«Ўтакетган ҳаддан ошиш ва қонунсизлик» — юристлар Рамзон Қодировнинг жиноятчиларнинг қариндошларини жазолашга чақириғи ҳақида
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров янги йил олдидан ўтказилган йиғилишда чечен кучишлатар тузилмаларини жиноятга қўл урганларнинг қариндошларини жазолашга чақирди. BBC билан гаплашган юристлар Қодировни бу чиқиши учун Жиноят кодексининг бир неча моддаси кўра жавобгарликка тортиш мумкинлигини айтишган.
Рамзон Қодировнинг илгариги шов-шувли чиқишлари ҳам ҳеч қандай оқибатларсиз қолиб келган. Бу сафар ҳам на Кремл, на Давлат думасидагилар Чечнистон раҳбарининг янги чиқишини изоҳлашди.
Рамзон Қодиров нима деди?
«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш» бўйича мажлис тасвири бириктирилган постни Рамзон Қодиров ўз телеграм каналида 30 декабр куни эълон қилган. Видеога шарҳда Рамзон Қодиров ушбу сўзларни ёзган:
«Инсоннинг ҳаётига ҳар қандай таҳдидга уриниш айбдорнинг қариндошларига ҳам ўз таъсирини ўтказиши керак [...] Яқин қариндошлар уларнинг оиласи вакили нима ишлар билан бандлигини билиши керак, чечен одатлар бизни асрлар оша тарбиялаганидек, унинг учун жавобгарликка эга бўлиши керак».
Видеонинг ўзида республика раҳбари чечен тилида янада радикалроқ чиқиш қилган. У жиноятда айбланаётганларнинг қариндошларини ўлдириш мумкинлигига шама қилган.
«Сизларни нега чақирдим? Бирор нарсадан шубҳаланган [кучишлатар органларнинг] ҳар қандай ходими унга албатта эътибор қаратиши керак. Одам қаердан, қайси оиладан эканлиги муҳим эмас. Жамоат тартибини бузган, [кучишлатар органлар] ходимига ёки республикага келган меҳмонларга қўл кўтарган ҳар қандай инсон билиши керакки, агар биз уни топа олмасак, биз унинг уйидагиларни албатта топамиз.
Бизнинг аждодларимиз доим шунга амал қилиб келишган: агар айбдор топилмаса қонли қасос унинг ака-укаси ёки отасидан олинган. Биз ҳам қариндошларидан қонли қасос оламиз.
Чунки қариндоши бировни ўлдирган одамлар қотилдан воз кечганмиз, деб бемалол яшаб юришибди. Биз ундайларнинг оиласидан кимнидир отиб ташламагунимизча ҳеч ким қариндошидан воз кеча олмайди», — деган Чеченистон раҳбари.
Юристлар Чеченистон раҳбарини бу гаплари учун жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ЖК моддаларини санаю беришди. BBC уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, номларини ошкор этмаган.
«Ўтакетган ҳаддан ошиш ва қонунсизлик. Бундай гапларни айтишнинг ўзи жиноят ва нормал давлатда жавобгарлик олиб келади. Ҳеч ким ўлдириш ҳуқуқига эга эмас, ҳаттоки давлат ҳам — Россияда ўлим жазосига мораторий ҳамон амалда», — деган жиноий ишлар бўйича адвокат.
Ҳаттоки тахмин қилинаётган жиноятчининг қариндошлари манзилига таҳдидлар амалиётда қўлланмаган тақдирда ҳам, бундай баёнотларни давлат лавозимини эгаллаган шахс томонидан хизмат вазифасини куч ишлатиш таҳдиди билан суиистеъмол қилиш ўлароқ квалификация қилиш мумкин. Бу Россия Федерацияси ЖКнинг 286-моддаси 3-қисми бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деган адвокат.
Агар Чеченистон раҳбари баёнотига кўра, чеченистонлик кучишлатар тизим ходими «жиноятчи деб саналаётган шахс»нинг қариндошини ўлдирса, бундай ходим РФ ЖКнинг 105-моддаси — қотиллик айблови билан (максимал жазо — умрбод қамоқ жазоси), Чеченстон раҳбарининг ўзи эса РФ ЖКнинг 286-моддаси 3-қисмига кўра ваколатларини суиистеъмол қилиш, ва 105-моддага кўра, қотилликда иштирок этиш бўйича жавобгарликка тортилиши керак, деган адвокат.
Қотилликдан қонли қасос олиш мотиви Жиноят кодексига кўра оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади, дея аниқлик киритади бошқа юрист.
Бироқ Қодиров айтаётган шаклда қонли қасос олиш мотиви формал жиҳатдан аниқ-равшан бўй кўрсатмайди (яъни бундай ҳаракатларни қонли қасос деб аташ мумкинлиги савол келтириб чиқаради), лекин бундай қотилликни экстремистик мотив бўйича квалификация қилиш мумкин. Бундай қотилликларга РФ ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми билан жазо — 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади, дея тушунтирган юрист.
Баёнотнинг ўзига келадиган бўлсак, Қодиров унда «аксилэкстремитик қонунчилик чегарасида мувозанатни ушлаган», деган юрист.
Россия судлари амалиётидан келиб чиқадиган бўлса, агар бу сўзларни Қодировдан бошқа инсон айтганда «экстремистик фаолиятни амалга оширишга чақирув» (РФ ЖКнинг 280-моддаси) ёки «хизмат вазифасидан фойдаланиб нафрат ёки адоват уйғотиш, шунингдек инсон қадр-қийматини ерга уриш» (РФ ЖКнинг 282-моддаси) билан квалификация қилиш мумкин, деган BBC суҳбатдоши.
Биринчи вариантда жарима қўллашдан тортиб, маълум бир мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил колонияга ёки шу муддатга маълум бир фаолият билан шуғулланишдан маҳрум этиш билан жазолаш мумкин. Иккинчи ҳолат аниқ олти йил колонияга ҳукм қилинишга сабаб бўлади.
Қодировга нимадир жазо борми?
Чеченистон раҳбари Россия қонунчилигига зид баёнотларини аввал ҳам бир неча бор қилган. Бироқ ҳеч қачон бу баёнотлар Қодиров учун оқибатлар келтириб чиқармаган.
Масалан, қўшни Доғистонда октябр ойи охирларида юз берган антисемит чиқишлар чоғида Чеченистон раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига рухсат этилмаган митинглар қатнашчиларига қарата ўқ узишни тавсия қилган.
«Агар бизда рухсат этилмаган тартибсизликларда қатнашган бирорта одам топилса, уни ушлаб қаманглар. Уч марта осмонга огоҳлантирувчи ўқ узинглар — тўртинчи ўқ пешонасига қадалсин. Шунда бошқа кўчага чиқишмайди. Бу менинг буйруғим», — деган эди Чеченистон раҳбари.
25 сентябр куни Рамзон Қодиров ўзининг 15 ёшли ўғли Адам Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни ургани тасвирланган видеони эълон қилди. Роликнинг эълон қилиниши ижтимоий тармоқларда эътироз тўлқинини келтириб чиқарди. Россия ҳукуматидагилар видеога мутлақо изоҳ беришмади, гарчи BBC томонидан сўралган юристлар видеода инсонни уришга дахлдор одамлар ва бу видеони тарқатган Қодировни Россия қонунлари бўйича камида 9 та моддага кўра жавобгарликка тортиш мумкинлигини айтиб чиқишган эди.
13 декабр куни видеони изоҳлар экан, Чеченистон раҳбари агар ўғли Адам Никита Журавелни ўлдириб қўйганида «жуда яхши бўлар эди», деган.
«[Адамни] жазолаш? Нимага жазоланар экан? Агентни [ҳибсга олинган Никата Журавелни] ургани учунми? Уни ўлдириб ўйганида жуда яхши бўлар эди. Қуръонни ёқувчиларни эслаганимда менда битта истак, битта орзу пайдо бўлади — улар жазога тортилиши керак», — деган республика раҳбари.
Адам Қодировга видео эълон қилинганидан буён 9 та орден ва медаллар, жумладан «Чеченистон Республикаси қаҳрамони» медали, «Қобордин-Болқор республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени, «Дўстлик» ордени ва бошқалар топширилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг