Вазирлар Маҳкамаси янги қарор қабул қилди — эндиликда алкогол, тамаки маҳсулотлари ва этил спирти ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси махсус автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинади, деб хабар берди Ҳуқуқий ахборот канали.
Ҳужжат билан “Истеъмол ва техник этил спирти, алкогол ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Янги низом орқали давлат органлари мазкур соҳадаги жараёнларни тўлиқ рақамли назорат остига олади. Бу нафақат ишлаб чиқариш ва сақлаш, балки маҳсулотларни ташиш, сотиш ва экспорт-импорт жараёнларини ҳам қамраб олади.
Талаблар алкогол ва тамаки маҳсулотлари билан ишлайдиган барча тадбиркорлик субъектларига — ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, дистрибьюторлар ва чакана савдо тармоқларига татбиқ этилади.
Ҳужжатга кўра, ҳар бир субъектнинг фаолияти хавф даражасига қараб баҳоланади. Шу асосда тадбиркорлар уч тоифага бўлинади:
– хавфи юқори бўлганлар;
– хавфи ўртача бўлганлар;
– хавфи паст бўлганлар.
Энг муҳими, таҳлил жараёнида тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш ёки унга тўсқинлик қилиш қатъиян тақиқланади. Бу норманинг жорий этилиши тадбиркорлар фаолиятини чекламасдан, уларнинг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Хавфи паст деб топилган корхоналарга шахсий кабинет орқали огоҳлантирувчи хабарнома юборилади ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилади.
Экспертлар фикрича, бу тизим нафақат контрафакт маҳсулотларга қарши курашишни кучайтиради, балки бозорда шаффофлик ва рақобат муҳитини яхшилайди. Шу билан бирга, бюджетга тушумларни ошириш ва саломатликни муҳофаза қилишда ҳам муҳим қадам бўлади.
Шундай қилиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорининг қабул қилиниши алкогол ва тамаки маҳсулотлари айланмасида назоратни янги босқичга кўтариш, соҳада рақамли ислоҳотларни амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!