Фото: AFP
Америка фонд бозори катта суръатлар билан ривожланмоқда. Ўтган уч ой S&P 500 индекси деярли 15 фоизга ошиб, рекорд ўрнатди. Сўнгги иқтисодий маълумотлар ҳам инвесторлардаги оптимизмни қўллаб-қувватлайди. 2 феврал куни АҚШ Меҳнат вазирлиги январда 353 минг янги иш ўринлари яратилганини маълум қилди, бу – кутилмалардан анча кўп. Қўшма Штатлар иқтисодиёти 2023 йилнинг охирги чорагида 3,3 фоизга ўсди. Инфляция ФЗТнинг 2 фоизлик мақсадига яқинлашиб бормоқда. Инвесторлар йил охирига келиб асосий фоиз ставкаси ҳозирги 5,25 фоиз ва 5,5 фоиз оралиғидан 4 фоиз ва ундан пастроққа тушишини кутмоқда, бу эса Америка иқтисодиётининг ўсишига катта туртки беради. The Economist бу ўсиш ортида яширинган бир қатор муаммоли жиҳатлар ҳақида ёзди.
Январ ойи якунида ФЗТ раиси Жером Пауэлл инфляция “ҳали ҳам жуда юқори” эканини таъкидлаб, яқин орада фоиз ставкаси пасайтирилиши мумкинлиги ҳақидаги умидларни пучга чиқарди. Пандемия давридаги имтиёзли кредитларнинг муддати тугай бошлаган бир пайтда, Американинг 21 трлн корпоратив қарзи бўйича фоиз тўловлари муттасил ошиб бормоқда. Фойда эса деярли ўзгармас ҳолатда. Ўтган йилнинг охирги чорагида S&P 500 компаниялари ҳисобот тақдим қилишганди. Улар 2023 йилда атиги 1,6 фоиз ўсишга эришган.
Энг хавотирли жиҳат – америкалик истеъмолчилар билан боғлиқ. Пандемия даврида ҳукуматнинг қўллаб-қувватлови туфайли харидорлар қўлида тўпланган ортиқча маблағлар сарфлаб бўлинган. Кредит карталари бўйича дефолт ставкалари изчил ўсиб бормоқда. Таълим кредити бўйича тўхтатиб қўйилган тўловларнинг қайта тиклангани эса босимни янада оширади.
Натижада тадбиркорлар қийин кунларга тайёрланмоқда. 23 январ куни мебел савдоси билан шуғулланувчи Wayfair компанияси ходимларининг 13 фоизини ишдан бўшатишини эълон қилди. 25 январ куни кийим-кечак ишлаб чиқарувчи Levi Strauss жорий йилда даромадининг ошиши кутилмалардан пастлиги сабабли ходимларининг 10 фоиздан 15 фоизгача қисмини ишдан бўшатиши ҳақида хабар қилди. 30 январ куни маиший техника ишлаб чиқарувчи Whirlpool компанияси 2024 йилда савдо суст бўлиши кутилаётганини билдирди.
Американинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси General Motors бош директори Мари Барранинг айтишича, бу йил Америкада сотиладиган автомобиллар сони 3 фоизга ошиши кутиляпти. Бу ёмон эмас, лекин ўтган йилги 12 фоиз ўсишдан анча паст. Нархлар талабни қўллаб-қувватлаш учун туширилиши кутилмоқда, бу эса фойда миқдорини камайтиради. Шунингдек, Tesla ҳам жорий йилдаги ўсиш суръати “пастроқ бўлиши мумкин” дея огоҳлантирди. Бу хабар компания акциялари 12 фоизга тушиб кетишига олиб келди.
Иккинчи энг катта муаммо – Хитойдаги истеъмол кайфиятининг ёмонлашувидир. Мамлакат кўчмас мулк секторидаги инқироз истеъмолчилар кайфиятига таъсир кўрсатган. Масалан, Nike акцияларининг нархи Хитойда секинлашган сотувлар фонида кескин тушиб кетди. iPhone сотуви йиллик 2 фоиз ўсишни қайд этишга муваффақ бўлган бўлса ҳам, унинг Хитойдаги сотувлари 13 фоизга пасайди. Apple, Nike вa Starbucks учун маҳаллий компаниялар билан рақобатнинг кучайиши қўшимча муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Учинчи катта муаммо – Америкада жонлана бошлаган маҳаллий ишлаб чиқаришнинг яна секинлашаётгани. Ўтган йилнинг биринчи ярмида мамлакатдаги заводлар қурилиши 17 фоизга ошган бўлса, бу кўрсаткич иккинчи ярим йилликда 8 фоизгача секинлашган. Тайваннинг чиплар ишлаб чиқарувчи TSMC компанияси 18 январда Аризона штатида иккинчи яримўтказгичлар заводининг очилишини бир ёки икки йилга кечиктиришини эълон қилди. Бундан сал олдин эса, биринчи заводнинг очилиши ҳам кечиктирилганди.
Шунингдек, чиплар ишлаб чиқарувчи бошқа бир Intel компанияси ҳам Оҳайо штатидаги заводнинг очилишини кечиктирган. Бунинг сабаби Байден маъмурияти томонидан ваъда қилинган субсидиялар секин ажратилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чип ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қонунда маҳаллий яримўтказгичлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун белгиланган 52 млрд доллардан ҳозиргача фақат кичик бир қисми ажратилган. Американинг автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялари ҳам ишлаб чиқаришга қўйилган сармояларни қониқарсиз сотувлар туфайли кечиктирмоқда.
Сунъий интеллект йўналишида оптимизм
Сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги фаолият секинлашиш аломатларини кўрсатмаяпти. Amazon, Alphabet вa Microsoft каби учта гигант компания ўзларининг булутли технологиялари йил давомида мос равишда 13 фоиз, 26 фоиз ва 30 фоиз ўсиши ҳақида хабар берди. Учала компания ҳам инвесторларга СИ бўйича амалга ошириладиган лойиҳалари келгуси йилда капитал сармояларни оширишга олиб келишини айтди. Хусусан, 1 феврал куни Meta жорий йилда ушбу тармоққа 37 млрд долларгача сармоя киритишини маълум қилди. Бунинг ортидан бир кун ичида компаниянинг бозор қиймати деярли 200 млрд долларга ошиб, 1,2 трлн долларга етди. Бу Wall Street тарихидаги энг йирик бир кунлик сакраш сифатида қайд этилди.
Бироқ Американинг қолган компаниялари сунъий интеллектда сезиларли иқтисодий натижаларга эришиши учун бирмунча вақт талаб қилиниши мумкин. BCG консалтинг фирмасининг ўтказган сўровномасига кўра, компанияларнинг атиги 5 фоизи ушбу технологиядан умуман фойдаланмаяпти, 71 фоизи “чекланган тажриба ва кичик миқёсдаги пилот лойиҳалар” билан шуғулланяпти. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Jeju Air самолётининг қора қутилари 4 дақиқа олдин ёзиб олишни тўхтатган экан
"Наши" асосчиси: Путиннинг муваффақиятсизликларида амалдорлар айбдор!
«Энг кучли» паспортлар рейтинги эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Олимлар: интернетдаги ботлар иқлим инқирозини кучайтирмоқда
АҚШнинг 2024 йилда юз берган табиий офатлардан кўрган зарари қанчага етди?
Журналистлар ҳалок бўлган 88 минг россиялик ҳарбийларнинг исмини аниқлади
Норвегияда оммавий равишда бомбадан ҳимоя қилувчи бошпаналар қуриш бошланади
Хитойда янги тренд: ўқувчиларни мактабга курер олиб бормоқда