ҲАМАС ҳаракати 13 октябрь, душанба куни эрталаб 7 нафар исроилликни асирликдан озод этиб, уларни Халқаро Қизил Хоч қўмитасига топширди, деб хабар берди маҳаллий манбалар. Маълумотларга кўра, ушбу шахслар 737 кун давомида асирликда бўлишган.
Озод этиш жараёни Ғазо сектори шимолидаги Нецарим коридорида бошланган. Бир неча соат ўтиб, жанубдаги Хон-Юнус шаҳрида гаровга олинганларни озод қилишнинг навбатдаги босқичи амалга оширилиши белгиланган.
Маълум қилинишича, озод этилган исроилликлар Исроил мудофаа кучларига (ЦАҲАЛ) топширилиши керак. Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга кўра, асирликда ҳалок бўлганларнинг жасадлари тирик гаровда бўлганлар озод этилгандан кейин 72 соат ичида қайтарилиши лозим.
Гаровга олинганларнинг оилалари аввалроқ Исроил жанубидаги Реим ҳарбий авиабазасига етиб келган. Озод этилганлар тиббий кўрикдан ўтиб, шундан сўнг яқинлари билан кўришиши кутилмоқда. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари озод этишдан бир неча соат аввал асирлар билан учрашиб, уларнинг айримлари оғир аҳволда эканини маълум қилган, деб ёзади Исроилнинг “Едиот аҳронот” нашри.
Айни пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп гаровдагиларни озод этиш маросимига етиб келгани маълум қилинди. Трампнинг айтишича, у кейинчалик Мисрга бориб, тинчлик келишувини имзолашда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Associated Press агентлиги ёзишича, ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш — таклиф қилинган тинчлик режасининг илк қадами ҳисобланади. Шу билан бирга, кейинги босқичларга оид айрим баҳс ва келишмовчиликлар ҳали ҳам сақланиб турибди. Бу ҳолат можаро ҳақиқатан ҳам тугагани ёки йўқлиги борасидаги ноаниқликни кучайтирмоқда.
Шундай қилиб, икки йилга яқин асирликдан сўнг, 7 нафар исроилликнинг озод этилиши Ғазо минтақасидаги узоқ йиллик низога нисбатан эҳтимолий янги саҳифани очиши мумкин. Аммо тинчлик йўлидаги бу ҳаракатлар қанчалик самарали бўлишини вақт кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!