17:33 / 22.11.2023
624

“Ҳамма биладиган катта сир”. Исроилда ядро қуроли борми?

“Ҳамма биладиган катта сир”. Исроилда ядро қуроли борми?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилда ядро қуроли борлигини текширишга чақирди. Хўш, бу чақирув нимани англатади, Исроилнинг ядро қуроли борлиги тасдиқланиши минтақадаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?

Kun.uz Ғазодаги уруш ҳақидаги таҳлилий суҳбатларидан навбатдагисида ҲАМАС ҳаракати ва араб дунёси ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, Исроилнинг ядро дастури ҳақида сўз юритилди. Суҳбатдошлар – Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар Фарҳод Каримов ва Шавкат Икромов.

 ҲАМАСга нисбатан араб давлатларида қандай муносабат шаклланган, муносабатнинг тарихий илдизлари ва сабаблари нима?

Фарҳод Каримов: Араб дунёсида ҲАМАСга нисбатан муносабат шаклланишида асосий омил қўллаш ёки қўлламаслик масаласи бўлган. Фаластиннинг ўзи иккига – ФАТҲ ва ҲАМАСга бўлинган. Минтақа давлатларининг кўпи ФАТҲни қўллагани учун ҲАМАС ўзига ташқаридан ҳомий излаган, шунинг учун “Ҳизбуллоҳ”, Эрон билан ҳамкорлик қилган. Араб давлатлари кейинчалик ҳам ҲАМАСни қўллашни истамаган. Бу нарса икки ташкилот характери билан ҳам боғлиқ. ФАТҲ босиқлик билан иш юритишни танлайди, ҲАМАС эса куч ишлатишни.

ҲАМАСнинг ўзи ҳам араб давлатлари билан муносабатларни унчалик тан олмаган, уларнинг Ғарб ва Исроилга яқинлигини кечиролмаган, десак ҳам бўлади. ФАТҲ эса доимий равишда минтақа давлатлари ва бошқалар билан мулоқотда бўлиб, муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга уринган.

Шавкат Икромов: ҲАМАС ҳаракати фаоллашувига қадар Фаластинда Мусулмон биродарлар ва Ад-Жиҳод ҳаракатлари бор эди. Уларнинг мақсади ислом халифалиги ташкил қилиш эди ва шу орқали Исроилга қарши курашмоқчи эди. Исроил 1987 йилга қадар бундай гуруҳлар билан дипломатик келишувлар қилишга ҳаракат қилган. Бу дипломатиядан мақсад – Фаластин озодлик ташкилотининг Исроилга қарши режаларига қайсидир маънода жавоб бериш эди. Аммо бу икки гуруҳ ҳам минтақада ўз позициясини ушлаб туролмади.

ҲАМАСнинг 36 боблик дастури бор. Жиҳод шиори ҳам бор унда. Улар Исроилни тан олмаган ҳолда, унинг ҳудудларини қўшиб олиб, исломий давлат тузишларини айтади. Араб давлатлари билан муносабат ҳам мана шу позициядан келиб чиқади. ҲАМАСга, яъни Ғазога яқин жойлашган араб давлатлари ҲАМАС билан мулоқотда эҳтиёткор бўлади ва уни қўлламасликка ҳаракат қилади. ҲАМАСдан узоқдаги араб давлатлари, яъни Саудия, Қатар каби давлатлар уни қўллайди. Қатар очиқча қўллайди, Саудия эса ҳар хил дипломатик каналлар орқали қўллайди.

Баҳрайн, БАА давлатлари ҲАМАСнинг ҳаракатларини қоралайди. Чунки Исроил билан катта иқтисодий алоқалари, бундан ташқари, АҚШнинг катта имтиёз ваъдалари бор. Аммо охирги кунларда БААда ҳам, Баҳрайнда ҳам Исроилга нисбатан муносабат қаттиқлашиши фонида ҲАМАСга нисбатан позиция бироз юмшаганини кўришимиз мумкин.

Қатар ҲАМАСни қўллайди ва ўзининг араб дунёсидаги машҳур “Ал-Жазира” телеканалини ҲАМАСга минбар сифатида тақдим этган. Умуман, ҲАМАС ва араб давлатлари муносабатлари жуда чигал. ҲАМАС омили айрим араб давлатларини бирлаштираётган бўлса, айримларини айирмоқда.

 Араб давлатларининг Исроилни блокада қилишга қарши қандай мотивлар мавжуд?

Шавкат Икромов: Блокада масаласида ҳам иккига бўлинишди. Ўзи араб давлатлари ҳақида машҳур бир жумла бор: “Араб давлатлари ҳеч қачон келишмасликка келишиб олишган”.

Исроилни блокада қилиш – узоқ вақтли ва амалга ошириш қийин бўлган нарса. Барча араб давлатларининг Исроил ва унинг ҳомийси бўлган АҚШ билан бир қатор келишувлари борки, булар блокада сабаб бузилади. Масалан, Миср блокадага қўшилмаслиги аниқ, чунки Мисрнинг ҳозирги ҳокимиятини тутиб турувчи асосий куч АҚШ ҳисобланади. Саудиянинг ҳам қўшилмаслиги эҳтимоли юқори, чунки АҚШ билан катта иқтисодий лойиҳалари бор.

Юқорида айтганимдек, яқинлик даражасига қараб давлатлар позицияси ҳар хил. Масалан, Марокаш, Яман кабилар блокадани қўллайди, ўзлари чақириқлар қилади. Улар минтақадан узоқда бўлгани учун у ердаги инқироз кучли таъсир қилмайди уларга. Иордания, Сурия, Ливан каби чегарадош давлатлар блокада масаласида эҳтиёткор, миллий хавфсизлигига таъсири бўлиши мумкин.

Араб давлатлари 70-йилларда нефт инқирозини келтириб чиқара олганини яхши биламиз. Шу каби вариантлар ҳам айтиляпти. Аммо бу жуда қийин, ундан бери дунё янгиланди, муносабатлар ўзгарди. Шунинг учун блокада масаласи узоқ вақтли ва чигал масала ҳисобланади. Асосийси, бирликка эришиш қийин.

 Эрдўған Исроилнинг ядро қуроли мавжудлигини текшириш кераклигини айтди. Исроилда ушбу қурол мавжуд бўлиши мумкинми? Бу янги ядро пойгасини келтириб чиқармайдими?

Фарҳод Каримов: Расман ядро қуроллари бор бўлган давлатлар рўйхатга олинган ва МАГАТЭ ташкилоти бу қуролларни назорат қилиб боради, бошқа комиссиялар ҳам бор бу бўйича. Таҳлилчилар орасида Исроилда ядро қуроли бор-йўқлиги масаласида “ҳамма биладиган катта сир” деган қараш бор.

Инфратузилма нуқтайи назаридан Исроилда ядро қуроли яратиш учун барча имкониятлар бор. Атом ва ядро билан ишлаш, уранни бойитиш ва қуролни сақлаш бўйича яхшигина инфраструктураси бор. Шунча имконияти бўла туриб, шулардан фойдаланмаганмикан, деган табиий савол туғилади, албатта.

Исроил минтақада араб-мусулмон цивилизацияси ўртасига тушиб қолган. Шу сабабли ўзини ҳимоя қилиш, сиёсий восита сифатида фойдаланиш учун бу имкониятни Ғарб ва АҚШ тақдим этган бўлиши мумкин. Эрдўған ҳам бу масалани энди кўтараётгани йўқ, олдин ҳам айтган. Исроилга таъсир ўтказиш мақсадида айтилди бу гаплар. Бу ерда мақсад Исроил ядро қуроли бор-йўқлигини исботлаш эмас. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун таъсир чоралари изланяпти. Туркиянинг бу таклифи, албатта, қандайдир маълумотларга таянилган.

Агар Туркия таклифи билан текширув бошланса, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига катта таъсир ўтказилади. Ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатиб қўйилиши мумкин. Айтганимдек, бу ердаги мақсад урушни тўхтатиш, ядро қуролини аниқлаш эмас.

Исроилда ядро қуроли расман аниқланса, бу нарса дунёдаги вазиятга таъсир қилмайди. Чунки айтганимдек, бу – “ҳамма биладиган катта сир”. Яъни кўпчиликда бу тахмин бор эди ва дунё бунга тайёр.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё