19:25 / 13.03.2024
173

Ғазодаги уруш 2024 йилда “араб кўчасига” қандай таъсир қилади?

Ғазодаги уруш 2024 йилда “араб кўчасига” қандай таъсир қилади?
Ғарбий соҳилдаги Иброн шаҳрида намойишда қатнашаётган қиз / Фото: AFP
Декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тасдиқловчи резолюцияни қабул қилди. 172 давлат ёқлаб, ўнтаси бетараф овоз берган бўлса, фақат тўртта давлат, жумладан, АҚШ ва Исроил қарши овоз берди.

Бир вақтнинг ўзида Вашингтондаги сиёсий доиралар ва айрим оммавий ахборот воситалари “Араб кўчаси” ва глобал жанубнинг қолган қисми манфаатларига мутлақо зид бўлган Исроил-Фаластин ҳақидаги “ривоятларни” такрорлай бошлади. “Иброҳим келишувлари” доирасини кенгайтириш ва бу орқали Фаластин масаласини “кўмиб ташлашга” уринишлари билан Байден маъмурияти ва АҚШ ташқи сиёсати идораси араб дунёсини тушуна олмаётганини кўрсатди.

2024 йилда ҳам “Араб кўчаси”га хотиржамлик қайтмайди

Ғазодаги кескинлик Фаластин масаласи араб жамиятларида ҳамон муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади. 1948 ва 1967 йиллардаги Араб-Исроил урушлари ва бошқа тарихий воқеаларнинг аччиқ мероси минтақадаги кўпчилик учун ғазаб ва норозилик манбайи бўлиб қолмоқда. Октябр ойидан бери авторитар ҳукуматларнинг қаттиқ босимига қарамасдан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйлаб намойишлар давом этар экан, Фаластин масаласи араб ватандошларини сафарбар қилишда давом этишига гувоҳ бўлдик. Айнан мана шу омил кўплаб араб ҳукуматлари нуқтайи назарида Фаластин масаласи хавфини оширади.

Зеро, ҳар доим бўлганидек, араб мамлакатларидаги Фаластин бирдамлиги шиорлари остидаги норозиликлар тезда бошқа масалаларни, жумладан, минтақа давлатлари сиёсий етакчилари Исроилнинг шафқатсизлигига нисбатан пассивлиги ва Тел-Авив билан муносабатлари, шунингдек, коррупциядан тортиб иқтисодий нотўғри бошқарувгача бўлган масалаларни юзага чиқариши ва ҳаттоки, режимларнинг қонунийлиги бўйича эски даъволарни қўзғаши мумкин.

Иордания пойтахти Амманда Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойиши / Фото: Alaa Al Sukhni / Reuters
2024 йилда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган араб давлатлари, айниқса, Исроил билан муносабатларини мўътадиллаштирган давлатларнинг етакчилари Ғазо инқирози бутун минтақада, хусусан, оммавий фаолликда иштирок этаётган фуқаролик жамияти вакиллари орасида қандай кечаётганини диққат билан кузатиб боради.

Минтақадаги сиёсатчилар ўз ҳукуматларининг АҚШ ва Исроилга нисбатан манфаатларидан воз кечмаган ҳолда жамоатчилик ғазабини қўзғатадиган нуқталарда нозик мувозанатга эришишга интилади. Бундай омиллар, эҳтимол, ҳеч бир араб давлати 2024 йилда Исроил билан алоқаларни нормаллаштирмаслигини англатади.

Фаластин муаммоси араб мамлакатларида ички ўйин кўрсатиш усулларидан ташқари, кўрфаз араб давлатлари субминтақаси хавфсизлик архитектурасида кузатишга арзийдиган муҳим динамикага ҳам сабаб бўлади. Бу можаронинг янада минтақавийлашуви ва халқаролашуви АҚШ ва Эроннинг тўғридан тўғри иштирокини эҳтимолий сценарий сифатида инкор этиб бўлмаслигини англатади. Бу рўй берган тақдирда, Эроннинг араб дунёсидаги бевосита қўшнилари ва Вашингтоннинг яқин ҳарбий иттифоқчилари ёки ҳамкорлари бўлган кўрфаз монархиялари низога энг кўп тортилган араб давлатлари бўлади.

Исроил-Эрон қарама-қаршилиги ва кўрфаз монархиялари: мувозанатли дипломатия

Исроилнинг Ғазога қарши уруши бу йил ҳам давом этса-да, Исроил-Эрон муносабатларидаги кескинликнинг янада ортиб боришини кутишга асос йўқ. Тел-Авив ва Теҳроннинг бир-бирига нисбатан душманлиги ва ҳар икки томондан қўллаб-қувватланадиган нодавлат актёрлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар эҳтимол кучайиши мумкин.

Хавфсизлик дилеммаси контекстида Эрон ва кўрфаз монархиялари, хусусан, Саудия Арабистони ва БАА можаро кенгайиб кетиши хавфи борлиги сабаб мувозанатни сақлашга ва шу билан бирга ҳарбий қудратини янада оширишга ҳаракат қилади. Мавжуд вазиятда кўрфаз монархиялари Эрон билан алоқани давом эттириб, можарони Исроил-АҚШ иттифоқи ва Эрон бошчилигидаги қаршилик ўқи доирасида қолдиришга интилади.

Бунга Иброҳим келишувларидан қатъи назар эришиш мумкин. Бироқ агар Исроил Эрон ва АҚШни тўғридан тўғри уруш ҳаракатларига жалб қила олса, кўрфаз монархиялари ҳарбий ҳаракатларнинг марказига тушиб қолиши аниқ. Бундай вазиятда мўътадиллашаётган алоқалар яшин тезликда бузилади: зеро, агар вазият талаб қилса, Эрон ракеталари етиб борадиган Америка нишонларининг деярли барчаси Ироқ ва кўрфаз ҳудудида жойлашган.

Шунингдек, Яман, Ироқ, Сурия, Ливан ва Фаластиндаги турли “милиция” гуруҳлар Исроилнинг фаластинлик тинч аҳолига нисбатан уруш жиноятлари ва вайронгарчиликлари фонида Исроилга ва ғарбга қарши курашиш мақсадида янги режаларни ишлаб чиқишда давом этади.

Кўрфаз монархиялари Суриядаги фуқаролик урушининг дастлабки йилларида бўлгани каби, ушбу милиция гуруҳларидан айримларининг ҳаракатларини назорат қилиш ёки улардан фойдаланишга ҳаракат қилса ҳам, улар бу гуруҳларни тўлиқ назорат қилиш учун ҳар доим ҳам стратегик тафаккур ва ресурсларга эга эмас. Бу минтақавий хавфсизлик муаммоларини янада кучайтиради.

Суриянинг “араб кўчасига” қайтиши

2011 йилда, Араб баҳори вақтида намойишларни зулм билан бостиргани ортидан Араб лигасидаги иштироки тўхтатилган Сурия 2023 йилда лигага қайтди. Лиганинг 2023 йил 19 майдаги Жидда саммитида Башар Асад (чапдан учинчи) иштирок этди. / Фото: Handout via Reuters
Президент Башар ал-Асад бошчилигидаги Сурия ҳукумати ўтган йили Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада реабилитацияга эришиш бўйича катта ютуқларга эришди. Дамашқ расман Араб Лигасининг тўла ҳуқуқли аъзолигини қайтариб олди, Асаднинг ўзи эса кўрфаз монархияларидан Уммон, БАА ва Саудия Арабистонига давлат ташрифларини амалга оширди.

Бу тенденция 2024 йилда қандай ривожланиши ҳам эътиборга молик масала. Ғазодаги урушнинг эҳтимолий оқибати кўрфаз монархияларининг (Қатардан ташқари) Дамашқ билан муносабатларни чуқурлаштиришига туртки бериши мумкин. Асаднинг 2023 йил 11 ноябр куни Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ар-Риёдда бўлиб ўтган қўшма фавқулодда саммитида иштирок этиши шу фикр учун эҳтимол асос бўлади.

Шу тариқа, Исроилнинг Фаластинга ҳужуми Суриянинг 2023 йилда бошланган араб давлатларига реинтеграциясини тезлаштириши мумкин. Ҳеч бўлмаганда риторик даражада Фаластин араблар орасида тез-тез бирлаштирувчи омил бўлиб келган ва ҳозир ҳам бу муаммо араб давлатларини, ҳатто юзаки бўлса ҳам, бир-бири билан муроса қилишга олиб келиши мумкин. Шунга қарамай, баъзи экспертларнинг таъкидлашича, каптагон (синтетик наркотик) савдоси каби турли муаммолар Суриянинг “араб кўчасига” қайтишига секинлаштирувчи суръат беради.

Шу билан бирга, кузатувчиларнинг фикрича, Ғазодаги уруш араб расмийларининг Сурияга 2023 йилдагига қараганда нисбатан камроқ эътибор беришларига сабаб бўлиши мумкин. Шунга қарамай, Сурия режимининг араб дунёси дипломатик доирасига қайта қўшилиши 2024 йилда “секин, лекин барқарор” давом этади.

Саудия-Эрон детанти

Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 2023 йил 11 ноябр куни Ғазодаги урушга бағишлаб Жиддада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб лигасининг қўшма саммити доирасида учрашув ўтказмоқда. / Фото: Эрон президентининг матбуот хизмати
Ғазодаги урушда Эрон ва Саудиянинг муносабати ҳар доим муҳим аҳамиятга эга бўлган. Мазкур урушдан етти ой аввал 2023 йилнинг 10 март куни Пекинда Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида Хитой, Уммон ва Ироқ воситачилигида ренормализация бўйича келишув имзоланган. Бу келишув сўнгги бир неча йил ичида минтақадаги йирик дипломатик ютуқлардан бири сифатида баҳоланди. Ар-Риёд ва Теҳроннинг муносабатлари 2024 йилда қандай ривожланишини кузатиш минтақа сиёсий ҳаёти учун ҳам, шу билан бирга Ғазодаги урушга таъсир кўрсата олиши нуқтайи назаридан ҳам муҳимдир.

Кузатувчилар икки томонлама муносабатлар дипломатик жиҳатдан самимий бўлса-да, Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатлар жуда чуқурлашишини кутиш керак эмас деб ҳисоблайди. Исроилнинг эҳтимолий ҳаракатларидан кейин Эроннинг минтақавий нишонларга оммавий жавоб ҳужумлари каби кутилмаган вазиятларни ҳисобга олмаганда, ярашув тенденцияси дипломатик даражада давом этиши мумкин, аммо бу кўп қиррали муносабатлар ва стратегик аҳамиятга эга бирор бир даражага кўтарилиши даргумон. Урушдан кейин ҳатто баъзи давлат ташрифлари бўлиши мумкин, аммо бу кўпи билан минтақадаги янги ривожланиш эмас, балки олдинги статус-квонинг қайтишини англатади.

Бу йил биз Саудия Арабистони ҳам, БАА ҳам Ислом Республикаси билан бўлган детантни сақлаб қолишни хоҳлашини кутишимиз мумкин. Бу икки давлат Вашингтонга қўшилиб Эроннинг ташқи сиёсатидан жиддий хавотирланиб, унинг минтақадаги кун тартибига шубҳа билан қараса-да, Саудия ва Амирлик расмийлари агар тартибсизликлар кўрфазга кўчиб, бу ерда кучайиб борса, уларнинг улкан иқтисодий режалари амалга ошмай қолишини тушунишади.

Бу омил нима учун Ар-Риёд ҳам, Абу-Даби ҳам Эрон билан муаммоларини ҳал қилишга интилаётгани ва у билан зиддиятларга бошқа қайтмасликларини исташини тушунишда муҳим омилдир. Ҳар икки араб давлати ҳам Эрон томонидан 2019 йил яриморолнинг энергетика инфратузилмаси ва кўрфаз монархиялари сув чегараларидаги кемаларга ҳужумлар билан якунланган ва ҳеч бир ишончли ташқи ёрдам ололмаган зиддиятли вазиятга бошқа дуч келишни истамайди.

Шу ўринда айтиш керакки, Эроннинг розилигисиз Исроил-Фаластин можаросига доимий сиёсий ечим топиб бўлмайди ва айни уруш вазиятидаги эътиборга молик жиҳати шундаки, Теҳрон Ар-Риёдда ўтказилган Араб-Ислом саммитининг икки давлат тамойили бўйича ечимни амалиётга жорий қилиш бўйича якуний баёнотини маъқуллаган эди.

Саудия Арабистони ва БАА уруш стратегик ландшафтни қандай қайта шакллантиргани ва Эроннинг минтақавий иқтисодий интеграцияни қабул қилиши стратегик силжишми ёки АҚШ санкцияларини айланиб ўтиш учун тактик ҳаракатми каби саволлар 2024 йилда ҳам кўрфаз монархиялари етакчиларининг Эрон билан муносабатларини кузатиб бориш учун асос бўлади.

Шавкат Икромов,
Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё