
Хитойнинг Аньхой провинциясида минглаб автомобиллар мамлакатдаги энг йирик йўл тўлов пункти — Учжуан бекатида узоқ тирбандликда тўхтаб қолди, деб маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Ҳаракат ҳар икки йўналишда ҳам 36 та қатнов бўлагига бўлинганига қарамасдан, саёҳатчилар бир неча соатлаб тирбандликда туришга мажбур бўлишди.
Тирбандлик Миллий байрам ва Куз ўрталари фестивали муносабати билан 8 кунлик таътилнинг сўнгги кунида юзага келди.
Энг кучли тирбандлик G40 (Шанхай–Сиан) ва G42 (Шанхай–Чэнду) миллий автомагистраллар чорраҳасида кузатилди.
Учжуан бекати бир ҳафта давомида 860 мингга яқин автомобилни қабул қилди, кунлик ўртача ҳаракат ҳажми 120 мингга етди, бу одатдагидан уч баробар кўпдир.
Тирбандлик оқибатида одатда 10 соат давом этадиган саёҳат 16 соатга чўзилди.
Йўллардаги ҳаракатни тиклаш мақсадида 60 дан ортиқ эвакуация ва қутқарув машиналари жалб этилди.
Шунингдек, 20 та навбатчи бригадалар магистрал бўйлаб жойлаштирилди.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, таътил кунларида бутун мамлакат бўйлаб 2,43 миллиард минтақалараро саёҳат амалга оширилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.