
АҚШ Қуролли кучлари қитъалараро баллистик ракета синовини муваффақиятли амалга оширди. Калифорниядаги Ванденберг ҳарбий базасидан старт олган Minuteman III ракета 5 ноябрь куни учирилди ва бу синов АҚШ ядровий тизимининг тайёрлиги ҳамда ишончлилигини яна бир бор тасдиқлади, деб хабар берди мамлакатнинг Космик кучлари қўмондонлиги.
Ҳаво кучлари маълумотига кўра, GT 254 деб белгиланган ушбу тест режали равишда ўтказилган ва у стратегик қурол тизимининг самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади. Ракета тахминан 4200 миля (яъни 6800 километр) узоқликни босиб ўтиб, Маршалл ороллари ҳудудидаги Кважалейн синов полигонига етиб борган.
Баёнотда таъкидланишича, барча жараёнлар қатъий хавфсизлик протоколлари асосида ўтказилган ва синов орқали AFGSC (Глобал зарбалар қўмондонлиги) учун муҳим техник маълумотлар тўпланган. Ушбу маълумотлар келгусида ракеталар тизимини янгилаш ва стратегик тайёрликни баҳолашда қўлланилади.
Шу куни Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳам ядровий қурол синовларига тайёргарлик кўриш таклифини илгари сурди. Бу ҳолат ядровий рақобат борасида янги босқич бошланаётганини англатиши мумкин. Белоусовнинг сўзларига кўра, АҚШ сўнгги йилларда қуролларни қисқартириш бўйича халқаро келишувлардан босқичма-босқич чекинаётган ва ўз арсеналини модернизация қилишни жадаллаштирган.
Қизиғи шундаки, Белоусовнинг баёнотидан бир ҳафта аввал АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ядровий синовларни қайта тиклаш ҳақида гапирган эди. Унинг айтишича, “Россия ва Хитой синовлар ўтказаётган бир пайтда, АҚШ ҳам ўз имкониятларини намоён қилиши лозим”. Шунингдек, Трамп Шимолий Корея ва Покистон ҳам ядровий дастурларини фаоллаштирганини таъкидлаб ўтган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Вашингтоннинг бу қадами Россия президенти Владимир Путиннинг “Буревестник” қанотли ракета ва “Посейдон” сувости қурилмасини синовдан ўтказгани ҳақидаги баёнотларига жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Minuteman III ракетаси 1970 йилдан бери АҚШ қуролланишида бўлиб, у мамлакатнинг ядровий салоҳиятидаги асосий устунликни таъминлайди. Ракетанинг максимал учиш масофаси 12 минг километр, бу эса уни дунёдаги энг узоқ масофага етказувчи қуроллардан бирига айлантиради.
Ҳозирда АҚШда шундай 400 та Minuteman III шахта типидаги ракета бор бўлиб, уларнинг ҳар бири учтагача ядровий каллакни олиб юриши мумкин. Улар мамлакатнинг учта асосий ҳарбий базасида — Монтанадаги Малстром, Вайомингдаги Ф.Э. Уоррен ва Шимолий Дакотадаги Майнот авиабазаларида доимий жанговар ҳолатда сақланмоқда.
Шу тариқа, сўнгги синов АҚШнинг ядровий стратегиясидаги доимий тайёрликни намоён этиб, Вашингтон ва Москва ўртасидаги ҳарбий-техник тенглик борасидаги рақобатни янада кучайтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!