21:29 / 28.03.2024
861

Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар

Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар
Вақт-соати келиб Украина қай бир тарзда бўлмасин ‘асл аҳволига қайтади’, деган ишонч Россиянинг кўплаб юксак мартабали сиёсатчиларининг бугунги эътиқодларида марказий ўрин тутади”.
Збигнев Бжезинскийнинг
“Буюк шахмат тахтаси” асаридан

Украина ва Россия ўртасида икки йилдан ошиқ вақт мобайнида давом этиб келаётган уруш ҳаракатлари 2024 йилда ҳам ўз поёнига етмайдиган кўринади. 2024 йилнинг учинчи ойи ҳам якунига етмоқдаки, томонлар “муроса” деган сўзни эсдан чиқариб, ғалаба учун жон олиб, жон бермоқда.

Украинадаги уруш фонида Россия ва коллектив Ғарб мамлакатлари ўртасида зиддият тобора кучайиб бормоқда. Франция президентининг Украинага қўшин юбориш ҳақидаги баёноти рус сиёсатчиларининг кўнглига ғулғула солди. Бунга жавобан эса Россия ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди (шантаж)ни кучайтирди.

Crocus City Hall концерт зали, 22 март
Фото: “НГС”

Айниқса, 2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги Красногорскдаги Crocus City Hall концерт залида содир этилган теракт уруш ҳаракатлари узоқ вақтга қадар, ҳатто йилларга чўзилишига сабабчи бўлади, десак хато бўлмас! Боиси Россия ҳукумати ва юқори мартабали амалдорларининг барчаси бу террорчилик ҳаракатлари Ғарб ҳамда Украина томонидан амалга оширилганини очиқ-ойдин айтишмоқда. Украина эса бу ишни Россиянинг ўзи қилганини бот-бот такрорламоқда.

Crocus City Hall’да содир этилган теракт ортидан рус армияси Украина шаҳарларини аёвсиз тарзда бомбардимон қилишни бошлади. Россия буни “Crocus City Hall’даги теракт учун қасос”, деб номламоқда. Агар бу кетиш бўлса, ҳеч ким Россиянинг “теракт учун қасос”, деган важи билан Украина ҳудудидаги атом электр станцияларига зарбалар беришига тўсқинлик қила олмайди. Бу эса конфликтни халқаро даражага кўтариб, бошқа мамлакатлар ҳам урушга кириши ва охир-оқибат ядро қуролининг ишга турилишига олиб келиши мумкин.

Хўш, уруш якунига етиши учун томонлар қандай ён беришларни амалга ошириши керак? Албатта, ҳозирда де-факто коллектив Ғарб Россияга қарши кураш учун Украинани дастакламоқда. Россия ҳам айнан НАТОнинг Шарққа томон кенгайишидан хавфсирайди ва НАТОни ўзига душман деб билади. Демакки, бу фактор истиқболда урушни тўхтатиш учун тузиладиган шартнома фақатгина Украина ва Россия ўртасида эмас, балки коллектив Ғарб ҳамда Россия ўртасида ҳам бўлишини тақозо қилади.

90 йиллар бошида америкалик сиёсатшунос олим Самуэл Ҳантингтон ўзининг “Цивилизациялар тўқнашуви ва янги дунё тартиби” асарида кун келиб Россия ва Украина ўртасида уруш келиб чиқишини башорат қилиб шундай ёзган эди:

Штатист ёндашув Украина-Россия уруши эҳтимолини илгари сурса, сивилизацион ёндашув бунинг эҳтимолини паст деб билади ва аксинча Украинанинг бўлиниб кетиш эҳтимоли юқори эканлигини кўрсатади. Маданий омилларни ҳисобга олиб айтганда, мазкур бўлиниш Чехословакиядагидан кўра анча даҳшатли ва қонлироқ, лекин Югославиячалик қонли бўлмайди, деб айтиш мумкин”.

Ҳантингтоннинг юқоридаги башорати 2022 йил 24 февраль санаси билан ўз тасдиғини топди. У, шунингдек, Ғарб ва Россия ўртасидаги низога қандай барҳам бериш ҳақида ўз ечимларини санаб ўтади. Сиёсатшуноснинг тақдим қилган ечимлари бугунги кунда Украина урушига барҳам беришда конструктив аҳамият касб этиши мумкин. Келинг, Ҳантингтон илгари сурган ечимларни кўриб чиқсак.

Биринчидан, Россия Европа иттифоқи ва НАТОнинг кенгайиб, марказий ва шарқий Европадаги ғарбий насроний давлатларни ўз ичига олишини қабул қилиши керак, Ғарб эса агар Украина иккига бўлинмайдиган бўлса, бошқа кенгаймаслигига ваъда бериши керак;

Фото: m.nashaniva.com
Иккинчидан, Россия ва НАТО ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзоланиши, хавфсизлик масалаларида мунтазам консултациялар ўтказилиши, қуроллар пойгаси юзага келмаслиги учун ҳамкорликда иш олиб борилиши. Ўзларининг Совуқ урушдан кейинги эҳтиёжларига мувофиқ бўлган қуролларни назорат қилиш келишувларининг имзоланиши;

Учинчидан, Ғарбнинг православ мамлакатларда ва православ йўналиш кучли таъсирга эга бўлган ҳудудларда асосий хавфсизлик гарови сифатида Россияни тан олиши;

Тўртинчидан, Ғарбнинг Россия жанубидаги мусулмон халқлари билан боғлиқ хавфсизлик муаммоларга дуч келиши мумкинлигини тушуниши, Ғарбнинг оддий қуроллар бўйича шартномани ўзгартиришга ва бундай таҳдидларга қарши туришда Россия бажаришга мажбур бўлган бошқа қўшимча қилмишларига дўстона муносабатда бўлиши;

Фото: skeptimist.livejournal.com
Бешинчидан, Босния ҳам, Ғарб ҳам православ манфаатларини қамраб олувчи соҳаларда Россия ва Ғарб ўртасида келишувга эришиш.

Агар Россия ва Ғарб ўртасида тахминан шу соҳаларда келишувга эришилган бўлса, унда Россия ҳам, Ғарб ҳам бир-бирининг хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид солмайди. Сабаби Европа ва Россия демографик жиҳатдан кекса жамиятлар бўлиб, туғилиш даражаси паст ва аҳоли кексайиш даражаси юқори бундай жамиятлар экспансионистик ва ҳужумкор ташқи сиёсат олиб бориш учун ёшлик ва жўшқинликка эга эмас.

Сардор Али тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Якуни мавҳум бўлиб бораётган Украина уруши: тарихий башорат ва ечимлар