23:55 / 08.01.2024
588

Украинадаги уруш нега боши берк кўчага кириб қолди? Яна бир қарши ҳужум бўладими?

Украинадаги уруш нега боши берк кўчага кириб қолди? Яна бир қарши ҳужум бўладими?

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

2023 йил май ойида узоқ жанглардан сўнг рус қўшинлари Бахмутни эгаллашганди. Бироқ шундан кейин бошқа йўналишларда бундай йирик муваффақият қозонилмади. Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми ҳам барбод бўлди, қишга келиб бутун фронт чизиғидаги ҳаракатлар боши берк кўчага кириб қолди. Бироқ Россия армиясида артиллерия ўқ-дориларини ишлатиш ва ишлаб чиқариш бўйича устунлик бор.

Хўш, 2024 йилда нималар ўзгариши мумкин? «Медуза» нашри бу ҳақда ҳарбий экспертларнинг фикрига қизиқди.

— Ғарблик кўпгина таҳлилчилар ҳарбий ҳаракатлар боши берк кўчага кириб қоланини айтишмоқда. Бу томонлардан бири учун фойдалими?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Уруш чиндан ҳам позицион боши берк кўчага кириб қолди, бу 2023 йил бошларида рўй берган эди. Украинанинг барбод бўлган қарши ҳужуми ҳам буни исботлади. Позицион тупикдан чиқиб кетиш учун томонлардан бири устунликка эга бўлиши шарт, лекин бундай бўлмаяпти. Биринчидан, ҳар икки армия моддий ва инсон ресурслари борасида қарийб тенг. Иккинчидан, разведканинг турли кўринишлари, жумладан агентура ва дронлар орқали кузатув туфайли ҳужумга ўтувчи гуруҳни ёйиш имконсиз.

Позицион тупик уруш табиатини ўзгартирмоқда: у шиддатли кўринишдан мосуво бўлди. Ҳарбий ҳаракатлар душман қўшинлари жанговарлигини пасайтиришга йўналтирилмоқда. Бундай ҳолдан тойдирувчи уруш Россиянинг фойдасига хизмат қилади, деган қарашлар бор. Чунки РФ ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни фронтга узлуксиз етказиб туриш барқарорлигини таъминлашга муваффақ бўлди. Украинада бундай фронторти иқтисодиёти йўқ: у тўлиғича иттифоқчилар ёрдамига таянади. Бироқ сўнгги пайтларда Ғарбдаги бир неча экспертлар ва таҳлилчилар ҳам Украинага Россия билан ҳолдан тойдирувчи урушни бошлашни тавсия қилмоқда. Украина мудофаа стратегиясини ишлаб чиқаётгани ва камида 2025 йилгача қарши ҳужумга ўтмаслиги тўғрисида хабарлар бор.

Стефан Волф, Бирмингҳэм университети халқаро хавфсизлик профессори: Бу жуда мураккаб савол. Тупик кўпроқ Россияга фойдали: унда ҳам техник, ҳам инсоний ресурслар кўпроқ. Ҳарбий саноат комплексининг асосий заводлари мамлакат ичкарисида жойлашган ва уларни ракета ва дронлар билан маҳв этиб бўлмайди.

Украина иттифоқчиларнинг қурол-яроғ етказиб беришига қаттиқ боғланиб қолган, 2023 йилда шу туфайли муаммолар келиб чиқди. Сўнгги ойларда бу янада яққол намоён бўлмоқда — Европа Иттифоқининг ёрдамига Венгрия вето қўйишидан бошлаб, АҚШ Конгрессидаги кескин мунозараларгача. Бинобарин, урушнинг чўзилиши оқибатида Россия ва Украина ресурслари ўртасидаги фарқ кенгаяверади.

Фронтдаги тупик Россияга қўшинларни муваффақиятли қайта гуруҳлаш имконини беради. Бироқ, ҳозир на Россияда, на Украинада янги йилда кескин илгарилашни кутиш имконини берувчи сезиларли устунлик бор. Фронт чизиғидаги тўқнашувлар ҳозирги даражада давом этаверади.

Уилям Кортни, АҚШнинг Гуржистон ва Қозоғистондаги собиқ элчиси, RAND’нинг етакчи эксперти: Фронт чизиғи дарҳақиқат боши берк кўчага кириб қолган. Бироқ Қримда Украина қуролли кучлари разведканинг турли усулларидан фойдаланиб, РФ Қора денгиз флоти шарқ томон чекинишини таъминлади. Бу маънода яриморолда мамлакатнинг қитъа қисмидагидан бироз фарқ қиладиган ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда.

Феодосия портида Россиянинг «Новочеркасск» десант кемасига ҳужум оқибатлари
Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA

Фронтдаги тупик томонларнинг ҳар иккиси учун ҳам манфаатли эмас: Россия Украинанинг ўзи даъво қилган қисмларини тўлиқ оккупация қила олмайди, Украина эса ерларини истилочилардан озод қилолмайди. Бироқ бу секинлашув доимо давом эта олмайди. Ўтган урушлардан кўрганмизки, тупикдан кескин ёриб кириш олиб чиқади, бунинг учун эса янги технологиялар керак бўлади.

Умуман олганда, бу уруш воқеаларини олдиндан айтиб бериш жуда қийин. Ёдингизда бўлса, Россия босқинидан аввал АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли Россия қўшинлари Киевни 72 соат ичида қуршаб олишини айтган эди. Кремл ҳам шу нарсадан умид қилганди, лекин бундай бўлиб чиқмади. Путин ҳам «Москва» крейсерига ҳужумни, Қрим кўприги портлатилиши ва украинлар Харкив областини тўлиқ озод қилишини кутмагани аниқ. Аниқ ишонаманки, 2024 йил ҳам Россия армияси учун кўплаб сюрпризларни тайёрлаб турибди.

— 2023 йилда Ғарб нашрларида дам-бадам Россиянинг Украинага босқини Биринчи жаҳон урушига менгзала бошланди. Бу таққослашлар нақадар ўзини оқлайди?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Асосий ўхшашлик шундаки, Биринчи жаҳон уруши технологик тараққиёт кескин ўзгаргани: авиация ва зирҳли техника пайдо бўлгани, пулемётлардан кенг фойдаланила бошлангани, артиллериянинг самардорлиги ва кучи ошгани туфайли чўзилиб кетган. Қуролли кучлар бу янги қурол-яроғларга қарши туриш учун тактик усулларни тезда ишлаб чиқа олмай қолган. Албатта, Биринчи жаҳон уруши сингари бу уруш ҳам яна бир неча йилга чўзилиши мумкин — кўпроқ томонлардан бири сиёсий мақсадларни кўзлаб, ён бермаётгани учун. Украина ўз ҳудудларидан воз кечмоқчи эмас, Россия ҳам босиб олган ерларини қайтариб беришга тайёрмас. Шундай қилиб, ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик нуқтайи назардан, ҳозирча ўзгаришларни кутмаслик керак. Мен томонлар яқин ўртада сулҳ тузиши учун нима рўй бериши кераклигини тасаввур эта олмайман.

Стефан Волф: Окоплар урушида ўхшашлик жуда катта: Биринчи жаҳон урушида анчайин барқарор фронт чизиғини ёриб ўтишга уриниб, ўн минглаб одамлар беҳуда нобуд бўлишган. Ўшанда ҳаммаси Германиянинг кутилмаганда коллапсга тушиб қолиши билан якун топган. Бироқ, бошқа таққослар ўхшамайди — ҳозир томонларнинг тактикаси ҳам, технологияси ҳам бир аср аввалги воқеалардан кескин фарқ қилади.

Уилям Кортни: Бу ўхшатиш ҳар икки урушда миналар ва окоплар муҳим рол ўйнаётганида кўринади, холос. Лекин энг муҳим фарқ — ҳозир ҳар икки томон тўлиқ шаффофликка эришишган. Дронлар шарофати билан улар бир-бирининг позицияларини жуда яхши билишади. Биринчи жаҳон урушида илк самолётлардан фойдаланишга уринишган, бироқ технология хом бўлгани сабабли учоқлар ёрдамида разведка қилиш жуда кучсиз бўлган.

— Украина 2024 йилда ҳам қарши ҳужумга тайёрланаяптими?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Айтиш жуда қийин. Менимча, уруш интенсивликни сақлаб қолади, бироқ оператив-тактик даражада алоҳида аҳоли пунктларини қўлга киритиш ва фронт чизиғидаги позицияларни яхшилаш бўйича операциялар ўтказилади. 2024 йилда қандайдир йирик жанглар бўлади, деб ўйламайман. Томонлар бир-бирига қараб ўрганишда давом этишади.

Стефан Волф: Бу саволга ҳар қандай жавоб қуруқ гапдан бошқа нарса бўлмайди. Биз Валерий Залужнийнинг ноябр ойида The Economist нашрида чиққан мақоласига таянишимиз мумкин. Мақолага кўра, ёздагидек қарши ҳужум барбод бўлмаслиги учун Украинага технологик илдамлаш, дронлар ишлаб чиқаришни тобора кенгайтириш ва янги стратегия керак. Ҳозирча булар ниманинг устига қурилиши тушунарсиз.

Сўнгги ойлар Украина кўпроқ мудофаага эътибор қаратаётганидан гувоҳлик беради. Украиналик таҳлчиларнинг маълумотларига қарайдиган бўлсак, 2024 йилнинг биринчи ярмида Россиянинг қарши ҳужумга ўтиши эҳтимоли каттароққа ўхшаяпти.

Уилям Кортни: Мен ҳеч қандай деталли прогнозлар қилмоқчи эмасман. Украина қуролли кучлари Россия армиясининг Донбасс ва Қрим ўртасидаги етказиб бериш занжирини узишга уриниши бўлса керак, бироқ бу қай тарзда ва қачон амалга оширилиши билмайман. Биз Россиядаги навбатдаги беқарорлик тўлқинини кузатишимиз мумкин — 2023 йилда буни Пригожиннинг исёни мисолида кўрдик. Эҳтимол урушга сафарбар қилинган аскарларнинг аёллари муҳим ролни ўйнашар — туғёнга келган оналар Афғонистондаги урушни тўхтатиш масаласида совет раҳбариятига ҳам таъсир ўтказа олган эди.

— Украина ва Россияда захирадагилар билан боғлиқ муаммолар қачон бўй кўрсатишини олдиндан айтса бўладими?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Токи Россияда одамларни топиб, фронтга жўнатиш имконияти бор экан, улар буни қилаверади. Украина ҳам шундай. Мамлакат ичидаги ижтимоий норозилик айнан қачон бу жараёнларга таъсир ўтказа бошлашини айтиш қийин. Шу сабабли, «томонлардан бирида одам тугаб қолиши мумкин»ми қабилида фикрлаш мумкин эмас — бундай позиция ўта абстракт. Урушлар томонлардан бирининг сўнгги аскари ер тишлагани учун тугамайди. Урушлар ё қатъий ёриб ўтиш ё дипломатик келишув туфайли тугайди.

Стефан Волф: Сизнинг тахминингиз худди меникидек аниқ бўлиши мумкин. Украина яна 400-500 минг кишини сафарбар қилмоқчи, бу йўлда ҳаттоки хориждаги эркакларни ҳам чақириш эҳтимоли бор. Фронтдаги ҳарбийлар сони қарийб тенг, лекин юқорида айтганимдек, Россиянинг захиралари катта, чунки бу улкан давлат. Умид қиламанки, томонлардан бири тўлиқ ўз ресурсларини битиргунга қадар томонлар қандайдир келишувга эриша олишади.

Уилям Кортни: Яқинда Володимир Зеленский Украинага яна 500 минг ҳарбий кераклиги ҳақида гапирди. Менимча, ҳар икки давлат раҳбарияти ўрта синф вакиллари ва йирик шаҳарларда яшовчилар урушга боришга тайёрми, каби рискларга баҳо беришган. Албатта, украинларда урушиш учун чоғланиш кучли, лекин барибир. Бундан ташқари, Россия пиёдалар тўлқинидан фойдаланиб ҳужумга ўтиб, аскарларини муқаррар ўлим чангалига ташламоқда. Бу қўшиннинг руҳини чўктириб юборади ва урушга мутлақо тайёргарликсиз одамлар жалб қилинишига олиб келади.

— 2024 йилда ҳам бир йил аввалгидек Россия томонидан Украина фуқаролик инфратузилмасини бомбардимон қилиш кампаниясини кутиш керакми?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Барча ҳарбий экспертлар Россия фурсат пойлаб қишда бундай кампаниянинг навбатдагисини амалга оширади, деган фикрда. Зарбалар қанотли ракеталар ва кўпроқ дронлар воситасида берилади. Бироқ Украина қуролли кучлари борган сари бундай нишонларни ушлаб, уриб туширишни яхшироқ уддаламоқда. Россия ёппа зарба бериш билан боғлиқ қандайдир нохуш сюрприз тайёрлаётган бўлишининг эҳтимоли катта — ҳар қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимида чек-чегара бор, назарияга кўра уни енгиб ўтиш мумкин. Бундай кампания ҳолдан тойдирувчи уруш мантиғига ҳам тўғри келади: тактик инфратузилма объектларига берилган зарбалар давлат иқтисодиётини қиздириб юборади ва қўшимча муаммолар яратади.

Стефан Волф: Стратегик жиҳатдан бундай кампания жуда мантиқли кўринишга эга. Албатта, бу фуқаролик инфратузилмасига зарбалар беришни тақиқловчи, комбатантлар ва оддий аҳолини ажратиш борасидаги уруш олиб бориш бўйича халқаро қоидалар бузилиши бўлади. Сўнгги икки йил шуни кўрсатдики, бу Россияни асло ташвишлантирмайди. Бундан ташқари, Россия ҳарбий саноат комплекси армияни ракета ва дронлар билан тўхтовсиз таъминлашни эплаяпти, шу сабабли Украина шаҳарларини бомбардимон қилиш давом этади. Бироқ, Украина ҲҲМ тизимлари бир йил аввалгидан кучлироқ. Шунингдек, Украина қуролли кучлари раҳбарияти борган сари Россия зарбалари мантиғини яхшироқ тушуниб боришмоқда, бу уларга кўплаб бомбалашларни анча бошланғич босқичида аниқлаб, бартараф этиш имконини беради. Шу сабабли русларнинг ракета кампанияси ўтган йил қишида бўлганидек муваффақиятли кечмаса керак.

Уилям Кортни: Украина шаҳарларига ракета зарбалари ва камикадзе дронлар ҳужумлари давом этади. Бу ҳол Россия учун фойдали, чунки Украинанинг йирик аҳоли пунктларини электрсиз қолдиради. Бироқ, бу чоралар Украина қуролли кучларининг тўплаган тажрибаси туфайли 2022 йилдагидан камроқ самарали бўлади.

— 2024 йилда Россия осмонда узил-кесил тўлиқ устунликни қўлга киритиш хавфи борми?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Россиянинг осмонда нисбатан устунлиги бор, чунки уларда самолётлар ва тажрибали пилотлар кўпроқ. Бироқ бу тўлиқ маҳв этувчи ҳукмронликка айлана олмади, чунки Украинанинг уруш мобайнида кучайиб борган ҲҲМ тизимини йўқ қилиш техника ва шахсий таркибнинг улкан қисмидан айрилишга олиб келарди. Бироқ, бу ерда асосийси маҳоратда. Америкаликлар бу тактикани Виетнам уруши давридан буён қўллаб келишади ва тажриба учун катта тўлов тўлашган.

Украина ҳозир осмонни 2023 йил бошидагидан яхшироқ қўриқлай оляпти. Россия босқини аввалида Украина қуролли кучлари фақат совет давридан қолган ҲҲМга таянган бўлса, ҳозирга келиб иттифоқчилар томонидан янги ва замонавий комплекслар етказиб берилиши йўлга қўйилган. Улар осмонни узоқ, ўрта ва яқин масофаларда қўриқлаш имконини беради. Бу эса Россия самолётлари фронт чизиғидан нариги ёққа, Украина ичкарисига кира олмаслигига олиб келган.

Avenger зенит комплекси Киев яқинида. Бу Американинг зенит-ракета комплекси бўлиб, 2022 йил ноябрида Украинага 400 миллион доллар миқдоридаги навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетидан ўрин олганди. 2023 йил сентябрида ҳам АҚШ ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янги ҳарбий ёрдам пакетига киритганди. Фото: Kostya Liberov / Libkos / Getty Images

Стефан Волф: Бу Украина иттифоқчиларидан қандай қурол-яроғ воситалари ололишига боғлиқ. Менимча, томонлардан ҳеч бири осмонда устунликни қўлга кирита олмайди.

Уилям Кортни: Украинанинг ғарбдаги иттифоқчилари мамлакат ҲҲМ тизимини сезиларли тарзда кучайтирган бир нечта комплекслар билан таъминлашди. Бу Украина қуролли кучларига Россиянинг кўплаб дронлари ва ракеталарининг сезиларли қисмини йўқ қилиш имконини берди. Айниқса Patriot тизимининг фойдаси катта бўлди — унинг ёрдамида Украина қуролли кучлари 2018 йилда Путин РФ Федерал Кенгашига мурожаатномасида мақтанган «Кинжал» гипертовушли ракеталарини ҳам уриб туширмоқда. Шу сабабли, Россия осмонда ҳукмронликка эга бўла олмайди. Бундан ташқари, РФ ҚКда бу мақсадни таъминловчи стелс-самолётлар ҳам йўқ. Дронларни ракета билан уриб тушириш анча қимматга тушаётгани ҳам бор гап. Менимча, Украина қуролли кучлари келгусида ҲҲМнинг иқтисодий таркибий қисмини такомиллаштириши керак.

— Россия ва Украинанинг қурол-яроғ захирасини ҳозир қандай тасвирлаш мумкин?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Украина учун АҚШ ва Европа Иттифоқидан қурол-яроғ етказилиши критик даражада муҳим бўлиб турибди. Снарядлар, эҳтиёт қисмлар ва зирҳли техникалар етказилишидан ташқари, Украина қуролли кучларига ҳудудларни миналардан тозалаш учун инженерлик техникаси ҳам керак.

Токи Россия Украинанинг критик инфратузилмасига зарба бериш ниятини сақлаб турган экан, унга узоқ масофани ура оладиган ракеталар ва дронлар ҳам керак. Бу маънода Россия Эронга боғланиб қолган, гарчи 2023 йилда Shahed дронларини ишлаб чиқариш қисман Татаристонда йўлга қўйилган бўлса ҳам. Бошқа жиҳатдан Россияга ҳам ўқ-дорилар, танклар ва зирҳли техникалар керак — томонларнинг бу борадаги эҳтиёжлари қарийб бир хил. Шунинг учун улар қаерда мавжуд бўлса, ўша ердан снаярд излашмоқда. Бу ерда КХДРдан совет қурол-яроғларининг эҳтимолли етказиб берилганини ҳам унутмаслик керак.

Украинага ёриб ўтиш позицион тупикдан чиқиш учун керак. У янги технологиялар туфайли, айниқса дронлар туфайли ҳосил бўлган: томонларнинг ҳеч бири уларга қарши нима қилишни билмаяпти. Бироқ, фронтдаги вазиятни бошдан оёқ ўзгартириб юборадиган мўъжизавий қуролнинг ўзи йўқ. Ҳаттоки F-16 самолётлари ҳам ўзгартиролмайди. Украина қуролли кучлари учун қуролларни етказиб бериш давом этиши муҳим, лекин у ҳарбий раҳбариятнинг янги технологияларни ҳисобга олиб операция режалаштиришини тақозо этади.

Стефан Волф: Украина қуролли кучларида ҳамон 5,56 мм.лик патронларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда. Тўлақонли қарши ҳужум учун танклар ва зирҳли техникалар етарли эмас, кўпроқ ҲҲМ комплекслари талаб этилади. Бу Украина ҳарбий техникаларни таъмирлаш билан шуғулланиши қийин эканига ҳам боғлиқ, чунки заводлар мудом зарба нишони бўлиш хавфи остида қолади. Уларни мамлакат ғарбида ва қўшни НАТО аъзолари ҳудудида қуришга мажбур бўлишмоқда. Бироқ янги муаммо пайдо бўлган — техникаларни мамлакат бўйлаб ташиш. F-16 самолётлари пайдо бўлиши бу вазиятни енгиллаштириши мумкин.

Лекин барибир урушнинг боришини кескин ўзгартириб юбора оладиган «сеҳрли қурол» йўқ. Фақатгина тўғри стратегия ва етарли миқдордаги сифатли қурол-яроғлар комбинацияси ёриб ўтишни таъминлаши мумкин. Фикримча, Залужний ноябр ойидаги мақоласида айнан шуни назарда тутган ва мен бу яқин 9-12 ой ичида рўй беради, деб ўйламайман. Аввал айтганимдек, 2024 йилда статус-кво сақланиб туради ва ҳар икки мамлакатга ресурсларни кўпайтириб олишга имкон беради.

Россия ҳарбий саноат комплекси анча стандарт режимда ишлашда давом этмоқда. КХДР ва Эрондан етказилаётган қурол-яроғлар ҳам РФ ҚКнинг техник захираларини бироз оширган. Лекин ғарб қурол-яроғлари технологик жиҳатдан зўрроқ — Украина қуролли кучларига қурол етишмаслигининг ўрни баъзан сифат билан қопланмоқда.

Уилям Кортни: Европа Иттифоқи давлатлари Украина учун тобора муҳим шерикларга айланиб бормоқда, бу ҳолда АҚШнинг аҳамияти бироз пасайган — айниқса Конгрессдаги сиёсий ўйинлар туфайли. Россия ўз захираларини қоқиштиришда давом этмоқда, Украинада 60 йиллик Т-62 танкларидан фойдаланилаётгани тўғрисидаги хабарлар ҳам бор.

Кутилганидек, Россия янги авлоддаги қурол-яроғлар, жумладан «Армата» танклари ва Су-57 самолётларини ишлаб чиқаришни ё эплай олмади, ё улгурмади. Шунинг учун Россия ҳарбий саноат комплекси эскирган қурол-яроғларни ишлаб чиқариш билан банд. Россияга КХДРдан эски совет техникалари етказиб берилмоқда, Эрон РФ ҚКни камикадзе-дронлар билан таъминламоқда. Хитой Россияни тўлақонли қўллашга шошилмаяпти, энг катта хизмати санкцияларга чап бериб олиб кирилаётган таркибий қисмлар контрабандасига кўз юмиб турибди. Қайд этиш керакки, дунёда ҳали урушни Украина фойдасига ҳал қилиши мумкин бўлган қурол ўйлаб топилмаган.

— 2024 йилда Украина дастлабки F-16 самолётларини қабул қилиб олади. Самолётлар урушнинг боришига таъсир ўтказа оладими?

Стефан Волф: Улар Украина қуролли кучларини кучайтиради, лекин урушнинг ривожини ўзгартира олмайди. Шу билан бирга, F-16 самолётлари ғарб давлатлари томонидан Украинани қўллаб-қувватлашни намойиш этиш борасида муҳим рамзий ролга эга.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Ҳеч қандай қурол-яроғ урушнинг боришини критик даражада ўзгартира олмайди. Яққол мисол — HIMARS тизимлари, улар РФ ҚКнинг ҳолатини оғирлаштирди, бироқ россиялик ҳарбийлар тез орада янги хавфга чап берадиган бўлишди.

Россия армияси ҳам урушни ўрганмоқда, ҳозир уларда 2022 йилга нисбатан ожиз нуқталар анча камайган. Украина қуролли кучларнинг умумий жанговарлиги ошиб бормоқда, бироқ украиналик пилотлар янги технологиядан фойдаланишни тезда ўрганиши муҳим бўлади.

Уилям Кортни: Шу пайтгача ҳар икки томоннинг ҲҲМ тизимлари анча самарали ҳаракат қилмоқда, шу сабабли на россиялик, на украиналик учувчилар душман ҳудудига узоқ вақтга учиб киряпти. F-16 самолётларини етказиб бериш вазиятни ўзгартирмайди, лекин Украина қуролли кучларини анча кучайтиради. Фикримча, F-16’дан Украинадаги ерусти операцияларини ҳаводан туриб қўллаш учун фойдаланилмайди.

— Россия мудофаа вазирлиги Россия ҳудудлари узра уриб туширилган дронлар ҳақида тез-тез хабар қилиб турибди. Сизнингча, 2024 йилда Россия ҳудуди бўйлаб ҳужумлар ҳажми ошадими?

Стефан Волф: Бу Украина ўз дронларини ишлаб чиқаришини қанчалик кўпайтира олишига боғлиқ.

Ҳозирги бу ҳужумлар кўпроқ рамзий маънога эга: украинлар Россия осмони ўтиб бўлмас эмаслигини кўрсатиб қўйишмоқчи ва 2023 йилда айнан шунинг учун Кремлга ҳужум уюштирилган. Шунингдек, бу украиналикларнинг жанговар руҳияти мустаҳкамланишига хизмат қилади. Уларда стратегик мазмун жуда кам. Дронлар кўпроқ жанг майдонида керак, шу сабабли асосан ўша ерда улардан фойдаланилади.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Украина 2022 йилда буён узоқ радиусга уча оладиган дронлардан мунтазам фойдаланиб келмоқда. Яккам-дуккам акциялар Россияни қўққисдан довдиратиб қўйди, шу сабабли уларни муваффақиятли ўтган дейиш мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан РФ ҚК уларни Брянск, Тула ва Москва областлари узра уриб туширишни ўрганиб олди.

Бундай ҳужумлардан мақсад муайян объектларни йўқ қилишгагина қаратилмаган, россияликларга уруш бўлаётганини сездириб қўйиш учун ҳам. Бу маънода, дрон шунчаки Россия ҳудудига учиб кирса ҳам Украина қуролли кучлари муваффақиятга эришаётганини билдиради. Агар у йирик шаҳарларга учиб бора олса, Украина ҚК буни аъло даражадаги муваффақият деб қабул қилиши керак. Шулардан келиб чиқиб, кампания давом этаверади, деб тахмин қилиш мумкин. Боз устига, Украина ўзида дронларни кўпроқ ишлаб чиқаришга маблағ тикмоқда. Уларда таркибий қисмлар ва иқтидорли инженерлар борасида муаммо йўқ.

Уилям Кортни: Украина дронлар ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда, бироқ уларнинг катта қисми Россия ҲҲМ тизими томонидан уриб туширилаверса Украина қуролли кучлари раҳбарияти бундай ҳужумлар ўзини оқлаш-оқламаслиги борасида мунозарага киришиши аниқ.

— Россия армиясида айни дамда шахсий таркиб етарлими? 2024 йилда Россияда янги сафарбарликни кутса бўладими?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Менимча янги сафарбарлик бўлмайди. Россияга фронтда қўшин етарли — Украина армиясининг катта ёриб ўтишларига ортиқ йўл қўймаслик, захираларни Украина ҚКдан қарши ҳужумга ўтиш хавфи келиб турган ҳудудларга кўчириш учун одам етарли. Шунингдек, Россия раҳбарияти 2022 йил сентябрида ҳосил бўлган вазият такрорланмаслигига максимал ҳаракат қилади, бу ҳақда Путин ҳам ўзининг тўғридан тўғри линиясида ваъда берди.

Стефан Волф: РФ ҚК урушнинг дастлабки олти-саккиз ойида кузатилган, Украинанинг қаршилигига етарли баҳо берилмаслиги натижасида пайдо бўлган шахсий таркиб етишмаслиги мавзусини ёпиб бўлди. Ҳозирда Россияда тўлақонли янги сафарбарлик тўлқини тайёрланмаяпти. РФ ҚК катта қийинчиликлар билан бўлса-да, 2022 йил кузида ҳарбий хизматга чақирилганларни ўқитиб, қурол-аслаҳа билан таъминлай олган, яна бир неча юз минг киши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг фуқаролик секторидан юлиб олинган бу қадар кўп инсонлар мамлакат иқтисодиётига зиён етказилишига олиб келиши мумкин, бу эса урушнинг учинчи йили шароитида янги муаммо келтириб чиқаради.

Уилям Кортни: Россия қуролли кучларида позицион уруш олиб бориш учун инсон ресурслари етарли, лекин қарши ҳужумга ўтиш учун етарли эмас. Украина қуролли кучлари ҳам худди шунга ўхшаш вазиятга дуч келган, қисман шу сабабли Украинанинг қарши ҳужуми режалаштирилганига терс ўлароқ муваффақиятсиз якунланган. Путин сафарбарлик масаласида жамоатчилик фикрига қулоқ тутишини намойиш этиб бўлди, бироқ унинг такрорланиш эҳтимоли барибир сақланиб турибди.

— Россиянинг Украинада ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли бир аввалгидан пастроқми ёки юқори?

Стефан Волф: Паст. Ядровий қурол — энг сўнгги чора. Россия ҳозир нисбатан комфорт вазиятда ва бу чорага қўл уриш учун ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Шунингдек, Си Жингпингнинг огоҳлантиришини ҳам унутмаслик керак.

Уилям Кортни: Бир неча сабабларга кўра эҳтимоллик паст. Биринчидан, Россия айрим мақсадларига шундоқ ҳам эришиб турибди. Иккинчидан, РФ ҚК ядровий портлашдан кейинги шароитларда жанг қилишга қодир эмас. Учинчидан, 2023 йилда Хитой ва Ҳиндистон етакчилари Владимир Путинни атом бомбасидан фойдаланиш борасида очиқчасига огоҳлантирган. Фикримча, ҳозир бундай қирғин қуролидан фойдаланиш эҳтимоли урушнинг ўтган 22 ойи ичида энг паст даражада.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Эҳтимоллик бир йил олдин ҳам паст эди, ҳозир ҳам шундай. Тактик ядровий қуролдан одатда фронтда артиллерия ўрнига фойдаланилади: жанг майдонини тозалаб, култепага айланган жой бўйлаб илгарилаш учун. Эҳтимол, рус ҳарбийларининг шундай йўл тутиш учун қўллари қичиб тургандир, лекин бу зарбадан сўнг ҳудуд узоқ вақтгача зарарланади ва яшаш учун яроқсиз бўлиб қолади. Кейин улар бундай «озод қилинган» ерни нима қилишади?

Ядровий қуролдан фойдаланиш шундоқ ҳам халқаро майдонда обрўси ер билан битта бўлиб ётган Россиянинг аҳволини янада оғирлаштиради. Россия ҳамон бир неча давлатлар билан савдо, ҳаттоки ҳарбий-техника ҳамкорлигини сақлаб турибди ва айрим савдо соҳаларида уларга боғлиқ. Айтайлик, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия билан. Улар шу ондаёқ Россия билан ҳар қандай алоқадан воз кечишади, чунки ядровий қуролдан бутун жаҳонда қўрқишади. Кремлдагилар буни тушунишади.

— Ноябр ойида The Economist журналистлари украиналик мулозимларга таяниб, Володимир Зеленский ва Валерий Залужний ўртасида зиддият борлигини ёзиб чиқишди. Декабр ойи бошида The Financial Times журналистлари Украина қуролли кучлари бош қўмондони президент Зеленский билан биргаликда суратга тушмаётганига урғу беришди. Украина раҳбариятидаги потенциал можаро урушнинг боришига таъсир ўтказиши мумкинми?

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Мен Зеленский ва Залужний ўртасида муаммо бор-йўқлигини билмайман. Улардан ҳеч бири менга қўнғироқ қилиб, иккинчиси устидан шикоят қилганича йўқ. Уруш қилаётган давлат учун раҳбарлар ўртасидаги можаро албатта ёмон. Нима бўлган тақдирда ҳам, куч бирликда, ҳар қандай сиёсий ўйинлар барчасини барбод қилади.

Стефан Волф: Элита орасидаги тўқнашувлар доимо давлат учун хавфли бўлиб келган. Ҳокимият коридорларида нималар бўлаётгани ҳақида фикр юритиш қийин, аммо Залужний ҳамон аҳоли ўртасида машҳурлигини сақлаб турибди. Унинг кутилмаганда истеъфога чиқарилиши унинг сиёсий карераси бошланиши, Зеленскийга ўта кучли рақиб пайдо бўлишига олиб келади ва бу унинг учун хавфли. Шу сабабли Залужнийнинг истеъфога чиқарилиши эҳтимоли кам.

Украина элитаси вакиллари урушнинг дастлабки ҳафталаридаги — мамлакатда мутлақ бирлик ҳосил бўлган кайфиятга қайтиши керак. Бироқ, ғалабага эришиш тобора қийинлашиб бораётган шароитда бирликка эришиш қийинлашаверади, шунинг учун инсонлар «айбдор така»ни қидира бошлашади. Ички можаролар авж олмаслиги учун Украина 2024 йилдаги конкрет мақсадларга эътиборни қаратиши керак, масалан, ўз назорати остидаги ҳудудларни йўқотмаслик, захираларни кенгайтириш, ва Доналд Трампнинг эҳтимолий президентлигига тайёргарлик кўриш. Буларнинг ҳаммаси эришса бўладиган мақсадлар ва буни икки йилдан буён ватани учун жабр чекаётган аҳоли ҳам қўллаб-қувватлайди.

Уилям Кортни: Сиёсат айнан қандай қилиб урушга таъсир ўтказиш мумкинлигини айтиш қийин. Сиёсий беқарорлик оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар — масалан, Иккинчи жаҳон уруши даврида биз тартибсизлик туфайли Дюнкерк остонасидаги фалокатга йўлиққанмиз. Фикримча, Зеленский ва Залужний ўртасидаги потенциал зиддият шунга ўхшаш нарса томон етаклайди, деб ўйламайман: биз қарийб икки йилдан буён Киев томонидан анчайин самарали бошқарувга гувоҳ бўлиб келмоқдамиз.

— 2024 йилда фронтдаги кучлар нисбати қандай ўзгариши мумкин?

Стефан Волф: Умид қиламанки, ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо қўрқаманки, агар ғарб давлатлари Украинага аввалги ҳажмда ёрдам бериш борасида келиша олишмаса, Россия нисбатан устунликка эга бўла бошлайди. Фикримча, Россиядагилар ҳам айнан шундан умид қилишмоқда: «Келинглар, ғарб урушдан чарчагунча кутиб турайлик ва сўнгра секин-аста Украина ресурсларининг қолдиқларини йўқ қиламиз», қабилида.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи: Кучлар нисбати ўзгаришини олдиндан айтиш жуда қийин. Биз ҳозирча ғарб томонидан қурол-яроғ етказиб бериш масаласи нима бўлишини аниқ билмаймиз. Мен камида АҚШ ички нифоқларни енгиб ўтиб, Украина ҚК учун янги ёрдамни маъқуллайди, деб ўйлаяпман.

Россиянинг тактикаси Украинани ҳолдан тойдиришга эришиш нечоғлик муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ: агар Украина бу муаммоларни муваффақият билан енгиб ўта бошласа, РФ ҚК уруш олиб боришнинг янги усулини топади. Умуман олганда, бу уруш ҳар қандай прогнозлар иш бермаслигига ўргатиб бўлди. Ҳеч ким омад ғилдираги қаерга бурилишини аниқ айтиб бера олмайди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги уруш нега боши берк кўчага кириб қолди? Яна бир қарши ҳужум бўладими?