Бир йил муқаддам, Чонг Пекинга борганида, унга хитойликларнинг хорижликлар учун энг олий мукофоти тақдим этилган, раис Си Чонг билан — ўртоқ ва биродарлиги, уларнинг мамлакатлари «тоғлар ва дарёлар билан боғланган лаблар ва тишлар каби яқинлиги»ни айтганди.
Сининг ташрифи вақтида Ветнам Хитойнинг «Муштарак тақдир ҳамжамияти»га қўшилиши эълон қилиниши кутилмоқда — бу Хитой ташқи сиёсатининг кўпроқ рамзий концепцияси бўлиб, Америка марказлашган дунё тартибига қарши шакллантирилган.
Бу Хитойга АҚШ билан Ветнам учун курашда яна бир қадам олдинга юриш имконини беради.
Сентябр ойида, Жо Байденнинг Ханойга ташрифи вақтида АҚШ кутилмаганда Ветнам билан муносабатларни «ҳар томонлама стратегик шериклик» даражасига кўтараётганини эълон қилганди. Бу эса Ветнам хорижий шерикларининг путха тузилган иерархиясида АҚШни Хитой билан бир даражага қўярди.
Сининг ташрифи вақтида Хитой Ветнамга темирйўлларни модернизация қилиш, жумладан Хитой жанубидан Ветнамнинг Хайфон портигача бўлган линияни қуришда ёрдам таклиф қилади. Бу линия Ветнамнинг ноёб металлар конлари жойлашган ҳудуди бўйлаб ўтади. Хитой — бошқа нарсалар қатори қуёш батареялари ва электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бундай металларнинг энг йирик харидори саналади.
Хитой ва Ветнам раҳбарлари Жанубий Хитой денгизи сувларига эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича баҳс, шунингдек икки мамлакатнинг 1970-1980 йиллардаги мураккаб муносабатлари (бу 1979 йил чегарадаги ҳудуд учун кенг кўламли уруш бошланишига олиб келган ва минглаб аскарлар ҳалок бўлганди) ҳақида ҳеч бўлмаганда омма қаршисида гаплашмаслиги тайин.
Ветнам томони «шимолнинг минг йиллик истилоси» деб аталадиган узоқ ўтмишдаги давр ҳақида, шунингдек хитойликларнинг Меконг дарёсидаги тўғонлари ва уларнинг қурилишининг Ветнам қишлоқ хўжалиги учун оқибатларини ҳам эслатиб ўтирмайди.
Аммо бу мавзулар Ветнамда норасмий даражада — интернетда муҳокама қилинади, бу макон Хитойдаги каби қатъий назорат қилмайди.
«Биз шунчаки тинчлик хоҳлаймиз, шундай экан, раис Си келмаслиги керак», — деб ёзган фейсбукнинг ветнамлик фойдаланувчиларидан бири. «Агар Си Жинпинг „тўққиз штрихли линия“ни олиб ташласа, мамлакатларимиз дарҳол биродарлашади», — дейди бошқаси.
Хитойнинг қўшнилари хитойликлар Жанубий Хитой денгизи сувларида даъво қилган ҳудудларини белгилаш учун ўтказган чизиқларни «тўққиз штрихли линия» деб атайди.
Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари орасида айнан Ветнам жамоатчилигида Хитойга қарши кайфият кучли. Аввалига француз колонизаторлар, кейин эса америкаликлар ҳайдаб чиқарилган ушбу мамлакатда миллатчилик туйғулари кучли, шу билан бирга шимолдаги йирик қўшнига нисбатан анъанавий қўрқув ҳам бор.
Сўнгги йилларда Ветнамда Хитойга қарши намойишлар ва ҳатто тартибсизликлар ҳам рўй берган. 2014 йилда шундай тартибсизликлар вақтида бир неча киши ҳалок бўлиб, бир қанча фабрикалар вайрон қилинган. Бунга Ветнам ўзиники деб ҳисоблайдиган сувларда Хитой нефт платформаси ўрнатилгани сабаб бўлганди. Бир неча йил олдин эса Ханойдаги айрим дўконларда бу ерда фақат маҳаллий маҳсулотлар сотилиши, хитойликларнинг маҳсулотлари билан савдо қилинмаслиги тўғрисида эълонлар жойлаштирила бошлаган.
Сўнгги вақтларда икки мамлакат расмийлари ҳам халқни ғазаблантирмасликка ҳаракат қилмоқда, аммо Хитойга қарши кайфият учқуни туташда давом этмоқда ва исталган дақиқада аланга олиши мумкин. Хитойнинг Ветнамда истеҳзо билан «сигир тили» (қуйидаги суратда) деб аталадиган «тўққиз штрихли линия»сига нисбатан ҳис-туйғулар шу қадар кучлики, бу йил ҳукумат унда Хитой даъволари акс этган харита кўрсатилгани учунгина «Барби» филмини мамлакат ҳудудида намойиш этишни тақиқлаб қўйди.
Ветнам Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасидаги инвестиция таклифларига қизиқиш билдирмайди — бунинг сабабларидан бири аҳоли Хитойнинг мамлакатга иқтисодий таъсири кучайиб бораётганидан шусиз ҳам норози.
Ва бу таъсир жуда катта — аҳоли қандай фикрда бўлишидан қатъи назар Ветнам раҳбарияти алоқаларни хавф остига қўйиши учун жуда катталик қилади.
Хитой — Ветнамнинг энг йирик савдо ҳамкори: савдо ҳажми йилига 200 млрд долларни ташкил этади. Хитой — Ветнамга тўғридан тўғри инвестицияларнинг асосий манбайи ҳисобланади.
Ветнам Хитой қарамлигини камайтиришни истаётган Америка компаниялари учун муқобил ишлаб чиқариш ҳабига айланиши мумкинлиги тўғрисидаги барча гап-сўзларга қарамай, Хитойнинг Ветнамга инвестициялари ҳажми америкаликларникидан солиштириб бўлмас даражада кўп.
Бундан ташқари, Хитой инвестицияларининг бир қисмининг кириб келишига Пекин ва Вашингтон муносабатларидаги мураккаблик сабаб бўлган: Хитой компаниялари америкаликларнинг савдо тўсиқларини айланиб ўтиш учун ишлаб чиқаришни Ветнамга кўчириб ўтказа бошлаган.
Савдо ва инвестициялардан ташқари Хитой ва Ветнамни мафкуравий яқинлик ҳам боғлайди. 70 ёшли раис Си ҳам, 79 ёшли бош котиб Чонг ҳам — ғарб демократик қадриятларини қабул қилмайдиган, партия мамлакатдаги сиёсий ҳаётни темир йўл билан назорат қилиши керак деб ҳисоблайдиган авторитар ҳукмдор ва кекса коммунистлардир.
Аммо уларнинг стратегик ҳолати тубдан фарқланади.
Хитой — АҚШ бошчилигидаги бир қутбли дунё тартиботига қарши чиқишга ва ўз минтақасида ҳукмрон кучга айланишга аҳд қилган ўсиб бораётган қудратли давлатдир.
Ветнам эса — ўртача кучга эга бўлган мамлакат. Ветнам аҳолиси — 100 миллион киши, ҳудуди — тахминан Германияникига тенг, шу билан бирга у анча камбағал давлат саналади: киши бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Хитойдан қарийб уч баробар камроқ кўрсаткичга эга.
Ханой Хитой ва АҚШ, шунингдек Ветнам билан азалдан илиқ муносабатларга эга бўлган Россия рақобатлашувида мувозанатни сақлаб, имкон қадар кўпроқ фойда чиқариб олишга ҳаракат қилади.
Нгуен Фу Чонг буни «бамбук дипломатияси» деб атайди, бу тўртта «йўқ»қа асосланган мослашувчан ташқи сиёсат: ҳарбий иттифоқларга кирмаслик, қандайдир мамлакатнинг учинчи томон билан низосига қўшилмаслик, хорижий ҳарбий базаларга рухсат бермаслик, ташқи муносабатларда куч қўлламаслик.
Яъни, Ветнам сиёсатининг маъноси — ҳамма билан дўст бўлиш ва ҳеч ким билан душманлик қилмасликдадир. Шу билан бирга, Хитой Ветнамнинг АҚШ билан муносабатлари борасида ҳеч қандай иллюзияга берилмайди: бу аниқ — ветнамликлар Хитой таъсиридан ва Хитойнинг минтақадаги қатъий сиёсатидан суғурталанишни истайди.
Ветнам раҳбарияти нуқтайи назарига кўра, Хитой кўплаб тенг дўстлар орасида биринчи бўлиши керак. Аммо Хитой-Ветнам муносабатлари ҳозирги воқеалар асири бўлиб қолмоқда: бу алоқалар Жанубий Хитой денгизидаги навбатдаги кескинлашув ёки Хитойнинг Ветнам ўта ноаниқ деб топадиган ҳаракатлари туфайли бирданига ёмонлашиши ҳеч гап эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг