15:14 / 24.12.2023
350

Россия нимани афзал билади: ишончга кириш ёки куч ишлатиш?

Россия нимани афзал билади: ишончга кириш ёки куч ишлатиш?

“Муаммо йўқ эди. Энди бўлади” — Путин Финландиянинг НАТОга аъзолиги ҳақида орадан қарийб 8 ой ўтиб муносабат билдирди. Хўш, НАТО ва Россиянинг тўқнашув эҳтимоли қанчалик реалликка яқин? “Геосиёсат” шу ва бошқа саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Сайфиддин Жўраев ва Камолиддин Раббимовга юзланади.

— Финландиянинг НАТОга киришига асос бормиди?

Сайфиддин Жўраев: — Финландиянинг НАТОга қўшилиши кутилмаган ҳодиса эмас. Нейтрал давлат бўлса ҳам, Финландия катта рол ўйновчи давлат бўлмаган, фақат олдиндан Россиянинг таъсир қилиш доирасида жойлашган. Охирги воқелар, яъни Россиянинг Украинага уруши, дунёда Россияга нисбатан салбий муносабат кучайиши каби омиллар ортидан Финландия сиёсий элитаси НАТОга киришга қарор қилишига олиб келди.

Фарҳод Толипов: — Финландия ва Швециянинг НАТОга киришини 2 хил ёндашувда кўриб чиқиш мумкин. Биринчиси “фитна назарияси”, яъни Россияни ҳарбий қуршаб олиш, ҳарбий заифлаштириш, Путиннинг ўзи ҳам шуни таъкидлади. Иккинчи ёндашув эса форматив ёндашув, бунда фақат Финландиянинг ички омиллари ётади, финлар ҳам ўзини европалик деб билиши, сўровномалар натижаси, қолаверса, ЕИ аъзоси бу давлат. Фақатгина НАТОга қўшилиши қолганди, муқаррар эди бу воқелик.

Нейтраллик позицияси 21-асрда ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Финландия учун ҳам бу позиция муҳим ҳисобланмаган бўлиши мумкин. Швеция ва Финландиянинг НАТОга кириши айнан Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари фонида бўлди. Финландияга умуман тахдид бўлмагандир, лекин умумий Европага таҳдид бўлгани учун ҳам шу қарорга келишган бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Финландия собиқ иттифоқ мавжуд бўлган, совуқ уруш бўлган пайтлар ҳам НАТОга кирмаганди. Ҳозир кираётганига сабаб шуки, собиқ иттифоқда Сталиндан сўнг коллегиал бошқарув бор эди, битта одамга боғлиқ эмасди, СССРнинг режаларини олдиндан билиш мумкин эди. Аммо ҳозирги вазиятда Путин Украина ва Европани алдади, бостириб кирмайман, деди, лекин бостириб кирди. Бугунги Россия сиёсий элитасида ташқи дунёни алдаш махсус операция сифатида кўрилади.

Россия Украинага бостириб киргунча 30-40 фоиз финландияликлар НАТОга киришни ёқлаган бўлса, уруш бошлангач 70 фоиздан ошди. Россия сиёсатчилари айтаётган гап ҳақиқат бўлавермайди, улар истаганча алдаши мумкин. Кеча Путин ҳеч қачон НАТО билан урушмаймиз, деди, лекин бундан Германия чўчиб кетди, чунки Путин нимаики деётган бўлса, у махсус операция бўлиши мумкин, деган хулосага келинган.

Сайфиддин Жўраев: — Сиёсатда ваъдалар, қандайдир чақириқларга ишониб бўлмайди. Ҳар 30-40 йилда дунёда геосиёсий тартиб ўзгаради. Ҳозир айнан ўзгариш жараёнлари кетяпти.

Ижтимоий сўровномалар, жамоатчилик фикрига унчалик ҳам ишонмайман мен, чунки ижтимоий кайфият жуда тез ўзгаради. Ҳамма нарса миллий манфаатлардан келиб чиқади. Финландия ва Россия ўртасидаги алоқалар икки давлат учун, иқтисодиёт учун доим фойдали бўлган. Лекин энди Финландия учун ЕИ ва НАТО фойдалироқ бўлиши мумкин, Украинадаги ҳолат шунчаки баҳона бўлиши ҳам мумкин.

— Путин қарийб 8 ойдан сўнг муносабат билдиряпти. Россия Украинада позицияларини мустаҳкамлагани, асосий эътибор у ердан олингани учун шундай қиляптими?

Сайфиддин Жўраев: — Путиннинг кечаги баёноти Россия учун ҳам, Европа учун ҳам муҳим. Бундай қарорга бир кунда келинмайди, ўрганишлар натижасида бўлади. Биринчидан, Россия вазиятни ўрганиб, хавфга нисбатан тайёргарлик кўриб бўлди; иккинчидан, Россиянинг обрўси яна кўтарилди, уни танқид қилишлар камайди, бу ҳам Путинга далда беряпти; учинчидан эса АҚШнинг ичидаги жараёнлар, Яқин Шарқдаги вазият Россиянинг кучайишига олиб келди, буни инкор қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, Россия ўтган вақт ичида иқтисодиётни ҳарбий комплексни кучайтиришга йўналтирди.

Россия Украинани бутунлай йўқ қилмоқчи эмас, ўз мақсадларига мос келмайдиган жиҳатларни йўқ қилмоқчи. Энди сулҳ тузадиган бўлса, Россия фойдасига бўлишини билади. Умуман, Россия учун қулай вазият пайдо бўляпти ва у шундан фойдаланиб баёнот берди.

— Германия яқин 5-8 йил ичида Россиянинг НАТОга ҳужум қилишидан хавотирда деган хабарлар пайдо бўлди. Геосиёсий жараёнлар тўқнашув нуқтасига шунчалик яқинми?

Камолиддин Раббимов: — Финландия ва Швециянинг НАТОга кириши Болтиқ денгизини тўлиқ НАТОнинг ички денгизига айлантирди. Болтиқбўйидан бемалол фойдаланиш учун Россия 300 йилдан бери курашади, тарихда биринчи марта бу денгиз Россия учун буткул ёпилди. Албатта, Путин буни қабул қилолмайди.

Украинага Ғарбдан ёрдам кечикяпти, АҚШда кейинги йил сайлов — шу каби муаммолар бор. Энг асосий муаммо шуки, Россия постсовет ҳудудида давлатларнинг миллий танлови бўлмаслиги керак, деган сигнал бўляпти. Ўтган йили декабрда Путин АҚШ, Ғарб давлатлари, НАТО ва постсовет давлатларига ултиматум қўйди, яъни постсовет давлатлари Ғарб билан ўзлари истаган шаклда ҳамкорлик қилиши мумкин эмас, деган шарт қўйди. Путин тафаккурига кўра, биз геосиёсий мустақиллик ҳақида орзу қилишимиз мумкин эмас. Миллий манфаат ҳамма давлатда бор. Россия муносабатларда ишонч қозониш, ресурс таклиф этишни эмас, куч ишлатишни танлайди. Бу эса 21-аср дипломатиясига тўғри келадиган иш эмас.

Германия нега қўрқяпти? Чунки Путин шу кунга қадар айтган гапларини амалга оширишга ҳаракат қилди. Россия Украина уруши сабаб маълум бир қийинчиликларга кирди, Путин ва унинг давлатчилиги бу вазиятга мослашди, энди кейинги қадамларни ташламоқчи. Германия Литвага иккинчи жахон урушидан кейин биринчи марта ҳарбий базасини жойлаштиряпти. Чунки Путиндан қўрқиш феноменал даражада юқори.

Сайфиддин Жўраев: — Болтиқбўйи давлатлари ҳам тўлиқ НАТО доирасидаги ҳудуд бўлиши мумкин, лекин ҳалича ундай эмас, у ерда денгиздаги нейтрал ҳудудлар ҳам бор. НАТОда ҳам, Россияда ҳам ядро қуроллари бор, агар уруш бошланса, икки томон ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин, шунинг учун уруш бўлмайди деб ўйлайман. Ядро қуроли орқали тахдид қилиш кабилар бўлиб туради, давлатлар характерига мос нарса бу.

— Ғарб давлатларидаги Россия активлари музлатилган. Ўша активларни Украина фойдасига ўтказиш мумкин, деган гаплар ҳам бор. Агар шундай бўлса, Россия жавоби қандай бўлади?

Сайфиддин Жўраев: — Бу пулларни шунчаки ўтказиб бўлмайди. Агар ўтказган тақдирда актив сақланаётган ўша давлатнинг банк тизимига ишончсизлик пайдо бўлади. Бундан ташқари, Россия ҳудудида ҳам худди шундай бошқа давлатларнинг активлари, объектлари бор, Россия ҳам уларни ўтказиб олиши мумкин. Шунинг учун бу гапларни шунчаки босим, қўрқитиш дейиш мумкин. Активларни олиб қўйиш учун кўпгина халқаро ҳуқуқларни бузишга тўғри келади.

— Путин Ғарбнинг НАТО фаолиятини Осиё томонга кенгайтириш уринишларини кўряпмиз, деди. Ростдан ҳам НАТО Осиё томон кенгайиш эламентлари борми?

Фарҳод Толипов: — Менимча, бундай элементлар кўрингани йўқ. НАТОнинг 2022 йилда қабул қилинган стратегик концепциясида бу саволларга жавоб бор. НАТО фаолиятидаги асосий йўналишларини белгилайди бу концепция, дунёдаги ўзгаришлар даврида янгиланиб келган бу ҳужжат. 2022 йилда қайта қабул қилинган концепцияда Россия таҳдид солувчи давлат сифатида белгиланган. Украинадаги уруш эса тажовузкорлик ва ғайриинсоний ҳаракатлар билан амалга оширилаётгани ҳам айтилган.

Бу концепцияда Осиё давлатлари ҳақида ҳам гап боради. Унда кўпроқ НАТОга шерик, иттифоқчи бўлган давлатлар ҳақида гап боради. Аъзо ёки келажакдаги аъзо сифатида эмас. Масалан, Жанубий Корея, Япония каби давлатлар.

Осиё давлатларининг НАТОга қўшилиши ташкилотни таркибан ва функционал жиҳатдан мураккаблаштирган бўларди. Ўзи ҳозир ҳам осон бўлаётгани йўқ ташкилотга. Осиёда бундай ишга қўл уриш жуда ҳам мушкул иш.

Янгиланган концепцияда “360 градусдаги назорат” тушунчаси ҳам киритилган. Бу билан НАТО глобал равишда вазиятни назорат қилишга уринади, демоқда. НАТОнинг тинчликпарвар ҳаракатлари миқёси дунё миқёсида ҳам бўлиши мумкин.

Сайфиддин Жўраев: — АҚШ, Англия, Австралия биргаликда янги ташкилот тузишга ҳаракатлар бор. Бу орқали Осиё, Океания ҳудудида ҳарбий, сиёсий хавфсизлик масалаларида устунликка эришишмоқчи, Ҳиндистонни ҳам шу ҳаракатга тортишяпти. Аммо охирги Яқин Шарқдаги вазият сабабли бу ҳаракатлар тўхтаб қолди. Бунда асосий фокус Хитойга қаратилган, дейишади. Менимча, бу ҳаракат кучайиб бораверади. Агар Ғарб лойиҳалари амалга ошса, НАТО бўлмаса ҳам, НАТОнинг аъзолари ташкил қилган янги институционал ҳолатга келиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Путиннинг баёнотларида сиёсий вазифа, мақсадлар бўлиши мумкин. Жумладан, Хитойни ўзига асосий иттифоқчи сифатида кучайтириш вазифаси. Чунки бугунги кунда глобал жануб геосиёсий концепцияси борган сари кучайиб бормоқда. Бу глобал жануб етакчилари сифатида Россия, Хитой, Туркия, Эрон каби давлатлар кўрилади. Хитой ёки глобал жанубдаги баъзи давлатларни қўрқитиш учун шундай айтилаётган бўлиши мумкин. Лекин НАТОни глобал платформага айлантириш ғояси баъзи бир сиёсатчиларда ҳар доим бўлган. Япония, Жанубий Корея, Янги Зелендия, Австралия каби давлатлар кириши керак, фақатгина шимолий яримшардаги ҳамкорлик етарли эмас, деган фикрлар бор.

АҚШдаги изоляционистлар НАТОга шубҳа билан қарайди. Агар шундай қарашдаги инсонлар ҳокимият тепасига келса, НАТОдан воз кечиш илгари сурилиши мумкин, Трамп ҳам ҳокимиятга қайтсам, НАТОдан чиқиб кетармиз, деган гапни айтди. Умуман, НАТОни глобал платформага айлантириш ҳақида фикрлар бор, аммо Путиннинг гаплари ўз исботини топгани йўқ.

Фарҳод Толипов: — 5-8 йил ичида НАТО билан Россия уруши бўлиши ҳақидаги хабарлар стратегик коммуникация таҳлили орқали бўляпти. Украина қандай бўлса ҳам, ёрдам бериши керак. Айниқса, Германия бунга кўпроқ тиришяпти. Германиянинг уруш ҳақидаги мессежи НАТО ва АҚШга нисбатан ҳам бўлиши мумкин, яъни биз тайёр туришимиз керак, айниқса Украинани сақлаб қолишимиз керак, деган маънода.

— Баёнотда Одесса тарихан русларнинг шаҳри, деган даъво ҳам бор. Кейинчалик МДҲдаги бошқа ҳудудларга ҳам шундай даъво бўлмайдими?

Сайфиддин Жўраев: — Россия учун Одессанинг мавқейи, стратегик аҳамияти муҳим. Шу нуқтаи назардан Украинани Қора денгизга чиқармаслик мақсади, келажакда қандайдир операциялар режалаштираётган бўлиши мумкин. Молдовага йўлак очмоқчидир. Умуман, Россия учун муҳим жой бўлгани сабабли шунақа баёнот беряпти.

Умуман олганда, Путин айтадими, бошқасими, эски ҳолатга қайтиб бўлмайди. Мана 30 йилдан ошиқ вақт ўтяпти, собиқ иттифоқ давлатларининг дунё даражасидаги субъективлиги юқори, ривожланиш ҳам яхши. Бу каби баёнотлар катта давлатлар учун табиий деб ўйлайман.

Фарҳод Толипов: — Одесса тарихан русларнинг шаҳри дейиш — жуда ҳам провокацион баёнот. Ҳали Одесса-ку майли, бутун Украина Россияники, сунъий давлат, деган даъволар ҳам бўлди уруш бошланишида. Бунақа мантиққа тўғри келмайдиган баёнотлар бир қанча бўлди. Путин ҳатто руслар ва украинлар битта халқ, бу ерда фуқаролик уруши бўляпти, деган гапларни ҳам айтганди. Россиянинг ўзида ҳам тарихан унга тегишли бўлмаган жуда кўп ҳудудлар бор. Шунинг учун тарихга қайтиш қалтис нарса.

Камолиддин Раббимов: — 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқининг онлайн йиғилишида Тўқаев Путинга бир қанча эътирозларини билдирган эди. Бу воқеа апрел ойида бўлган бўлса, орадан 2 ҳафта ўтиб, май ойи бошларида Путин ўз интервюсида совет иттифоқига кичик бўлиб кириб, катта ҳудуд билан чиққан давлатлар бор деб Қозоғистонга ишора қилди. Путин гарчи қайси давлат эканини очиқламаган бўлса ҳам, Кремлга яқин экспертлар, депутатлар Қозоғистон назарда тутилаётганини айтди, Путин эса бунга эътироз билдирмади. Россия сиёсий элитасида Қозоғистонга нисбатан маълум бир ҳудудий даъволар бор. Буни Россия миллатчилари, оммавий ахборот воситалари, пропагандачилари ҳеч қачон яширмаган. Россия ўзининг манфаатига тўғри келганда шантажни жуда оддий ҳол сифатида кўради. Россияни халқаро майдонда масъулиятли, бошқалар ҳудудига даъво қилмайдиган давлат деёлмаймиз.

Ҳозирги вазиятда Украинага Ғарбдан ёрдам ўз вақтида етиб келмаётгани Путинга куч бағишлаяпти, шунинг учун ҳам у фаоллашиб қолди.

— АҚШдаги сайловлар фронтдаги вазиятга қанчалик таъсир қилади?

Сайфиддин Жўраев: — Агар Трамп сайланса ҳам, Россия билан алоқалар яхшиланмайди. Трамп президентлик даврида Россияга нисбатан қаттиқ турган. Байден қолса, табиийки ҳозирги сиёсат давом этади.

Украинага ажратилган ёрдам пакети берилади барибир. Лекин фаол уруш ҳаракатлари бўлмайди, пассивроқ ҳаракатлар бўлади, ким президент бўлишидан қатъи назар. Республикачилар ва Демократлар ўртасида бундай геосиёсий стратегик ҳолатлар бўйича келишув бўлади, чунки бу ерда умумий АҚШ манфаати бор. Фақат ёндашув, механизм жиҳатдан икки партия услуби фарқ қилади.

Ҳозир АҚШдаги сайловда Россия-Украина уруши омили ҳам муҳим рол ўйнаяпти. Партиялар шу мавзудан фойдаланяпти. Лекин АҚШ халқи ташқи сиёсат масаласида кўпроқ раҳбарларга ишонади, ички сиёсатда бўлишса ҳам. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, қайси партия келса ҳам, вазият унчалик ўзгармайди, Россияга нисбатан муносабат кескинлашиб бораверади.

Камолиддин Раббимов: — Трамп Колорадо штатидаги сайловда иштирок этолмаслиги тўғрисидаги суд ҳукми унинг имкониятларини тушириб юборди. Агар АҚШ Олий суд Колорадо штати суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирса, Трамп умуман президентликка номзод бўлолмайди. Трамп ва унинг тарафдорлари мураккаб аҳволда. Умуман, икки партия ўртасида кураш кескинлашиб, Америка жамияти иккига бўлинган. Ҳозиргидай қутблашув АҚШ тарихида деярли кузатилмаган бўлса керак, менимча. Республикачилар ҳам, Демократлар ҳам Россия ғалаба қилишини истамайди. Лекин уларнинг Украина ғалабаси ва Путиннинг мағлубиятини талқин қилиши фарқ қилади. Янги йилдан кейин Украинага ёрдам берилади, деган фикрга қўшиламан. Сайловда эса Демократлар ютиб, ҳокимиятда қолиш эҳтимоли юқори деб ўйлайман.

Сайфиддин Жўраев: — Менимча, Олий суд Колорадо штати суди қарорини бекор қилади. Чунки 2020 йил январда Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирган, деган айблов билан ҳукм чиқариляпти, бу ўринда тўғридан тўғри Трамп дейилмаяпти, шунинг учун ҳам қайтарилади деб ўйлайман. Қайтага Байден ҳукуматини судга беряпти Трамп. Умуман, жамоатчилик фикри ҳал қилади бу ёғига.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё