Фото: Reuters
Исландия жанубида Рейкянес яриморолида яна вулқон уйғониши туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу декабр ойидан буён тўртинчиси ва айни вақтда энг кучлиси.
Эвакуация қилиши сўралганлар орасида Гриндавик шаҳарчаси аҳолиси ҳам бор, бу шаҳар аввалроқ сейсмик фаоллик туфайли жиддий шикастланганди.
Исландиядаги диққатга сазовор масканлардан бири саналган Ҳаворанг лагуна (денгизнинг маржон ороллари билан ўралган қисми) атрофидаги одамлар ҳам хавфсиз жойга кўчирилмоқда. Вулқон уйғонган вақтда бу ҳудудда 500-600 киши бўлган.
Эриган лавадан қуюқ тутун кўтарилаётганига қарамай, мамлакат ҳаво кенгликлари очиқлигича қолмоқда.
Мамлакат фуқаролик мудофааси хизмати маълумотига кўра, вулқон шанба куни кечқурун Гриндавикдан шимолда жойлашган Ҳагафелл ва Стора-Скогфелл тоғлари оралиғида уйғона бошлаган.
Фото: Reuters
Аввалги вулқон отилишларидан бири айнан шу ҳудудда 8 феврал куни бошланганди.
Воқеа жойида олинган кадрларда ер юзасига оқиб чиқаётган лава ва тутун устунлари акс этган.
Жабрланган ҳудудлар устидан вертолётда учиб ўтган гуруҳ вакиллари орасида бўлган геофизик Магнус Туми Гудмундссон маҳаллий нашрлар билан суҳбатда шанба кунги отилишни айни вақтдаги энг кучлиси деб аташ мумкинлигини айтган.
Лаванинг икки тили ғарб ва жануб томон ҳаракатланган ва Гриндавик атрофидаги ҳимоя тўсиқларига етиб келган. Шаҳарнинг тахминан тўрт минг кишилик аҳолисига бир неча ҳафта олдин уйга қайтишга рухсат берилганди, улар январ ойида шаҳарга лава оқиб келиши оқибатида уч уй вайрон бўлганидан кейин хавфсиз жойга кўчирилганди.
Уларнинг аксар қисми қайтмасликни афзал кўрган.
Гудмундссон агар вулқон фаоллиги заифлашмаса, лава денгизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Агар лава денгиз суви билан учрашса, бу хавфли газлар ажралишига ҳамда кичик портлашга олиб келиши мумкин.
Ғарб томон ҳаракатланган лава Ҳаворанг лагуна ҳамда Рейкянес яриморолининг катта қисмини иссиқ сув билан таъминловчи Сварценги геотермал электр станциясига олиб борувчи йўлга етиб келган. Ҳаворанг лагуна қўшимча хабар берилгунига қадар мижозлар ташрифи учун ёпилган.
Фото: Micah Garen/Getty Images
Икки объект атрофида кўплаб ҳимоя тўсиқлари барпо этилган, деб хабар берган Reuters мухбирига Рейкявикдаги Шимолий вулқоншунослик маркази раҳбари Рикке Педерсен.
Исландияда 33 та фаол вулқон тизимлари мавжуд. Мамлакат сайёрадаги икки энг йирик тектоник плиталар туташувидаги Ўрта-Атлантика тизмасида жойлашган.
Рейкянес яриморолидаги олдинги вулқон фаоллиги XIII асрга тўғри келади — ўшанда вулқон отилиши ўнлаб йиллар давом этган.
Ҳозирги отилиш — 2021 йилдан буён еттинчиси ва олимлар ҳудудда яна ўнлаб ёки ҳатто юзлаб йиллар давом этиши мумкин бўлган янги вулқон эраси бошланаётганини тахмин қилмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Доналд Трамп ва Владимир Путин учрашуви Швейцарияда ўтиши мумкин
Мел Гибсон ёниб кетган уйининг суратини кўрсатди
АҚШга учаётган Ҳабиб Нурмагомедов самолётдан тушириб юборилди (видео)
Гренландия етакчиси Трамп билан учрашишга тайёрлигини айтди
Лос-Анжелесдаги ёнғин келиб чиқишининг техноген сабаби ўрганилади
Трампнинг "хархаша"лари борасида АҚШдаги ўзбекистонлик ватандошлар қандай фикрда?
Молдова президентига 2024 йилда берилган энг қиммат совға маълум қилинди
Трампнинг ўғли Гренландияда АҚШни қўллаб-қувватлашлари учун уйсизларга пул берди