date

Шаолинда жанжал: роҳибга нисбатан оғир гумонлар

Шаолинда жанжал: роҳибга нисбатан оғир гумонлар

Шаолин ибодатхонаси – буддизм, тинчлик ва жанговар санъат билан танилган муқаддас маскан. Аммо сўнгги кунларда бу муқаддас жой номус ва шубҳалар гирдобида қолди. Хитойнинг Хэнан провинциясида жойлашган ушбу ибодатхона бош роҳиби Ши Юнсин жиддий айбловлар остида қолгани ҳақида China Daily хабар берди.

Унга нисбатан суриштирувлар олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, Ши Юнсин ибодатхона маблағлари ва мулкларини шахсий манфаати учун ишлатганликда гумонланмоқда. Шу билан бирга, у бир неча аёллар билан “шариатга тўғри келмайдиган муносабатлар” ўрнатгани айтилаяпти. Бу эса роҳиблар томонидан қабул қилинган қасамёдга очиқдан-очиқ хилофликдир. Роҳиблар ўз қасамларига кўра ўғирлик, зино ва дунёвий моддий манфаатлардан воз кечишга сўз берадилар.

Ши Юнсин 1999 йилда бош роҳиб сифатида тайинланган ва ўша пайтдан бошлаб Шаолин ибодатхонасидаги фаолияти билан бутун дунёда танилган. У “Шаолин савдо-саноат компанияси”ни ташкил этган, ушбу компания орқали буддизм, жанговар санъат ва ибодатхонага оид 200дан зиёд савдо белгиларини патентлаган. Бу ҳолат ибодатхонанинг тижорат марказига айлангани ҳақида баҳсларни келтириб чиқарган.

Бундан ташқари, Шаолин ибодатхонаси фондлар, яккакураш мактаблари, нашриётлар ва киностудияларга эгалик қилиши ҳам юзага келган саволларни янада кўпайтирган. Чунки маънавий таълим ва одоб-ахлоқ меъёрлари асосида фаолият юритиши керак бўлган ибодатхона нима учун бунча иқтисодий ва тижорат структураларига эга?

Эътиборли жиҳати шундаки, бу айбловлар илк марта эмас. South China Morning Post маълумотларига кўра, Ши Юнсин 2015 йилда ҳам шундай айбловлар билан танқид остида қолган. Унинг собиқ шогирди уни маблағлар талон-торожи ва никоҳсиз фарзанд кўрганликда айблаган. Аммо 2016 йилда бу иш суд томонидан бекор қилинган.

Бугун эса қайта кўтарилган шубҳалар ва янги маълумотлар президентлар даражасидаги муҳокамаларга сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Ибодатхона сўнгги пайтларда сайёҳлар, киноижодкорлар ва тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратаётгани, аммо руҳий таълим ва маънавият борми, деган саволни ўртага ташламоқда.

Ҳозирча расмий органлар Ши Юнсинга нисбатан аниқ қарор чиқармаган. Аммо суриштирувлар фаол давом этмоқда. Ибодатхона ходимлари ва маҳаллий аҳоли бу ҳолатдан чалкаш ҳолда. Чунки улар учун Шаолин – муқаддас маскан, ва бундай шубҳалар уларнинг қалбини титратмоқда.

Жамоатчилик орасида бу воқеа катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик буни маънавий раҳбарият ва моддий манфаат ўртасидаги тўқнашув, деб баҳоламоқда. Келгусида бу иш қандай ҳал этилади – вақт кўрсатади. Аммо аниқки, Шаолин энди аввалгидай фақат тинчлик ва илоҳийлик рамзи сифатида кўрилмаслиги мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шаолинда жанжал: роҳибга нисбатан оғир гумонлар