23:18 / 27.12.2023
513

Форс кўрфазидаги низоли ороллар: Эрон Россиядан нега норози?

Форс кўрфазидаги низоли ороллар: Эрон Россиядан нега норози?

Муаммо Форс кўрфазидаги учта орол – Катта Тунб, Кичик Тунб ва Абу Мусо ороллари билан боғлиқ. Эрон назоратидаги бу оролларни БАА ҳам ўзиники деб ҳисоблайди. Россия эса уларнинг мақоми бўйича музокара ўтказиш керак деб ҳисобламоқда. Москвада бўлиб ўтган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг яқинда эълон қилинган якуний декларациясида ҳам бу масала тилга олинган.

Kun.uz келишмовчиликнинг келиб чиқиши ва ҳозирги геосиёсий вазиятга таъсирини шарҳлаб бериш учун Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовни студияга таклиф этди.

— Дастлаб, муаммо нимадан ва қаерда бошланганига тўхталсак.

— Форс кўрфазидаги 3 та орол – Катта Тунб, Кичик Тунб ва Абу Мусо ороллари анчадан бери кўрфаз давлатлари, хусусан, Эрон ва БАА ўртасида тортишувларга сабаб бўлади. Буюк Британия бу ҳудуддан чиқиб кетиб, Яқин Шарқда мустақил давлатлар пайдо бўлгач, ороллар масаласи юзага чиққан. Ороллар учун Эрон, Уммон, БАА даъвогарлик қилди дастлаб, кейинчалик Уммон бу конфликтдан чиқиб кетди.

БАА бу оролларни ўзининг Шаржа амирлиги таркиби деб билади. Худди шундай Эрон ҳам уни ўз ҳудуди деб билади. Катта ороллар эмас, 12 минг, 10 минг ва минг км квга тенг ороллар.

— Бу оролларнинг геосиёсий ўрни қандай?

— Июл ойида Форс кўрфази араб давлатлари ва Россия ўртасидаги форумда баёнот эълон қилинган эди. Ундаги бандлардан бири Форс кўрфази араб давлатларининг чегаралари, ерларига қаратилган бўлиб, унда бу ороллар БАА таркибидаги Шаржа амирлиги ери деб кўрсатилган эди. Бу баёнот бугунги кунда декларация даражасига чиқди. Июл ойида ҳам Эрон томони эътироз билдирган эди. Декларация эълон қилингач эса реакция жиддийроқ бўлди.

Яқин Шарқдаги ҳозирги вазиятда, бу минтақа ҳамманинг эътибор марказида бўлиб турган ҳолатда кичикроқ муаммолар ҳам тез кўзга ташланяпти.

Муҳокама бўлаётган ороллар бир пайтлар Ҳормуз қироллиги таркибида эди, у ердан асосан балиқчилар ва денгизчилар маълум бир эҳтиёж учун фойдаланишган. Европаликлар кириб келгач, бу ороллар Португалия назоратига ўтди, ундан кейин эса Буюк Британия эгалик қила бошлади. Британия бу оролларни Бирлашган Уммон қироллиги таркибига қўшиб юборган эди. Уммон қироллигидан сўнг Ал-Қосимийлар сулоласи ҳокимиятга келиб, улар ўз ҳудудига айлантирди. Ал-Қосимийлар Эрон тарихий давлатчилиги вакили бўлгани учун улар энди шу факт орқали бу ҳудудга даъво қиляпти. Ал-Қосимийлардан сўнг Шаржа амирлиги таркибига кирган, шунинг учун БАА ҳам шундай даъвога эга. Шаржа амирлиги таркибида бўлган пайтида Британия яна бу масалага аралашиб, конфликт тўхтатилиб, ороллар Буюк Британия назоратида экани эълон қилинади. 1971 йилга келиб, Буюк Британия минтақадан чиқиб кетгач, Эрон оролларни ўз ҳудуди деб эълон қилади.

Орада Эрон ва БАА ўртасида шартнома тузилиб, икки давлатга ҳам тегишли эмас, умумий фойдаланамиз деган келишув бўлади, аммо бу қисқа вақт давом этади. Кичик тўқнашувдан сўнг бу можаро яна авж олади. Шундан кейин Эрон Абу Мусода ҳарбий аэродром қуради, Катта Тунбда ўз ҳарбийларини жойлаштиради. Шундан буён икки давлат шу масалада муросага келолмайди. Эрон ва БАА муносабатлари аслида ёмон эмас, аммо бу масалада келиша олишмайди.

Бу ороллар Ҳормуз бўғозидан киришда ўзига хос дарвоза ролини ўйнайди. Жанубий Осиёга Форс кўрфази араб давлатларининг нефт танкерлари айни шу ердан ўтади. Шу маънода бу ерга ким эгалик қилса, коридорни назорат қилишда катта таъсир доирасига эга бўлади. Шунинг учун Эрон доим бунга интилади, бу масалада ҳатто стратегик ҳамкорлари билан ҳам кескинлашиши мумкин, позицияси аниқ унинг.

— Бу дипломатик келишмовчилик Эрон-Россия муносабатларига қандай таъсир қилади?

— Агар Украина ва Ғазодаги ҳолат бўлмаганда бу нарса бу даражада шов-шув бўлмас эди. Бугунги геосиёсий вазиятда кичик бир ҳолат ҳам катта масала сифатида чиқяпти, айниқса Россия ва Эрон каби давлатларда бўлса.

Ороллар масаласида Эрон биринчи марта бундай чиқиш қилаётгани йўқ. 2010 йилда Осиё ўйинларида Форс кўрфази давлатлари дейиш ўрнига Араб кўрфази давлатлари деб хато айтилганлиги учун ҳам Хитой ҳукуматига нота киритган эди. Эрон ҳар доим бу масалага эҳтиёт бўлишни сўрайди, чунки бу сиёсий-идеологик масала.

2022 йил декабр ойида Саудияга Хитой раҳбари ташриф буюради ва шунда ҳам Араб кўрфази ёки Форс кўрфази деб аташ масаласи тилга олинади. Шунда ҳам Эрон томони бунга муносабат билдиради. Худди шундай ҳозирги ҳолатда ҳам нота беряпти. Яъни бу масала, бу каби ҳолатлар ҳозир пайдо бўлгани йўқ, бу масала ҳали Эрон ва Россия муносабатларига таъсир қилгани йўқ. Ҳумайний берган концепция аниқ – у энди фақат шарққа қараб юрамиз деган, яъни Хитой ва Россия назарда тутилади. Ташқи сиёсатда трансформация кетаётган бир пайтда Эрон асосий ҳамкорлари бўлмиш Россия ва Хитой билан кескинликка бормайди.

Тўғри, Эрон учун бу ороллар масаласи миллий, эмоционал масала, шунинг учун вақти-вақти билан эслатиб туради. Ҳозирги ҳолатда хам шундай эслатиш бўлди. Дипломатик алоқалари ўзгармайди, биргаликдаги катта-катта лойиҳалари бор.

Эроннинг шарққа юзланаётганини танқид қилувчи мухолифлар ҳам бор. Бу вазият улар учун озуқа бўлди ва бундан фойдаланиб бу масалани овоза қилишди. Умуман олганда, ороллар масаласи Эрон учун муҳим, аммо кескин ўзгаришларга сабаб бўлмайди.

НормуҳаммаАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё