date

Самарқандда маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчиларга қаттиқ жазо тайинланди

Самарқандда маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчиларга қаттиқ жазо тайинланди

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида йўл ҳаракати хавфсизлигини қўпол равишда бузган, яъни спиртли ичимлик таъсирида автомашина бошқарган 4 нафар ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда ЙҲХХ хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ушбу шахслар ЙҲХ қоидаларини қўпол равишда бузиб, атрофдагилар хавфсизлигига жиддий таҳдид солган. Тергов натижасида уларнинг ҳар бирига нисбатан индивидуал жазо чоралари белгиланди.

Хусусан, ҳайдовчиларнинг уч нафарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима ва уч йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бу эса уларга жиддий сабоқ бўлиши кутилмоқда.

Яна бир ҳайдовчи эса ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ва маст ҳолатда автомашина бошқаргани учун 15 суткага маъмурий тартибда қамалди.

Шунингдек, ЙҲХ ходимининг қонуний талабини бажаришдан бош тортган яна бир фуқарога БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима солинди. Яна бир ҳайдовчи дрифт қилиб, йўлда хавфли ҳаракат содир этгани учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум қилинди.

ЙҲХ хизматига кўра, бу турдаги ҳолатлар сони ҳали ҳам камаймаётгани кузатилмоқда. Айниқса, баъзи ҳайдовчилар спиртли ичимлик ичган ҳолда рульга ўтириш оқибатларини етарлича англаб етмаётгани таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрисабз туманида Damas автомобилини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз, маст ҳолатда бошқарган фуқаро ЙПХ инспекторларига пора таклиф қилгани учун ушланган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 6 нафар ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт бошқаргани учун ҳар бири 15 суткага қамалганди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари аҳолини яна бир бор огоҳлантирди — спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда рульга ўтириш нафақат шахсий ҳаёт, балки атрофдагилар тақдири учун ҳам катта хавф солади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчиларга қаттиқ жазо тайинланди