3 декабрда Дубайда ўтаётган халқаро иқлим саммитининг 4-куни якунланди. Саммитнинг асосий мавзуси соғлиқ ва иқлим ўзгариши ўртасидаги боғлиқликка қаратилди. Бунда тропик касалликларнинг тарқалишига сабаб бўладиган иссиқдан ноқулай иқлим келтириб чиқарадиган зарарларгача муҳокама қилинди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг“Иқлим ўзгариши ўлимга сабаб бўлишига ишончимиз комил бўлиши учун иқлим ўзгариши ўлимга олиб келади деган гувоҳнома бўлиши шарт эмас”, – деди ЖССТнинг иқлим ва саломатлик бўлими бошлиғи Диармид Кемпбелл-Лендрум.
Янги декларация қабул қилинади
70га яқин давлат ва 39та ташкилот уруш ва глобал исиш ҳалокатга олиб келган жойлар учун иқлимга мослашишга қаратилган молиявий ёрдам пакети бўйича декларацияни қўллаб-қувватлади. "Иқлим, Ишонч, Соғлиқ ва Тинчлик декларацияси" деб номланган ҳужжат иқлимга мослашиш учун молиявий кўмак ва чидамлиликни оширишни мақсад қилади.
International Alert ташкилотининг ижрочи директори Ник Хейли бу декларацияни “тўғри йўналишдаги катта қадам” деб айтиб, COP29’да уруш ва иқлим ўзгариши кўпроқ муҳокамалар қилиш кераклиги ва бу глобал иқлим бўйича музокараларнинг ажралмас қисми бўлиши кераклигини айтди.
Ноқулай об-ҳаводан аҳолини эрта огоҳлантириш тизими
БМТ маълумотига кўра, фавқулодда об-ҳаводан эрта огоҳлантириш тизимидан 2015 йилдагига қараганда 2 баробар кўпроқ мамлакат фойдаланяпти. 2023 йил март ойи ҳолатига кўра, дунёда 101 ҳудудда эрта огоҳлантириш тизими бор ва бу ўтган йилгидан 6 тага кўп. Саммит давомида бу тизим учун Швеция 5,3 миллион евро, Дания 5,4 миллион евро ва Франция 8 миллион евро ажратишини эълон қилди.
Маълумот учун, ўтган йили БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш кейинги 5 йилда ер юзидаги ҳар бир киши фавқулодда ҳолатларда эрта огоҳлантириш тизими билан ҳимояланишини айтганди.
Иқлимга мослашиш ҳақида
Саммитда америкалик бизнесмен Билл Гейтс ҳам ўз нутқи билан иштирок этди. У иқлим учрашувида соғлиқ масаласи учун битта кун ажратилиши ҳаяжонли эканини айтиб, иқлимнинг инсонлар ҳаётига қандай хавф солишини тушунтириб берди.
"Юқумли касалликлар дунёнинг илгари учрамаган жойларида пайдо бўляпти, сув тошқинлари кўпроқ чивин пайдо бўлиши ва диареяга олиб келяпти, деҳқонлар эса иссиқ сабаб олдингидан кам ҳосил оляптилар", – деди Гейтс.
Шунингдек, Гейтс инсоният иқлим ўзгаришига мослашмаса, қандай йўқотишлар қаршисида туриши ҳақида ҳам маълумот берди.
"Иқлим ўзгаришига мослашиш механизми йўқлиги туфайли кейинги 20 йилда 5 миллион киши вафот этиши мумкин. Агар етарли пул бўлса, 25 миллон кишининг ҳаёти вакцина сабаб ва 20 миллион киши ОИВдан қутқариб қолинади", – деди у.
COP28 президенти яна танқид қилинди
Саммитда COP28 президентлигига тайинланган Султон Ал-Жобир нутқи норозиликларга сабаб бўлди. У қазиб олинадиган ёнилғилардан воз кечиш талаби ортида илмий асос йўқлигини айтди.
“Ёнилғилардан воз кечишга тикланадиган энергия манбалари руҳсат бермайди. Ёки сиз дунёни ғор даврига қайтишини хоҳлайсизми”, – деди у.
Унинг бу гапи жуда кўп норозиликларни келтириб чиқарди. Антонио Гуттериш бу гап “ақл бовар қилмайдиган даражада муҳокамали” ва “иқлимни инкор қилиш” деб атади.
Маълумот учун, 30 ноябрда Дубайда бошланган COP28 12 декабргача давом этади.