12:12 / 22.01.2024
235

Араб дунёсида АҚШга ишончсизлик: Америка ўз стратегиясини ўзгартирадими?

Араб дунёсида АҚШга ишончсизлик: Америка ўз стратегиясини ўзгартирадими?

Аввалига Исроилни шартсиз қўллаши билан араб жамиятларида нуфузини йўқотган АҚШ кейинчалик Араб баҳори, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар ортидан араб элиталаридаги ишончни ҳам бой бера бошлади. Ғазодаги бешафқат уруш эса минтақада Америка таъсирини чеклашга бўлган интилишларни ортга қайтмас жараёнга айлантирди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича сиёсатини экспертлар Камолиддин Раббимов, Фарҳод Каримов ва Шавкат Икромов билан биргаликда кўриб чиқди.

— АҚШнинг Яқин Шарқ сиёсати ўзгариши негизи Исроилнинг Ғазога босқиними ёки бошқа омиллар ҳам борми?

Фарҳод Каримов: — АҚШда “Катта Яқин Шарқ” стратегияси бор, 90-йиллар бошида маълум қилинган эди. Биламизки, АҚШнинг қудрати дунё сиёсатида бир қанча минтақалардаги приоритетлари билан белгиланади, шундай муҳим ҳудудлардан бири Яқин Шарқ. Катта Яқин Шарқ стратегияси 2006 йилда янгиланиб, Янги Яқин Шарқ стратегияси вужудга келди, бу айнан ўша эски стратегиянинг ўзи, фақат приоритетлар ва тактикалар ўзгарди. Бу нарса ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Кандализа Райс томонидан эълон қилинган.

АҚШ учун Яқин Шарқнинг марказида Исроил туради, унинг атрофида стратегия қурилган. Шу маънода Ғазодаги, Ироқдаги, Суриядаги воқеалар ўша стратегиянинг бир қисми, шунинг учун ҳам катта ўзгаришлар бўлмайди, кичик тактик ўзгаришлар бўлиши мумкин. Қачонки Яқин Шарқдаги ўйинчилар ўзгарса, ўшанда катта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бугунги кунда минтақага Хитой омили кириб келяпти, илгари ҳимоячи сифатида фақат АҚШ чиқарди Яқин Шарқ масалаларида, энди суянадиган бошқа субъектлар ҳам пайдо бўляпти, бу эса ўйин қоидаларини ўзгартириб боради. Умуман, Ғазодаги ҳолат АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича стратегиясини ўзгартиради деб ўйламайман.

— Араб давлатлари жамияти ва элитасининг АҚШ билан муносабатларда тафовут борми, бу нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: — Бундай тафовут бор. Бундан олдин АҚШнинг ташқи дунёдаги сиёсий қарашларига тўхталсак. 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ учун Яқин Шарқ, араб давлатларининг аҳамияти ниҳоятда ошди. АҚШ Афғонистон ва Ироқда катта уруш олиб борди, лекин Обама ҳокимиятга келгач, бу урушлар катта тарихий хато бўлганини айтди. Сабаби эса биз уруш билан банд пайтда Хитой тинчгина иқтисодий ва геосиёсий ўсишга эришди, деди. Шундан сўнг Обама АҚШнинг доктринасини Яқин Шарқдан олиб, Хитой ва унинг атрофига қаратди. Бугунги кунда экспертлар АҚШни Яқин Шарқдан чиқиб кетаётган давлат дейишади. Кейинги 2 асрда коллектив Ғарб Яқин Шарқнинг ҳомийси, бошқарувчиси бўлиб келди. Лекин бугун дунёда геосиёсий вазият ўзгаряпти, АҚШ ичида изоляционизм кайфияти кучли, унинг мақсад ва приоритетлари ўзгармоқда. Шу пайтга қадар Яқин Шарқда асосий нефт ишлаб чиқарилар, АҚШ эса бу ҳудуднинг хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратган эди, аммо бугун энг катта нефт ишлаб чиқарувчи АҚШнинг ўзи. Қолаверса, АҚШнинг минтақадаги иштироки тушиб боряпти, чунки минтақа давлатлари билан муносабатлар бир қадар тушиб бормоқда. Шу фонда Саудия, БАА, Миср БРИКС ва ШҲТга ариза берди. Яъни минтақада АҚШдан тўйиниш, ишончсизлик ҳисси юқори. Энди араб давлатлари ҳеч қандай ҳомийларсиз мустақил ўйинчи бўлмоқчи.

Араб дунёсидаги АҚШга бўлган ишончсизликнинг биринчи сабаби Исроил. Социологик тадқиқотларга кўра, Иордания, Миср, Саудия каби давлатларда аҳолининг 97 фоиздан 100 фоизгача бўлган қисми АҚШнинг минтақадаги сиёсатини салбий баҳолайди, айниқса, Исроилни бирёқлама қўллашини. Охирги 5-10 йилликда араб давлатлари тенденцияси ўзгариб бормоқда.

Шавкат Икромов: — Тарихга назар солсак, АҚШ Яқин Шарқда мустамлакачилик сиёсати юритмаган, шу нуқтаи назардан 1967 йилгача Кўрфаз араб давлатлари АҚШга ишонч билидириб келган. Араб давлатлари сиёсий элитаси вакиллари ҳам бизни қўллагани учун биз ҳам шунга яраша нимадир берамиз, деган тафаккурда бўлган. Лекин жамоатчилик фикрида бунинг акси кўринади. 2022 йилдаги араб давлатларида ўтказилган сўровномада Яқин Шарқ учун асосий хавф сифатида қайси давлатни кўрасиз, деган саволга 84 фоиз одам Исроилни айтган бўлса, яна бирида 78 фоиз одамлар АҚШни айтган. Бундан ташқари, Хитойни ҳам келажакдаги хавф сифатида баҳолашган.

Араб сиёсий элитаси ва жамоатчилигининг АҚШга нисбатан муносабати турлича. 1967 йилги араб давлатлари ва Исроил урушида АҚШ Исроилни қўллаган ва шундан бошлаб босқичма-босқич тарзда АҚШга нисбатан ишончсизлик шаклланиб келмоқда. 2003 йилда АҚШнинг Ироққа кириши бу ишончсизликни юқори нуқтага чиқарди. Араб баҳори воқеалари эса АҚШга нисбатан сиёсатни бошқатдан кўриб чиқиш масаласини қўйди. Араб давлатлари сиёсий элитаси ва жамоатчилигида фарқли бўлса-да, АҚШга нисбатан ишончсизлик бор.

— АҚШнинг Катта Яқин Шарқ стратегиясида бугунги рақиби тўлақонли Хитойми?

Фарҳод Каримов: — Яқин Шарқ бўйича АҚШнинг асосий рақобатчиси совет иттифоқи эди, шунинг учун ҳам араб давлатлари бир неча қисмларга бўлиниб қолган, яъни социализмни қўлловчилар ва капитализмни танлаганлар. Собиқ иттифоқ парчалангач, яққол дилерлик АҚШга ўтди. Россия вақти-вақти билан Сурия, Эронда ўзининг мавжудлигини кўрсатиб турди, лекин умумий ҳолатда АҚШ устунлик қилди минтақада. Собиқ иттифоқ қўллаган Сурия, Ироқ, Ливия каби давлатларда қандай вазият бўлганини кўрдик.

Бугун Хитой минтақага кириб боряпти, лекин унинг стратегияси бошқача. Асосан иқтисодий омиллар орқали кириб бормоқда, минтақа давлатларининг Хитойдан иқтисодий таъсирланиши ортиб бормоқда. Нефт ва энергия ресурсларининг асосий импортёри Хитой бўляпти, шу билан бирга Хитой маҳсулотлари учун Кўрфаз араб давлатлари бозор бўляпти. Қизил денгиздан ўтадиган савдо кемалари асосан Хитой маҳсулотларини ташияпти. Хитойнинг фақатгина Жибутида ҳарбий базаси бор, бу ҳам савдо кемаларини қўриқлаш учун. Асосий омил иқтисод бўляпти.

Тўғри, ҳали Хитойнинг иштироки АҚШчалик эмас, аммо кириб боришда давом этяпти. АҚШнинг асосий ҳамкорлари ҳам Хитой билан яқинлашмоқда. АҚШнинг қудрати масаласи сўроқ остига тушиб бормоқда. Яқин Шарқ минтақаси давлатларининг ўзи ўсяпти, бошқа иштирокчилар пайдо бўляпти ва шу фонда АҚШ иштироки қийинлашяпти. Хитой ҳарбий жиҳатдан кирмаяпти, балки бу унга керак ҳам эмасдир. Ҳатто Хитой Жанубий Америкага ҳам кириб бормоқда.

— Қатардаги Ал-Удейд базасида АҚШнинг мавжудлиги яна 10 йилга узайтирилди. Бундай воқеалар фонида бўлиши АҚШнинг Яқин Шарққа нисбатан ёндашуви ўзгаришини билдирадими?

Фарҳод Каримов: — Фақатгина АҚШнинг ташаббуси эмас. Араб давлатлари ҳам бир неча марта АҚШга мурожаат қилганини кўрганмиз, шу маънода АҚШ бу минтақада қўриқчи давлат сифатида шаклланган. Араб давлатлари учун ҳам армия шакллантириш, уни сақлашдан кўра тайёр структурадан фойдаланган яхшироқ. Бундан ташқари, Туркия, Британия ҳарбийлари ҳам қўриқлади бу ҳудудларни. Шунинг учун ҳам бу муддат чўзилиши ва кенгайтирилиши АҚШнинг Яқин Шарққа нисбатан сиёсатига устуворлик бериши деб ўйламайман. Араб давлатларининг ўзининг ташаббусидан келиб чиққан ҳолат бу.

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг ташқи дунёда ўнлаб ҳарбий базалари бор. Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий база Саудияда эди. Усама Бен Ладен Саудия подшоларига муқаддас заминда ғайридинлар бундай база қуриши мумкинмас деб эътироз билдиргач, Саудия илтимоси билан бу база Қатар ва Баҳрайнга кўчирилган эди.

Давлатларнинг ўз манфаатлари бор. Саудия ва Қатар ўртасида зиддият бўлганда ҳарбий базалар АҚШ учун геосиёсий мувозанатни сақлаш учун ёрдам берган. Бу ҳарбий базалар асосан Эрон ва Ироққа қаратилган эди.

Умумий контекстда минтақада АҚШнинг иштироки пасайиб бормоқда. Араб давлатлари билан яширин-ошкор муаммолар фонида шундай бўлмоқда. Яқингача ҳам Саудия АҚШнинг энг яқин ҳамкори эди. Трамп ҳам биринчи ташрифини араб давлатларига қилган эди. Байден ҳокимиятга келишидан олдин Яман, Жамол Қошиқчи сабабли Саудияни халқаро майдонда иҳоталайман деди, аммо бу нарса АҚШнинг стратегик манфаатларига тўғри келмасди. Шундай муносабатлардан сўнг Муҳаммад бин Салмон норози бўлиб, геосиёсий векторларини тақсимлаб, Россия ва Хитойга яқинлашди.

Умуман, тиктоник тўзгаришлар бўляпти геосиёсий майдонда. Хитой қудрати ўсяпти, Украина ҳудудида Россия ва Ғарб уришяпти. Шу фонда араб давлатлари ҳам геосиёсий векторларини қайта тақсимлаяпти.

Шавкат Икромов: — Хитойнинг минтақадаги сиёсий иштирокида энг катта воқелик Эрон ва Саудия ўртасидаги келишувга воситачилик қилгани бўлди. Бу ҳам Хитойнинг таъсири ортаётганини кўрсатади деган қарашлар пайдо бўлди. Лекин Эрон ва Саудия келишувида Хитойнинг таъсири жуда оз. Чунки Саудия ва Эрон Ироқни қўллаш борасида келишувга эришган эди. Ўша пайтдаги Ироқ бош вазири Козимий даврида Саудия ва Эрон вакиллари иштирокида Боғдодда 5 марта учрашув ташкил қилган эди. Бундан ташқари, Уммон ҳам бу икки давлатни яраштиришга уринган. Пекинга боргунга қадар икки давлат келишувга тайёр эди, охирги нуқта Пекинда қўйилди.

Ушбу контекстда кўриш мумкинки, минтақа давлатлари АҚШ иштирокисиз ўз муаммоларини ҳал қилмоқчи. Ўзаро тил топиша олишларини ҳам кўрсатишяпти. АҚШга шундай сигнал бериляптики, агар АҚШ минтақадаги ўз вазифаларини бажармаса, биз бошқа кучли давлатлар билан ҳам иш кўрамиз, ҳатто Эрон билан хам келиша оламиз, демоқчи. Эрон ва Саудия Хитой кафиллигида ўз шартларини бажаради. Энг асосий масала Сурия, Ливан, Ироқдаги вазият тартибга келиши бўлмоқда. Хитой Саудия, БАА давлатлари учун нефтга боғлиқ бўлмаган ҳамкорлар ичида биринчи ўринда турибди. Хавфсизлик, нефт масалаларида АҚШ устунлиги сақланиб турибди ва бу ҳали давом этади.

— Яқин Шарқдаги нефт ресурслари тугаши АҚШнинг бу минтақадаги қизиқишига таъсир қиладими?

Шавкат Икромов: — Араб давлатлари бу нарсани ҳам ҳисобга оляпти. Шунинг учун ҳам нефтдан бошқа маҳсулотлар билан дунёга чиқиш ва иқтисодиётнинг нефтга боғлиқлигини камайтирмоқчи. Нефт ресурслари тугаса ёки алтернативалари кенг ёйилса, АҚШ позицияларини ўзгартириши ҳам мумкин. Лекин Исроил давлати мавжуд бўлар экан, унинг хавфсизлиги Эрон омили бўлар экан, АҚШ минтақадаги позицияларини ўзгартириши эҳтимоли йироқ.

АҚШ экспертлари БАА, Кувайтдаги базаларни АҚШ иқтисодига зарар келтирувчи базалар деб айтади, чунки булардан ташқари етарли ҳарбий базалари бор. Қатардаги Ал Удейд базаси ҳам айнан Қатар амбицияларига кўра қурилган, яъни Эрон ёки Саудиядан бўлувчи хавфларга нисбатан.

Фарҳод Каримов: — АҚШнинг асосий қудрати ички ишлаб чиқаришда эмас, балки унинг иқтисодий институтлари ва демократик принципдаги сиёсатида. Бутун дунёда асосий иқтисодий муносабатлар долларда бўлар экан, унинг қудрати йўқолмайди. Иқтисодий институтлар ва долларнинг қудратини белгиловчи омил энергия ресурслари эди. Нефт ресурслари тугаши стратегик ўзгаришларга олиб келади, балки аллақачон бу нарса ҳақида ўйлаётгандир ҳам. Лекин чиқиб кетишни эмас, балки шу даражани сақлаш учун асосий сервислар, транзит йўлларини назорат қилишга ҳаракат қилади. Ишлаб чиқариш борасида Хитойга етолмайди, шунинг учун эндиги масала товар айланмаси йўлларини, долларда савдо бўлишини назорат қилиш бўлади. Осиё ва Ғарбни боғловчи энг асосий йўллар айнан Яқин Шарқдан ўтади. Шу нуқтаи назардан АҚШ учун минтақанинг аҳамияти пасаймайди.

Иккинчи масала мафкуравий масала. Катта Яқин Шарқ концепцияси Исроил атрофида қурилган, шу сабабли бу минтақа АҚШ учун керак. Барибир аҳамияти катта бўлиб қолаверади.

— Эрон АҚШ учун стратегик рақибми ёки Исроил омили сабаб зиддият мавжудми?

Камолиддин Раббимов: — Фақат Исроилга боғлиқ эмас. 1979 йилдаги инқилобдан сўнг Эрон иҳоталанди, шу сабабли Эрон томони АҚШнинг рақиблари билан ҳамкорлик қилишга киришди, унда танлов йўқ, фақат бир қутб очиқ. Шимолий Корея ҳам бор Эронга ўхшаш давлатлардан, аммо Эрон қудратлироқ ва муҳимроқ. Эронга фақат Исроил призмасидан қаралмайди, яқин ўтмишгача Саудия билан ҳам муносабатлар жуда салбий эди. Саудия Эрон муносабатларида 3 та қават бор: геосиёсий, мазҳабий ва ички сиёсий тузум. Эрон подшоликни йиқитиб, республика шаклига ўтгач, зиддиятлар янада кучайган эди, аммо яқинда ярашди бу икки давлат.

Баъзи АҚШ президентлари Эронга нисбатан муносабатни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилган, жумладан, Обама. У ҳокимиятга келгач, Эронни ёвуз давлатлар қаторига қўшиш хато бўлган, деди ва Эрон билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат бошлади, аммо ҳокимиятга Трамп келди ва барчаси аввалги ҳолатга қайтди. Байден ҳокимияти даврида Эронга нисбатан муносабат мўътадил бўлиб турибди, агар Трамп ҳокимиятга қайтса, салбий муносабат кучайиши мумкин.

Шавкат Икромов: — 1979 йилгача Эрон ва АҚШ яхши ҳамкорлар бўлишган. Аммо инқилобдан сўнг салбий муносабатлар бўлди, лекин ҳали ҳарбий тўқнашув даражасидаги зиддиятга боришгани йўқ.

АҚШ Эрон омилини бошқа давлатларга таъсир ўтказиш учун ҳам ишлатади. Масалан, Саудия, Кувайт, Қатарга Эрон таҳдиди уқтирилиб, ўз ҳимоясини таклиф этади. Ўзи Эрон ва Саудия ўртасида у қадар жиддий зиддиятли мавзулар йўқ, кўпроқ Ироқ масаласида тортишув бўлади. АҚШ фақат Исроил омили сабаб эмас, балки ўзини минтақага ҳимоячи давлат сифатида кўрсатиш учун ҳам Эрон феноменидан фойдаланади.

Фарҳод Каримов: — Менда ҳам Шавкат Икромов фикрларига ўхшаш қараш бор. Эрон АҚШ учун стратегик рақиб эмас аслида, АҚШнинг миллий хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид ҳам қилмайди. Яқин Шарқда мавжуд бўлиш учун худди Hollywood киноларидагидек битта умумий душман қиёфаси керак эди АҚШга, Эрон эса бу “рол”ни яхши бажариб берди. Айниқса, совет иттифоқи тугатилгач, бундай душман қиёфаси жуда керак бўлди. Россиянинг Яқин Шарққа таҳдиди кўринмагани учун Эрон кун тартибига чиқди. Агар Эрон ҳам ички ва ташқи амбицияларини янгилаб, либерализмга ўтадиган бўлса, АҚШнинг кераги бўлмай қолади минтақа давлатларига. Лекин Исроил учун Эрон ростдан хам катта хавф ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Эрон АҚШ учун стратегик душман эмас, аммо шунчаки беэътибор қолдирадиган давлат ҳам эмас.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё