date
views 315

Ҳусийчилар янги ҳамкорлар изламоқда: бу Россия ва Хитой бўладими?

Ҳусийчилар янги ҳамкорлар изламоқда: бу Россия ва Хитой бўладими?
Исроилнинг Ғазодаги урушига қаршилиги билан араб жамиятларида ўзига нисбатан муносабатни ўзгартира олган Яман ҳусийчилари дунёдаги бир қутблиликни парчалаш учун Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилаётганини айтишди. Бу баёнот қанчалик ҳақиқатга яқин? Мавзуга оид саволларга сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимов жавоб берди.

— Россия ва Хитойнинг ҳусийлар билан ҳамкорлиги нима учун муҳим ва ҳақиқатан ҳам ҳамкорлик ўрнатилганига оид далиллар борми?

Фарҳод Каримов
: — Ҳусийлар Ғарбга, хусусан, АҚШ ва Буюк Британияга қарши чиқаётган куч сифатида намоён бўляпти Яқин Шарқда. Кундан кунга бу масала жиддийлашиб боряпти, ҳусийлар эса ўзига ҳамкор қидиради бундай вазиятда. Ҳамкорларни кучайтириш ва кўпайтириш мақсадида ҳусийлар ўтган йил охири ва январ ойида Қизил денгиздаги Исроилга ва унга алоқадор бўлган кемаларни ўтказмаслигини маълум қилганди. Шунда ҳамкор бўлган Россия ва Хитой каби давлатларнинг кемаларига тегмаймиз деганди. Лекин Россия ҳам, Хитой ҳам позиция билдирмаган бунда. БМТ Хавфсизлик кенгашида бундай ҳусийларнинг Қизил денгиздаги ҳаракатларини қоралаган ҳам эди.

Ҳусийлар ўзига ҳамкор қидирар экан, Россия ва Хитойнинг Ғарбга нисбатан позицияси аниқ: анъанавий тарзда Ғарбнинг рақиблари ҳисобланади. Бу икки давлатда Ғарбга нисбатан принциплари бор. Ғарб, АҚШнинг ҳар қандай ҳаракатлари қораланади, тўғри-нотўғри экани кейинги масала, принципиал жиҳатдан шундай, айниқса, Россияда шундай. Ҳусийлар мана шундай унумли фойдаланмоқчи ва бизнинг шундай қудратли ҳамкорларимиз бор, деяпти. Россия ва Хитойнинг бу борадаги позицияси у даражада кучли эмас, агар ростдан ҳусийлар томонида бўлганда январ ойидаги АҚШ ва Британиянинг ҳусийларга зарба бериш резолюциясида эътироз билдирган бўларди.

Хитой бу ҳудудда уруш ҳолати бўлишидан манфаатдор эмас, чунки унинг Ғарбга борувчи асосий маршрути Қизил денгиз орқали ўтади. Худди шундай Россиянинг бу ердан ўтадиган юклари стратегик аҳамиятга эга. Санкциялар остида Россия нефтини кўпчилик олмаяпти, асосан Ҳиндистон оляпти, унга эса Қизил денгизи орқали ўтади. Ҳусийлар ҳужум қилмаса ҳам, ҳудуднинг ҳарбийлашиши бу калималарни тўхтатиб қўяди. Яъни Россия ҳам, Хитой ҳам манфаатдор эмас, шунчаки геосиёсий рақиб нуқтаи назаридан АҚШ ва Британиянинг ҳусийларга нисбатан позицияларини ёқламаяпти.

Камолиддин Раббимов: — Россия ва Хитойнинг кемаларига тегмаётганини ҳамкорликка далил деса бўлади. Ҳусийларнинг ўзлиги ва қарашини таҳлил қилиш керак. Араб дунёсида аксиляҳудийлар кайфияти кучли, мана шу аксиляҳудийлик кайфияти аксиламерикачилик кайфиятига жуда тез конвертация бўлади. Ҳусийлар шиа бўлгани учун Эронга йўналиш олади ва асосий иттифоқчи, ҳомий сифатида Эронни кўради. Араб ва мусулмон дунёсидаги аксиляҳудийлик, Эрон ва шиалардаги минтақа араб давлатларига нисбатан ишончсизлик — буларнинг ҳаммаси ҳусийларга келганда кристаллашади. Бу гуруҳнинг баёнотлари кристаллашган геосиёсий ва геомафкуравий аҳамиятга эга.

Дунёда кучлар нисбати тўғрисидаги тасаввурлар изчил ўзгариб боряпти. АҚШнинг дунёдаги тартиботига қарши чиқаётган асосий икки давлат Хитой ва Россия. Россия бунинг учун ҳаттоки йирик урушлар бошлади. Ҳусийлар айтяптики, дунёда янги тартибот шаклланиши керак, геосиёсий саҳнадан АҚШ ва Ғарб йиқилиши керак ва бу жараёнда Россия, Хитойга йўналиш олганмиз, деяпти. Ҳусийлар Россия ва Хитойнинг кемаларига, лойиҳаларига зарар беришдан жуда эҳтиёт бўляпти, тўлиқ шаклланган геосиёсий проекция дейиш мумкин.

— Ҳусийчилар ўз баёнотида БРИКС давлатлари билан ҳам ҳамкорлик қилаётганини даъво қилишган. БРИКС аъзоларини ҳусийчилар борасида якдил дейиш мумкинми?

Фарҳод Каримов
: — Якдил эмас. Бу ерда ҳусийлар ўзига нисбатан эмас, Ғазодаги ҳолат бўйича оляпти. Биз шу томондамиз, биз турган томонда мана шу кучлар, БРИКС хам бор, деяпти.

БРИКСда фақат Россия ва Хитой эмас, бошқалар ҳам бор. Хусусан, Ҳиндистоннинг позицияси бу борада бошқача. Ҳиндистон Қизил денгизда рақобатчиси бўлган Хитой ўтиб кетмаслигидан хавотирда, Хитой қатори у ҳам Қизил денгиздан фойдаланади: нефт импорти ва Европага маҳсулот ўтказишда. Яъни ҳусийлар Россия ва Хитой билан келишиб, Қизил денгизни назоратга олса, Ғарб билан яқин муносабатда бўлган Ҳиндистон учун минус бўлади.

Шунинг учун ҳусийлар ҳужум бошлагандан бери биз Қизил денгиздаги кемаларимиз хавфсизлигини оширамиз, керак бўлса, ҳарбий мавжудлигимизни кўпайтирамиз, дейишяпти. Шу нуқтаи назардан қаралса, ҳусийлар борасида БРИКС давлатларининг позицияси бир хил эмас, Россия ва Хитой ҳам позициясини очиқ айтгани йўқ. Ҳиндистон Қизил денгиздаги ҳар қандай кемаларнинг дахлсизлигини таъминлаш тарафдори. Шунинг учун БРИКС давлатлари якдил бўлиб ҳусийларни қўллайди деб бўлмайди.

Ҳусийлар ва БРИКС бир бўлди, дегани сўздан бошқа нарса эмас. БРИКС ҳарбийлашган ташкилот эмас, шунчаки Ғарбга нисбатан тийиб туриш механизми сифатида шаклланаётган инфраструктура. Бу ташкилот иттифоқ ё ҳарбий стратегияга эга эмас. Бундай бўлиши хам қийин, чунки рақобатчи давлатлар бор таркибда, Хитой ва Ҳиндистоннинг бўлиши бу ташкилот ҳарбийлашишига имкон бермайди. Ҳусийларнинг бу баёнотлари Ғарбни огоҳлантириш, қўрқитишга уриниш мотивидан ўтолмайди.

Камолиддин Раббимов: — БРИКС – глобал геоиқтисодий лойиҳа, асосий мақсади доллар ҳокимиятини заифлаштириш. Яъни БРИКС Ғарбнинг иқтисодий қудратига нисбатан қарши куч сифатида биз учун қадрли деган позиция билдиряпти ҳусийлар.

— Коллектив Ғарб учун ҳусийларнинг баёноти нимани англатади?

Камолиддин Раббимов
: — Совет иттифоқи қулагач, шундан кейин дунёда бир қутблилик пайдо бўлди, Клинтон даврида юқори нуқтага чиқди. Бугун дунёда кўп қутблилик шаклланиш жараёнида, шундай вазиятки, кўп қутблилик ҳам, бир қутблилик ҳам деб бўлмайди ҳозир. Лекин бугун Вашингтоннинг айтгани айтган, дегани деган бўлаётгани йўқ. Экспертлар айтадики, бугун давлатлар Вашингтон босимидан қўрқмай қўйди. Масалан, НАТО аъзоси бўлган Туркия Вашингтонга ёқмайдиган лойиҳаларни айта олади, қолган давлатларда ҳам шундай, ЕИда маълум бир зиддиятлар бор. Ҳусийлар мана шу бир қутблилик тугаб, кўп қутблилик бўлиши керак, дейди.

50-80 йилларда АҚШ Лотин Америкаси давлатларининг ички ишларига ҳаддан ташқари кўп аралашгани сабаб бу давлатларда аксиламерикачилик кайфияти кучайиб кетган ва АҚШга ишонишмайди. Дунёда кўп қутблилик шаклланиши керак ва бу жараён кетяпти. Лекин бу борада АҚШга рақиб бўлган давлатлар Марказий Осиёнинг икки томонидаги Россия ва Хитой. Бу давлатлар тарихан Марказий Осиёни мустамлака қилган ёки таҳдид солган ва солаётган давлатлар хам шу икки давлат. Икки қутблиликнинг ижобий томонлари бор, лекин биз — Марказий Осиё давлатлари геосиёсий ва сиёсий мустақиллик масаласини ҳам ёдда тутишимиз керак.

— АҚШ, Британия каби давлатлар бу баёнотларни қанчалик жиддий қабул қилади?

Фарҳод Каримов
: — Бу баёнотни Ғарб жиддий қабул қилаётгани йўқ, расмий муносабат билдирилмади. Ҳусийларнинг позицияси олдиндан маълум эди, Россия ва Хитой кемаларига ҳужум қилмаётганини ҳам олдиндан биларди.

Иккинчи масала ҳам бор. Россия санкциялар остида яширин йўл билан байроқсиз танкерлар билан ташияпти юкларини. Ҳусийлар шу танкерларга тегишмаяпти, битта ҳолатдан ташқари шундай бўлиб келяпти. Бу маълумотларни ҳусийларга ким беряпти, деган масала бор. Ҳамма биляптики, қандайдир ҳамкорлик бор. Шунинг учун Ғарб буни янгилик сифатида қабул қилаётгани йўқ.

Бу баёнот умумий, геосиёсий муҳит яратиш учун бўляпти. Баёнот ҳусийларнинг ўзининг гапи эмас, бошқаларнинг таъсири ҳам бор. Бошқа ҳудудлардаги геосиёсий жараёнларга таъсир қилиш, вазият жиддийлашяпти, асосий молиялаштиришни Европадан бу ёққа олиш керак, деган чорлов деса ҳам бўлади. Умуман, нол қийматга эга баёнотдан бошқа нарса эмас.

— Ҳусийларга карши Форс кўрфази давлатлари билан ҳамкорликда янги уруш эҳтимоли борми?

Камолиддин Раббимов
: — Ҳозирги пайтда бу эҳтимол кам. Саудия ҳусийлар билан кўп курашди, лекин натижа бўлмади. Ҳусийлар Яман аҳолисининг учдан бир қисми билан озиқланади, уларга армия керак бўлса, бу аҳоли уларни қўллайди. Қолаверса, Эрон каби қўлловчилар ҳам бор. Саудия ҳусийлар билан келишган, шу сабаб ҳусийлар Саудияга ҳужум қилмайди. Саудия бу келишувни бузмоқчи эмас.

Кўп миллионли аҳоли жалб қилинган партизанлик урушида енгиш қийин. Бунинг учун оммавий қирғин қилиш мумкин холос, лекин ҳуманитар, сиёсий, геосиёсий оқибатлари жуда ёмон бўлади. Байденнинг ўзи Саудияни ҳусийларга қарши ҳарбий операциялари учун қаттиқ танқид қилган эди. Саудия, БАА ёки бошқа давлатлар ҳусийларга қарши жуда қиммат турувчи, ҳолсизлантирувчи ҳарбий компания олиб бориш ниятида эмас.

Молиявий, ҳарбий қудрати етмаслиги учун эмас, бошқа томонлар ҳам бор. Бугун ҳусийлар араб, мусулмон дунёсида Фаластинга яқинроқ бўлаётган, Фаластин учун Исроил, Ғарбга қурол кўтараётган давлат сифатида ҳам кўрилади. Бирор феномен оппоқ ёқи тўла қора бўлмайди, ҳусийларнинг зарарли томонлари кўп, лекин Фаластинни ҳимоя қиляпти, деган томондан ижобий қабул қилинувчи томонлари ҳам бор.

Фарҳод Каримов: — Ҳусийлар Фаластин тарафида туриб амалий ҳаракат қилаётгани учун араб, мусулмон дунёси учун бошқача статусга эга бўляпти. Яъни араб ҳамжамияти ўз ҳукуматларидан ҳусийлар билан бошқача муносабатда бўлишни талаб қиляпти. Минтақадаги ягона амалий ҳаракат қилаётган куч улар. Шу омиллар Форс кўрфази араб давлатларини ҳусийларга нисбатан ҳарбий операциялар қилишдан тийяпти.

Ҳар бир нарсанинг чегараси ҳам бор. Ҳусийларнинг харакатлари Форс кўрфази араб давлатларининг ташқи сиёсати ва иқтисодиётидаги чегарани бузиб ўтгани йўқ. Йил бошида ҳусийлар сабаб нефт нархи кўтарилди, лекин яна ўз жойига тушди. Агар шу тенденция давом этганда, Форс кўрфази араб давлатлари ҳусийларга нисбатан ҳарбий ҳаракат қилишни ўйлаб кўрган бўларди.

Ёки бутунлай Қизил денгиз кемалар учун ёпилса, шунда бу нарса ўртага чиқиши мумкин. Эҳтимоли умуман йўқ ҳам деёлмаймиз. Форс кўрфази араб давлатларини Европа билан боғловчи асосий ҳудуд шу. Ҳусийлар сабаб бу ҳудуд назорати бошқа давлатлар назоратига ўтиб кетишидан ҳам манфаатдор эмас, айниқса, Қатар ва БАА. Бошқа сиёсий кучлар аралашиб, Қизил денгиз геосиёсий босим остида қолса, Форс кўрфази араб давлатлари ҳаракат бошлаши мумкин.

— Араб давлатлари жамиятида ҳусийларга нисбатан муносабат 7 октябргача ва ундан кейин қандай бўляпти?

Фарҳод Каримов
: — Ўзгариш бор. Яманни шиалар назорат қилаётгани учун араб давлатларида унга нисбатан якдил қараш бор эди. 7 октябрдан кейин араб ҳамжамияти фаластинликларга ёрдам беришни сўради, шу вазиятда ҳусийлар чиқди ўртага. Арабларда ҳам, бутун дунё мусулмонларида ҳам қараш ўзгарди. Лекин ҳукуматлар позициясида ўзгариш бўлгани йўқ.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳусийчилар янги ҳамкорлар изламоқда: бу Россия ва Хитой бўладими?