Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган “Нефтчи” — ОКМК (1:0) баҳси якунланганидан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи Виталий Левченко журналистлар билан мулоқотда бўлиб, ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.
Мураббий сўзларига кўра, бу баҳс жуда ҳам асабий ва оғир ўтган. Унга кўра, чемпионатнинг бу босқичида ҳар бир жамоа очко учун курашмоқда ва енгил рақиб қолмаган.
«Жуда қийин ва асабий ўйин бўлди — барча бунга гувоҳ бўлди. Чемпионат охирида ҳамма максимал даражада ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир жамоа очко йиғишни ўйлаяпти. Ҳозирги вазиятда ҳар бир баҳс биз учун олти очколи. Жамоамни ғалаба билан табриклайман. Биз ишлашда ва ҳаракатда давом этамиз», — деди Левченко.
Суперлигада 5та тур қолгани ва “Нефтчи”нинг чемпионлик имкониятлари ҳақида сўралганда, мураббий шундай жавоб берди:
«Биз курашда давом этяпмиз. Кучли бешликдаги барча жамоалар чемпионлик учун ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга пастдагилар ҳам очко олиш учун бор кучини сарфлаяпти. Ҳар бир баҳс биз учун синов. Менимча, чемпионликни характер ҳал қилади — кимда ирода кучли бўлса, ўша жамоа ютади».
Шунингдек, у жароҳат олган Анвар Ғофуров ҳақида ҳам маълумот берди:
«Шифокорлар унга биринчи ёрдам кўрсатиб, елкасига муз қўйишди. Энди у аппарат текширувидан ўтади. Тиббий хулоса чиққач, аниқроқ маълумот берамиз».
Мураббий ғалабани кимга бағишлаш ҳақидаги саволга жавобан жамоа мухлисларини алоҳида эътироф этди:
«Бу ғалабани биринчи навбатда бизни қўллаб-қувватлаётган мухлисларимизга бағишлайман. Улар ҳар ўйинда стадионда бўлишади ва жамоага руҳ бағишлашади. Биз улар ишончини оқлаш учун ҳаракатдамиз», — деди Левченко.
Журналистлар ундан “Нефтчи” билан шартномани яна икки йилга узайтириш ҳақидаги миш-мишларга ҳам қизиқишди. Левченко бу ҳақда ҳозирча аниқ сўз айтмади:
«Бу масалани ҳозирча очиқ қолдирайлик. Ҳозир барча диққат чемпионат баҳсларига қаратилган», — деди у кулумсираб.
Шундай қилиб, Виталий Левченко матбуот анжуманида жамоасининг кайфияти юқори эканини, ҳар бир ўйинни жонкуярлик билан ўтказаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, “Нефтчи” сўнгги турларда ҳам курашни тўхтатмайди ва чемпионлик учун охиригача ҳаракат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!