21:36 / 19.03.2024
497

Россиядаги сайловларга дунёда қандай реакция қилинди?

Россиядаги сайловларга дунёда қандай реакция қилинди?
Александр Земляниченко / AP / Scanpix / LETA
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Владимир Путин Россия президентлиги учун сайловларда 87 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғолиб чиққан, сайловда давомат рекорд даражадаги 77 фоизни ташкил этган. Ғарбда бу сайловлар эркин бўлмаган ва адолатсиз деб аталди, аммо Путиннинг айрим иттифоқчилари анча илтифотли табриклар йўллади.

«Бу демократия эмас»

Германия ҳукумати бўлиб ўтган овоз бериш жараёнини «цензура, қатағон ва зўравонликка таянадиган авторитар ҳукмдор давридаги псевдосайлов» деб атади.

«Биз Россияда бўлиб ўтган сайловни эркин ёки адолатли деб ҳисобламаймиз. Натижа олдиндан маълум бўлган. Булар, бизнингча, нодемократик сайловлар эди», – деди Вазирлар маҳкамаси матбуот котиби Кристиан Ҳоффман.

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайернинг матбуот котиби Керстин Гаммелин маълум қилишича, немис сиёсатчиси Путинни сайловдаги ғалаба билан табрикламоқчи эмас. «Путинга хат бўлмайди», – деган у.

Германия канцлери Олаф Шолц ҳам Путинни сайловдаги ғалабаси билан табрикламасликка қарор қилган.

Германия ташқи ишлар вазирлиги Путинни Россия президенти деб аташни тўхтатишини маълум қилган. Расмий ҳужжатларда унинг фақат исми-шарифи кўрсатилади.

Франция ташқи ишлар вазирлиги «эркин, плюралистик ва демократик сайловлар учун шартлар яна бир бор бажарилмагани»ни маълум қилиб, улар «бирор холис халқаро кузатувсиз» ўтганини қайд этган.

«Россиядаги президентлик сайловларини қонуний, эркин ва адолатли деб ҳисоблаб бўлмайди, — дейилади Полша ТИВ баёнотида. — Овоз бериш жараёни аҳолига нисбатан қаттиқ репрессия шароитида ўтди, бу эса эркин демократик танловни имконсиз қилди».

Буюк Британия ташқи ишлар вазири лорд Дэвид Кэмерон ҳам қатағон мавзусини кўтарган. «Путин ўзининг барча сиёсий мухолифларини йўқ қилди, оммавий ахборот воситаларини назоратга олди ва кейин ўзини ғолиб деб эълон қилди. Бу демократия эмас», — дея қайд этган у.

Кэмерон урушга қарши ҳар қандай номзодлар дисквалификация қилингани, Алексей Навалнийнинг ўлими ҳамда Украина ҳудудлари бўлган Қрим, Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларида сайловлар ўтказилганини келтирган, шунингдек «барча сиёсий маҳбусларни, жумладан қўшфуқароликка эга бўлган [Буюк Британия ва Россия] Владимир Карамурзани озод этиш»ни талаб қилган.

Литва ТИВ раҳбари Габриэлюс Ландсбергис Россиядаги сайловлар сайловчиларнинг демократик тарзда ўз истакларини билдириши бўлмаганини айтиб, Вилюнюс унинг якунларини тан олмаслигини қайд этган.

«Бу демократик сайловлар эмас, балки ўзининг авторитар ҳокимиятини ўзи белгилаб олиш маросимидир. Россиядаги сайловлар на адолатли, на эркин бўлди», — дейилади Эстония ТИВ баёнотида.

Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари - иттифоқ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг баёнотида сайловлар тан олинмаслиги очиқ айтилмаган, аммо унда сиёсий рақобатчилар қатағон қилингани ва чеклангани билан бир қаторда, Москва ЕХҲТ (Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг) доирасидаги мажбуриятларини бузган ҳолда ташкилотнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси кузатувчиларини таклиф этмагани қайд этилган.

Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидаги овоз бериш жараёни тўғрисида баёнотда шундай дейилади: «Европа Иттифоқи яна бир бор Украина ҳудудидаги „сайловлар“ деб аталган бу жараён ўтказилганини ҳам, унинг натижаларини ҳам ҳеч қачон тан олмаган ва олмайди. Улар юридик кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга эга бўла олмайди. Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва сайловлар ташкиллаштирилишига алоқадор шахслар бу ноқонуний ҳаракатлари оқибатларига дуч келишади».

«Жаноб Путин сиёсий рақибларини қамоққа ташлагани ва бошқаларига номзодини қўйишга йўл қўймаганидан келиб чиқсак, бу сайловлар, кўриниб турибдики, эркин ҳам, адолатли ҳам эмас», — деган брифингда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кирбининг сўзларига муносабат билдирар экан, «бу тинглашга арзийдиган ва муҳим фикр эмаслиги»ни айтган.

Украина президенти Володимир Зеленский сайловлар якунлангач, «Россия диктатори навбатдаги сайловни ўхшатаётгани»ни айтганди. «Дунёдаги барчага тушунарлики, бу арбоб, тарихда аввал ҳам кўп кузатилганидек, шунчаки ҳокимият дардига чалинган ва умрбод ҳукмронлик қилиш учун барча ишни қилмоқда», — деган у.

«Натижалар жуда жиддий»

Путинни президентлик сайловларидаги ғалаба билан табриклаганлар орасида беларуслик Александр Лукашенко, КХДР раҳбари Ким Чен Ин, ХХР раиси Си Жинпинг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Боливия президенти Луис Арсе, Никарагуа президенти Даниэл Ортега, Венесуэла президенти Николас Мадуро, Мянма бош вазири Мин Аунг Ҳлаинг, Ҳондурас президент Сиомара Кастро, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Куба ТИВ раҳбари Бруно Родригес Парриля каби сиёсатдонлар бор.

БелТА агентлиги хабарига кўра, Лукашенко ишчи йиғилиши вақтида Путинни телефон орқали табриклаганини айтган ва сайлов натижаларини «ҳайратланарли» деб атаган.

«Натижалар жуда жиддий ва давомат жуда юқори бўлди. Россия Федерациясида ҳеч қачон бундай фаоллик кузатилмаган. Шунинг учун сайловчиларнинг бундай фаоллигини ҳисобга олса, бундай натижалар ҳатто маълум даражада кутилмаган бўлди. Бу менинг позициям эди ва мен унга шуни билдирдим», – деган Лукашенко.

Хитой етакчиси Си Жинпинг ҳам Путинга қўнғироқ қилди ва унинг раҳбарлиги остида «Россия миллий тараққиётда бундан-да катта муваффақиятларга эришиши»га ишонч билдирди, дея хабар қилган Хитой Марказий телевидениеси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригида сайловчиларнинг юқори фаоллиги «Владимир Путиннинг сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлаётганининг ёрқин намойиши» экани айтилади.

ҲАМАС ҳаракати раҳбари Исмоил Хония ҳам Путинни сайловдаги ғалаба билан табриклаб, «дўстлик ришталари мустаҳкамланиши»га умид билдирган.

Хония ўз табригида ҲАМАС Россия билан «ҳамкорлик алоқалари ривожланиши»га умид қилишини ва Россиянинг «Фаластин масаласини қўллаб-қувватлаш»даги позициясини «юқори баҳолаши»ни билдирган, дея ёзади РИА Новости ҳаракат телеграм-каналидаги баёнотга таяниб.

Хония Путинга «Россия халқи манфаатлари йўлида муваффақиятли фаолият» ва «кўп қутбли дунёни барпо этишда ютуқлар» тилаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё