? BBC шарҳловчиси Ксения Гогитидзе ушбу масалани таҳлил қилди.

7 октябрдан буён ушбу гуруҳ жангарилари ва Исроил ҳарбийлари ўзаро зарбалар алмашмоқда, аммо отишмалар ва тўқнашувлар кўламли сўнгги вақтларга қадар чекланган даражада қолаётганди.

Ўтган ҳафта охирида вазият кескинлашишда давом этди. Жума куни исроиллик расмийлар Ливан билан чегара яқинидаги Кирят-Шмон шаҳридан одамларни эвакуация қилиш бўйича топшириқ берди. Шанба куни «Ҳизбуллоҳ» бир вақтнинг ўзида Исроилнинг бир неча ҳарбий объектларига ҳужум қилди, исроилликлар авиацияси ва қуруқлик кучлари «Ҳизбуллоҳ» позициялари бўйлаб зарбалар йўллаш билан жавоб қайтарди. Отишмалар якшанба куни ҳам давом этди. Ливанликлар ҳам чегара ҳудудларни тарк этишга қарор қилган.

Яқин кунларда чегарадаги кескинлик даражаси ортиб бориши мумкин, аммо «Ҳизбуллоҳ» ҳеч бўлмаганда ҳозирча очиқчасига можарога қўшилмайди, деган хулосага келмоқда экспертлар.

ҲАМАС Исроилга ҳужум қиларкан, аввалбошдан минтақадаги бошқа радикал гуруҳлар, биринчи навбатда «Ҳизбуллоҳ»нинг ёрдамига умид боғлаганди ва ҳозирда ўзини ташлаб қўйилгандек ҳис қилмоқда, дея тахмин билдирган L’Orient-Le Jour газетаси.

ҲАМАС асосчиларидан бири бўлган Холид Машал ўтган ҳафтада «Ҳизбуллоҳ»га қилаётган ишлари учун миннатдорчилик билдирди, аммо бу «етарли эмаслиги»ни қўшимча қилди.

Нимани сўнгги томчи дейиш мумкин?

«Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг 2023 йил майидаги машғулотлари

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» Исроил маълум бир «қизил чизиқ»ни кесиб ўтмагунича можарода бевосита иштирок этишдан манфаатдор эмаслигини билдирган, лекин бу нимани англатишига аниқлик киритилмаган.

Саудиядаги нашрлар «Ҳизбуллоҳ»га яқин манбаларига таянган ҳолда қуйидагиларни қизил чизиқлар деб ҳисоблаш мумкинлигини тахмин қилган: 1) Ғазода қуруқлик амалиёти бошланиши; 2) қурбонлар сони ақлга сиғмас даражада ошиб кетиши; 3) гуруҳнинг Эрон «қаршилик ўқи» таркибига кирувчи раҳбарларидан бири ўлдирилиши; 4) «Ҳизбуллоҳ» позицияларига ҳужумлар.

Можарога кириш ёки кирмаслик тўғрисидаги қарор Байрутда эмас (бу ердаги Ливан расмийлари уларга навбатдаги уруш керак эмаслигини қайта ва қайта таъкидлашган), балки Теҳронда қабул қилинади. Ливанда анча вақтдан буён сиёсий ва иқтисодий инқироз давом этмоқда, мамлакатда эса ўн йилдан ортиқ вақт давомида кучли шиалар гуруҳ ҳукмронлик қилмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» Эроннинг рухсатисиз урушга қўшилиши даргумон. Ислом республикаси эса ҳозирча кутишни афзал кўрмоқда.

Тел-Авив университети профессори ва Исроил Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти (INSS) илмий ходими Раз Зиммтнинг фикрича, Эроннинг қўли боғлиқ ва икки ёмондан бирини танлаши керак.

«Мен Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти қизил чизиқ ҳисобланишига ишонмайман. Бу катта эҳтимол биз ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ва сиёсий раҳбариятга ҳақиқий хавф туғдирадиган нуқтага етганимизда рўй беради. Эрон иккита ёмон вариантдан бирини танлашига тўғри келади. Агар у ҳеч қандай чора кўрмаса, бу Исроилни ҲАМАСга янада кўпроқ зарар етказишга ҳамда Эроннинг қаршилик ўқи заифлигини фош этишга ундайди. Шу билан бирга, агар Эрон «Ҳизбуллоҳ»ни фаоллаштирса, Исроилнинг кенг кўламли жавоб зарбалари гуруҳнинг стратегик имкониятларига улкан зарар етказади», — дея экспертнинг сўзларини келтирган Haaretz газетаси.

«Ҳизбуллоҳ» Исроил билан охирги бор 17 йил муқаддам уруш қилганди ва шундан буён ҳарбий салоҳиятини оширган бўлса-да, ҳозирда ғалаба қозонишига кўзи етмаган можарога аралашишни истамаяпти.

Экспертлар «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ жамоатчиликка кўриниш бермаётганига ишора қилмоқда ва буни можарога қўшилиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаганининг белгиси сифатида ҳисобламоқда.

Эрон ва минтақавий уруш

Исроил ва Ливан ўртасидаги чегарада отишмалар, зарбалар алмашинуви ва кичик тўқнашувлар тез-тез учраб турибди
Фото: EPA

«Ҳизбуллоҳ» Исроил билан 2006 йилда катта уруш қилганди. 34 кунлик ҳарбий ҳаракатларда 160 нафардан ортиқ исроиллик ва 1200 дан ортиқ ливанлик ҳалок бўлган. Можаро БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси қабул қилиниши билан якунланган, икки томон ҳам ўз ғалабаси ҳақида эълон қилганди.

Вашингтондаги Яқин Шарқ институтининг катта илмий ходими Фирас Максаднинг айтишича, 2006 йилги уруш Исроилга ҳам, «Ҳизбуллоҳ»га ҳам қимматга тушган ва томонлар кейинги йилларда яна катта тўқнашувлар юзага келишининг олдини олишга қаттиқ уринган.

Шундан буён Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида норасмий равишда ўзаро манфаатли келишув тузилган: жангарилар Исроилни тинч қўяди, Исроил ҳам Ливан бўйлаб зарба йўлламайди.

Можаро чегарадаги кичик тўқнашувлар ва отишмалардан нарига ўтмаган. Ўтган вақт ичида томонлар бир-бирини тийиб туришга асосланган нисбатан барқарор мувозанатга эришган.

Ҳозирда — 17 йил ичида илк бор — статус-кво хавф остида қолди, кескинлик кучайиб бормоқда, кескинлик қанчалик ошса, томонлардан бирининг асаблари дош бермасдан, бошқасига истаганидан кўпроқ босим ўтказиб юбориши эҳтимоли ҳам шунчалик юқори бўлади.

«Биз ўзаро тийиб туришга уриниш ўйини гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу хавфли, чунки ҳар икки томон ҳам бир-бирини тийишга уринаётган ва кенг кўламли можарони истамаётган бўлса ҳам, бу ҳаракатлар айнан шунга олиб бориши мумкин», — дея Фирас Максаддан иқтибос келтирган Independent.

Теҳронда Исроилга қарши акция иштирокчилари ушбу давлат байроқларига ўт қўймоқда

2006 йилги урушдан кейин «Ҳизбуллоҳ» ўз ракета арсеналини сезиларли даражада кучайтирган, унинг жангчилари эса Суриядаги урушда ҳарбий тажриба тўплаган.

Исроил армияси имкониятлари «Ҳизбуллоҳ» жангарилариникидан кўп марта устун бўлишига қарамай, агар асосий ҳомийси Эрон шундай қарор қабул қилса, гуруҳ можарога тортилади.

Таҳлилчилар аввалроқ Эрон аллақачон ҳозирги эскалациядан ўзи истаган барча нарсани олгани ва ҳозирча барчасини ўз ҳолида қолдиришга қарор қилганини таъкидлаганди.

Эрон ҲАМАС ҳужумига тўғридан тўғри алоқадор бўлмаса ҳам, бу Ямандан Ироқ, Сурия, Ливан ва Ғазо секторига қадар бўлган Эрон қаршилик ўқининг муваффақияти сифатида эътироф этилган.

Эрон АҚШ томонидан ташкиллаштирилган Исроил-Саудия Арабистони ўртасидаги тинчлик музокаралари барбод бўлишига эришди. ҲАМАС ҳужумидан кейин эса Эрон президенти Иброҳим Раисий инқирозли вазиятни ўзининг минтақадаги асосий рақиби, Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан телефон орқали муҳокама қилди.

«Уруш аллақачон Эроннинг минтақадаги мавқейи ва қудратини мустаҳкамлаган ва «Ҳизбуллоҳ»нинг унга қўшилиши бу устунликларнинг барини йўққа чиқариши мумкин», дея ёзади Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти ходими Ҳанин Гаддар.

Беқарорлик ўчоғи Эроннинг фойдасига хизмат қилади, аммо ислом республикаси якунда АҚШ ҳам қўшилиши мумкин бўлган очиқ конфронтацияни хоҳламайди.

Эрон ўзининг омон қолиши учун курашиши талаб этиладиган вазиятга тушмагунича урушга кирмайди, деб ҳисоблайди Ҳанин Гаддар: «Масала шундаки, ўз ҳарбий кучини камайтириб, «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги устунлиги ва таъсирини қурбон қилишга тайёрми? Токи уруш Эрон режими учун экзистенциал можарога айланмас экан, Теҳрон бундай қадам ташлаши даргумон».

Тийиб туриш ва аста-секин эскалация тактикаси

«Ҳизбуллоҳ» сафларида 60 минг жангчи бор

«Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг Ғазо секторига бостириб киришини тўхтатишдек қийин мақсадига эришиш учун аста-секинлик билан кучаювчи эскалацияни афзал кўради, дейди Карнеги Яқин Шарқ маркази илмий ходими Моханад Хаге Али.

«Моссад»нинг собиқ юқори мартабали мулозими ва Исроил Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ директори ўринбосари, ҳозирда Исроил миллий тадқиқотлар институтида (INSS) ишловчи Сима Шайн экспертнинг фикрига қўшилади:

«Улар [“Ҳизбуллоҳ”] эътиборни чалғитмоқчи. Уларнинг асосий мақсади — биз Ғазога кирмаслигимиз учун қўлидан келадиган барча ишни қилиш. Ҳозирги босқичда бу очиқ урушга олиб бора олмайди».

«Ҳизбуллоҳ» Исроил бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаши Исроил учун қизил чизиқ ҳисобланади, дея фикр билдирган у французларнинг Le Monde нашрига.

Ушбу гуруҳ кўпроқ кучини кўрсатиш ва Исроилни тийиб туришдан манфаатдор. Агар Исроил билан барибир очиқ уруш бошлангудек бўлса, бу икки мақсадга ҳам эришиб бўлмайди.

«Агар Ливанда уруш бошланса, у ҳолда «Ҳизбуллоҳ» яксон этилади, Эрон эса асосий тийиб туриш воситасини йўқотади», — дея Американинг Atlantic Council таҳлил маркази эксперти Николас Бланфорднинг сўзларини келтирган Al Jazeera.

2006 йилдан буён ҳаракат Эрон ёрдамида ўзининг ракета арсеналини анчагина кучайтириб олган, айрим маълумотларга кўра, яқин ва ўрта радиусда ҳаракатланувчи 150 000 минг (таққослаш учун 17 йил муқаддам уларнинг сони 14 минг бўлган), шунингдек, узоқ масофага ҳаракатланувчи ва нишонга аниқ етиб борувчи юзлаб ракеталарга эга.

Аммо, Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти эксперти Ҳанин Гаддар таъкидлаганидек, гуруҳнинг кучи ҳам шунда — тийиб туриш учун доимий кескинлик даражасини сақлаб қолиш. Агар ҳозир у ўз ракеталарини сарфлаб юборса, бу устунлик йўқ бўлади, захираларни тўлдиришга йиллар кетади, Эрон эса келгусидаги вазият учун жиддий таъсир воситасини йўқотади.

«Ҳизбуллоҳ» тарафдорлари гуруҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг портретларини кўтариб чиқишлар қилмоқда, аммо унинг ўзи ҳозирча кўриниш бермади. Фото: EPA

АҚШ «Ҳизбуллоҳ» томонидан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидни жиддий қабул қилди ва «Дуайт Эйзенҳауэр» ҳамда «Жералд Форд» авиаташувчиларини Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмига юбориб, бу орқали «Ҳизбуллоҳ» ва унинг ортида турган Эронни эскалация оқибатларидан огоҳлантирди.

Шу билан бир вақтда, АҚШ исроилликларни ҳам вазминликка чақирган.

New York Times маълумотига кўра, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант «Ҳизбуллоҳ»га олдини олувчи зарбалар йўллаш тарафдори бўлган, аммо Америка ҳукумати уни бундан қайтарган.

«Ҳизбуллоҳ» очиқ урушдан қочишни истайди ва бунда Ливаннинг ички муаммолари ҳам алоҳида ўрин тутади. Улар мамлакат вайрон бўлиши учун айб ўзларига юкланишини яхши тушунишади.

Ливаннинг ички муаммолари

Байрутда Исроилга қарши намойиш

«Ҳизбуллоҳ»ни Ливаннинг амалдаги ҳукмдори деб билишади. Қуролланган гуруҳ соядаги иқтисодиётни назорат қилади, ўз армияси ва ракеталар арсеналига эга ҳамда Эрон билан келишган ҳолда мамлакат ташқи сиёсатини белгилаб беради.

Аммо гуруҳнинг позицияси 2022 йилги сайловлардан кейин сезиларли даражада заифлашган. Сўнгги йилларда у ўзининг кўплаб тарафдорларини йўқотди, мамлакатдаги вазият аянчли ҳолатга келиб қолганида ва 2020 йилда Байрут портида рўй берган вайронкор портлашда айнан «Ҳизбуллоҳ» асосий сабабчи сифатида қаралади.

Ливан аҳолисининг катта қисми ҳаддан ташқари қашшоқлик ёқасида яшайди, инфратузилма вайрон бўлган, мамлакат 90 млрд доллар миқдорида қарзга ботиб, банкрот бўлган.

«Ҳизбуллоҳ» таянчи бўлган Ливан шиалари орасида ҳам норозилик ўсиб бормоқда. 2019 йилда ҳукуматга қарши намойишларга ҳаракатнинг кўплаб тарафдорлари ҳам қўшилган ва клептократия ҳамда ўзгармас ҳокимиятга чек қўйишни талаб қилишганди.

Уруш бошланадиган бўлса норозилик янада кўпроқ бўлади. Гуруҳни шусиз ҳам заиф мамлакатни уруш домига тортишда айблашади.

«Бу шусиз ҳам ҳафсаласи пир бўлган шиаларни ҳимоя қилиш ва қайта жойлаштиришдаги муваффақиятсизликни фош қилади ва гуруҳ урушдан кейин мамлакатни тиклаш кафолатларини таъминламасдан кенг кўламли урушга кираётганини кўрсатиб беради », — дея фикр билдиради Ҳанин Гадар.

2006 йилги урушдан кейин Ливаннинг тикланиши учун маблағ Форс кўрфази давлатлари томонидан берилган, Эрон эса гуруҳни таъминлаш ва қуроллантиришда давом этган. Ҳозирда кўрфаз давлатлари яна ёрдам қўлини чўзишига кафолат йўқ, Эроннинг молиявий имкониятлари эса чекланган.

Уруш намойиш ва тартибсизликларни юзага келтириши мумкин. Чегара ҳудудларда истиқомат қилиб келаётган Ливан шиалари асосан христианлар ва сунний мусулмонлар яшовчи шаҳарларга кўчирилиши эса мазҳаблараро зиддиятлар келтириб чиқариши муқарра.

Аллоҳнинг партияси

«Ҳизбуллоҳ» ёшлар билан фаол ишлаб, уларга радикал ҳаракат қадриятларини сингдиради

«Ҳизбуллоҳ» («Аллоҳнинг партияси») Эроннинг молиявий кўмагида ва Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари қўллаб-қувватлови билан 1982 йилда, Исроилнинг Ливанга бостириб киришига жавобан ташкил этилган. Вақт ўтган сари «Ҳизбуллоҳ» ҳарбийлашган тузилмадан Ливан жамиятида фаол иштирок этувчи сиёсий кучга айланди ва 2005 йилда ташкилотнинг сиёсий қаноти парламентга кирди.

«Ҳизбуллоҳ»нинг ўз шифохоналари, мактаблари ва ёшлар учун дастурлари мавжуд.

2006 йилдан «Ҳизбуллоҳ» Эроннинг минтақадаги асосий армиясига айланган. «Ҳизбуллоҳ» жангарилари минтақадаги (Сурия, Яман ва Ироқ) Эронга алоқадор гуруҳлар билан бирга ҳарбий тайёргарликдан ўтади. Гуруҳ таркибидаги жангчилар сони 60 минг кишига баҳоланган.

«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий қаноти дунёнинг кўплаб мамлакатлари — АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия, Миср, Исроил, Канада, Нидерландия ва бошқа давлатларда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган.

Эрон ҳомийлиги остида ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ», «Фаластин ислом жиҳоди» ва бошқа гуруҳлар бир неча йил олдин Бирлашган фронт доктринаси тузишган. Унинг тузилишидан мақсад Исроилни тийиб туриш бўлган. Мазкур доктринага кўра, гуруҳлардан бири экзистенциал таҳдидга учраса, бошқа гуруҳлар уни қўллаб-қувватлаш учун келиши керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё