22:54 / 22.12.2023
492

Украинада чиндан ҳам 2024 йил учун уруш режаси йўқми?

Фото: Getty Images
Украина қуролли кучлари келгуси йил ҳарбий ҳаракатларни қандай олиб бормоқчи ва қандай ресурсларга умид қилмоқда? Қанчалик ғалати кўринмасин, бу саволга аниқ жавоб йўқ.

Ҳукуматга яқин айрим сиёсатчилар бундай режа йўқлигини айтишмоқда, аммо BBC Украина хизматининг Бош штабдаги манбаси бундай ҳужжат мавжудлиги, аммо фронтдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда унга доимий равишда ўзгартириш киритилаётганини қайд этишган.

Ноябр ойи охирида «Слуга народа» партиясининг Олий Рададаги фракцияси раҳбари, миллий хавфсизлик ва мудофаа бўйича қўмита аъзоси Давид Арахамия гўёки Бош штабда кейинги йил учун «уруш режаси» йўқлигини айтганди.

«Дарвоқе, биз қўмитада уни анчадан буён кутяпмиз… Бундай режа ҳеч кимда йўқ», — деган у телебошловчи Наталя Мосейчукка берган интервюсида.

«Режа» йўқлиги ҳақидаги тезисни Арахамиянинг қўмитадоши ва фракциядоши Маряна Безуглая илиб олди. Депутат сўнгги ойларда фаоллик билан бош қўмондон Валерий Залужнийни танқид қилмоқда ва уни алмаштиришга чақирмоқда.

Унинг талқинига кўра, бу ҳужжат «ўйланган ишлар режаси» дейилади ва уни гўёки Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ишлаб чиқиши ҳамда тақдим этиши лозим.

«Ҳа, Украина ҚК бош қўмондони 2024 йилга ўйланган ишлар режасини тақдим эта олмади. На катта, на кичик, на ассиметрик ва на симметрик [ҳеч қандай режа йўқ], — дея ёзди депутат ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, — Ҳарбийлар шунчаки ойига камида 20 минг кишини йиғиш кераклигини айтшимоқда. Бу муаммо ёзда ҳам, штаб йиғилишида ҳам ва парламентда 2024 йил учун бюджетни режалаштиришда ҳам кучайиб борди».

Безуглая ҳарбий раҳбариятни ўз лавозимларини тарк этишга чақирган.

«Слуга народа» фракцияси депутати Маряна Безуглая бош қўмондон Залужнийни 2024 йил учун «уруш режаси йўқлиги»да айблаб танқид қилганди. Президент Зеленский офиси унинг баёнотлари шахсий позицияси эканини билдирган

Президент офисидагилар депутатларда ҳарбий раҳбарият алмаштирилиши ташаббуси билан чиқиш ваколати йўқлигини билдиришган. Бундай ваколат фақат олий бош қўмондон Володимир Зеленскийда мавжуд.

«Депутатлар у ёки бу ҳарбийнинг истеъфоси ташаббуси билан чиқа олмайди… Албатта, Безуглая хоним Миллий мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида тегишли лавозимни эгаллаган ва тегишли баёнотлар билан чиқади. Аммо яна бир бор қайд этаман — бу президент офисининг ёки шахсан президентнинг расмий баёноти ҳисобланмайди ва шунинг учун расмий баёнотни кутиш керак», — деган президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Радио НВ» эфирида.

У шунингдек, ҳарбий ва сиёсий раҳбарият ўртасидаги можаролар фақат Россияга фойда келтиришини таъкидлаган.

Режа бўлиши керакми ўзи?

Раданинг Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг бошқа аъзолари эса у қадар қатъий эмас.

Қўмита котиби Роман Костенко Бош штабда кейинги йил учун ҳаракатлар режаси борлиги, аммо улар махфийлиги ҳамда фақат Олий бош қўмондонлик штабида очиқланиши мумкинлигини айтади.

«Голос» фракцияси вакили Соломия Бобровская қонунчиликда «уруш режаси» номли ҳужжат йўқлиги, шунинг учун уни тақдим этишни талаб қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Миллий хавфсизлик бўйича қўмитанинг яна бир аъзоси Сергей Рахманин мудофаа амалиётлари олиб бориш бўйича барча зарур стратегик ҳужжатлар уларни таҳрир йилиш ваколатига эга бўлган Олий бош қўмондонлик штабида муҳокама этилишини билдирган.

«Штаб қароргоҳида ваколат, шунингдек кампанияни қандай режалаштириш, стратегик операцияларни режалаштириш, қўшинларни гуруҳлаш вазифалари, ресурсларни тасарруф этиш каби функциялар мавжуд», — деган депутат BBC Украина хизматига.

«Голос» партияси депутатлари, мудофаа қўмитаси аъзолари Сергей Рахманин (чапда) ва Роман Костенко. Улар қўмондонликда 2024 йил учун уруш режаси йўқлиги ҳақидаги гапларга қўшилмайди ва Рада қўмитасида умуман бундай даражадаги махфий ҳужжатга кириш имкони йўқлигини айтишади

Қонунчиликка кўра, дея қайд этади у, штабнинг иш инструменти ва стратегик режалаштиришнинг «асосий органи» Украина қуролли кучлари бош штаби саналади. Табиийки, бош штаб айнан Олий бош қўмондон штаби талаби билан Мудофаа кучларидан фойдаланишнинг стратегик режасига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Рахманин ҳарбий қўмондонликнинг стратегик режалари ҳеч қачон Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қўмитаси учун очиқ бўлмаганини айтади: «Унинг (қўмита, — Таҳр.) бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу унинг ваколатида эмас ва ҳатто бизда бундай истак бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким бизга мажбур эмас ва бизга бу режани тақдим этмаслиги керак».

BBC Украина хизмати аниқлик киритиш учун парламент хавфсизлик қўмитаси раҳбари Олександр Завитневич билан боғланган, аммо ундан жавоб келмаган.

Собиқ бош қўмондон — Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Виктор Муженко ҳам BBC учун интервюсида қонунчиликка кўра, фақат «мудофаа режаси» бўлиши, «уруш режаси» бўлмаслигини тасдиқлаган.

«Украина мудофаа режаси бор. Бу деярли барча вазирликларга — ташқи ишлар вазирлигига ҳам, ички ишлар вазирлигига ҳам, иқтисодиёт, молия ва бошқа давлат идораларига ҳам тегишли кенг қамровли ҳужжатдир. Ва буларнинг барчаси Мудофаа вазирлиги томонидан Украинанинг мудофаа режаси деб аталадиган, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилишида кўриб чиқилиб, президент томонидан тасдиқланадиган ягона ҳужжатда тузилади», деганди у.

Фото: EPA

Аммо маълум нуқтайи назардан Украина қуролли кучлари учун ҳаракат режаси деб ҳисобланиши мумкин бўлган яна бир ҳужжат бор. Гап «Қуролли кучлардан фойдаланишнинг стратегик режаси» ҳақида бормоқда.

Уни бош штаб ишлаб чиқади, бош қўмондон имзолайди, мудофаа вазири билан келишилади ва президентга тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Шунга кўра, юқорида келтирилганлардан бошқа амалдорлар бу ҳужжатдан бохабар бўла олмайди.

«Шунда Олий Радага ёки миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича қўмитага қандай ҳужжат тақдим этилиши керак? Ҳозир улар айтаётган гаплар шунчаки нопрофессионализм ҳам эмас, бу — вазиятни ва стратегик режалаштириш масаласини умуман тушунмасликдир. Шу туфайли бундай ҳужумларнинг барчаси — қандайдир ахборий амалиёт элементи», — деб ҳисоблаганди Муженко.

Қонун нима дейди?

Қонунчиликка кўра, бош штаб «стратегик режа лойиҳаси»ни, шунингдек қуролли тажовузни қайтаришда Украина қуролли кучларидан фойдаланишнинг «стратегик режаси»ни ҳам ишлаб чиқиши керак.

Президент Зеленский 2020 йил мартидаги фармони билан Бош штаб тўғрисидаги низомга шундай ўзгартириш киритган эди.

Украина қуролли кучлари олий бош қўмондони томонидан тасдиқланадиган «Миллий хавфсизлик тўғрисидаги» қонунда «бирлашган кучларни қўллаш режаси» тушунчаси ҳам мавжу. Аммо, у энди долзарб эмас, чунки кенг кўламли уруш бошлангач, Бирлашган кучлар (бу Донбассда локал уруш олиб борган гуруҳ эди) амалиётлари тўхтатилган.

Энг муҳим ҳужжат — «Украина мудофааси режаси» ҳисобланади, у президент томонидан Россиянинг 2022 йил 24 феврал кунги кенг кўламли босқини бошланганида амалга киритилган.

Фото: Getty Images

Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий сиёсат ва стратегик режалаштириш департаменти раҳбари Олег Мелихов 2023 йил июнида «АрмияИнформ»га берган интервюсида ушбу режа айнан вазирлик мутахассислари томонидан ишлаб чиқилганини қайд этганди.

Департамент раҳбари Зеленский уруш даврида тўпланган тажрибани инобатга олган ҳолда «мудофаа режасини аниқлаштириш» бўйича кўрсатма берганини ҳам таъкидлаганди.

Унинг сўзларига кўра, «аниқлаштириш» устида ҳам вазирлик мутахассислари ишламоқда.

Бош штабнинг собиқ полковниги, ҳозирда эса Мудофаа стратегиялари маркази эксперти Виктор Кевлюк яна бир муҳим ҳужжат — Стратегик мудофаа амалиётлари концепциясига ишора қилади.

У бош штаб бошлиғи томонидан Украина мудофаа режаси асосида, Ҳудудий мудофаанинг умумий режасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Амм, экспертнинг сўзларига кўра, бу ҳужжат аллақачон ишлаб чиқилган ва уруш бошидан буён амал қилади.

«Эрта тонгда (24 феврал куни, — Таҳр.) бизнинг авиация аллақачон ҳавода эди, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз душман ҳужумларидан моҳирлик қочиб қолди ва параллел равишда имкон доирасидаги барча нишонларни уриб туширди, яъни Бош штаб Стратегик мудофаа амалиётлари режасини нафақат ишлаб чиқарган, балки қўшинлар олдига ҳам вазифа қилиб қўйганди», — дея қайд этган Кевлюк «Левий берег» нашри учун мақоласида.

Демак, режа борми?

BBC маълумотига кўра, бош қўмондон куздаёқ Украина қуролли кучлари ва мудофаа кучларининг бошқа таркибий қисмларидан фойдаланиш бўйича стратегик режага тузатиш ҳақидаги таклифларини Олий бош қўмондон штабига тақдим этган. Улар вақти-вақти билан фронтдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва ўзгартирилади. Шундай қилиб, «2024 йил учун уруш режаси йўқлиги» ҳақидаги гаплар — сиёсатчиларнинг уйдирмаси, дейди бош штабдагилар.

Шу билан бирга, ушбу таклифларни ишлаб чиқишда муаммолар пайдо бўлган, чунки Украина келгуси йилда қанча қурол ва снаряд олишини аниқ билмасдан, тўғри ҳисоб-китобларни амалга ошириши имконсиз.

«НАТО давлатларида ҳарбий амалиётлар ресурслардан келиб чиққан ҳолда режалаштирилади. Бизда эса мақсадлардан келиб чиқиб режалаштиришга уринишади», — дейди нашр суҳбатдоши.

Экспертларнинг баҳолашича, сентябрдан буён ғарб Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини сезиларли даражада камайтирди. Украина қуролли кучларига аввалгидан анча кам қурол ва техника келмоқда ва кейинги йилда бу ёрдам янада камайиши хавфи бор.

Бош штабдаги манба воқеаларнинг бундай ривожини ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий ҳаракатлар бўйича аниқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш қийинлиги — ва буни «ҳарбий раҳбарият тўғри тушуниши, Украина сиёсий раҳбарияти ҳам тушуниши кераклиги»ни айтади.

Мудофаа вазири Рустем Умеров ва Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний

Яъни, ҳарбийларда барча режалар мавжуд, аммо уларнинг амалга оширилиши кўплаб омилларга боғлиқ: хориждан келадиган ёрдамдан тортиб сафарбарликкача. Охиргисида ҳам катта муаммолар бор — сафарбарлик режалари бажарилмаяпти, қўшинларда тайёр жангчилар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Бироқ, мудофаа қўмитаси аъзоси Сергей Рахманин бу тезисга қўшилмайди. Унинг фикрича, Украина қуролли кучларининг стратегик режаларини шакллантириш ва тузатишлар киритиш ғарбнинг келгуси йил учун ҳарбий ёрдами ҳажми аниқ бўлмаган ҳолатда ҳам амалга оширилиши лозим: «Режалаштириш доим бўлиши керак, режалаштириш мунтазам олиб борилиши керак… Агар сиз режалаштирмасангиз, сиз нафақат урушда ғалаба қозона олмайсиз, балки урушни олиб бора олмайсиз ҳам».

6 декабр куни мудофаа вазири Рустем Умеров Американинг Fox News телеканалига берган интервюсида Украина 2024 йил учун уруш режасига эгалиги ҳақида айтди.

«Бизда режа бор. Биз ҳудудларимизнинг 50 фоизини оккупациядан озод этдик, биз Россияни ўз еримизда енгамиз, биз ҳудудларимизни қайтарамиз, уларни озод этамиз. Ва ҳозир бизда 2024 йил учун режа бор», — деганди у.

19 декабр куни йил якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Россия фронтда бирорта ғалабага эриша олмаганини айтган президент Зеленский BBC мухбирининг «Украина урушни ютқаза бошладими?» деган саволига кескин оҳангда «Йўқ» деб жавоб берди. У 2022 йилда ҳам мамлакат жуда қийин вазиятга тушиб қолгани, аммо блокадани енгиб ўтган ҳарбийлар катта ерларни қайтиб олганини эслатди.

«Ҳа, ғалабанинг баҳоси жуда катта, бизда муаммолар борлигини тан оламан. Масалан, танкка қарши артиллерия снарядлари етишмаяпти. Уруш, ғалаба, турғунлик – булар кўп нарсаларга боғлиқ, аммо энг кўп бизга, ўзимизга боғлиқ. Бардошли бўлсак, бу урушни тезроқ якунлаймиз», деди президент. Зеленский уруш ҳақида тахминларни айтаётганлар аслида у қачон тугашини билмаслиги, бу ҳақда умуман ҳеч ким билмаслигини айтди. Шунингдек, руслар Украинани жуда тез енгишни мақсад қилгани, аммо бунга эриша олмаганини эслатди.

Олдинроқ Зеленский келгуси йил учун режанинг бир жиҳатини очиқлаганди — ҳавода устунликка эришиш: «Биз ерда ва денгизда кучлимиз, аммо биз ҳаводаги жангда ҳам ғолиб келишни, россияликларнинг ҳаводаги устунлигини йўққа чиқаришни истаймиз. Осмонни ким назорат қилса, ўша урушнинг давомийлигини ҳам назорат қилади. Ва биз 2024 йилда ўз позициямизни мустаҳкамлаймиз».

У бошқа тафсилотларни очиқламаган.

Бошқа томондан, Украина ҳали бу режаларни ҳамкорлар билан ҳам муҳокама қилиши ва келишиши керак бўлади.

Шу кунларда ғарб матбуоти Украина ва АҚШ келгуси йил учун янги уруш стратегиясини тайёрлаётгани ҳақида ёзганди. Юриш жуда секин кечаётгани туфайли Вашингтон украин ҳарбийлари билан кўпроқ ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказишга қарор қилган ва Киевга генерал Антонио Агутони юборган.

BBC маълумотига кўра, у Киевда украин қўмондонлиги билан 2024 йилга мўлжалланган стратегияга тузатишлар киритиш бўйича маслаҳатлашувларни бошлаган.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада чиндан ҳам 2024 йил учун уруш режаси йўқми?