date
views 215

Россияда хорижликларнинг сохта никоҳига қарши қонун лойиҳаси қабул қилинди

Россияда хорижликларнинг сохта никоҳига қарши қонун лойиҳаси қабул қилинди
Фото: РИА Новости
Россия Давлат думаси биринчи ўқишда чет элликларнинг Россияда бўлиши тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришларни қабул қилди. Энди улар Россия фуқароси билан икки йиллик турмуш қургандан кейингина мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатномани олиши мумкин бўлади.

Ўзгартиришлар иккита қонун матнига киритилган – Россияга кириш ва ундан чиқиш тўғрисида ҳамда хорижий фуқароларнинг мамлакатдаги ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги. Агар илгари чет эл фуқароси Россияда яшовчи Россия фуқароси билан турмуш қурганда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган бўлса, энди бунинг учун улар камида икки йил бирга яшаши керак бўлади.

Бундан ташқари, Давлат Думасининг пресс-релизида таъкидланганидек, ўзгартиришлар Россияда вақтинчалик яшаш учун рухсат олмоқчи бўлган «чет элликлар томонидан болаларни асраб олиш тўғрисида сохта ҳужжатлар бериш ҳолатларига қарши курашиш»га ҳам қаратилган. Қонуннинг аввалги таҳририда Россия фуқаролиги бўлган фарзанди бор чет эл фуқароси яшаш учун рухсатнома олиши мумкинлиги айтилган. Энди бундай бола Россия фуқароси билан никоҳда туғилиши ёки асраб олиниши керак.

Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин сохта никоҳни, шунингдек, бола асраб олишни «ноқонуний миграция учун бўшлиқлардан бири» деб атади ва буни «тўхтатиш керак» деди. Унинг қўшимча қилишича, агар хорижликлар Россияда яшашни истаса, «рус тилини, қонунларини билиши, маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилиши ва фақат оила қуриш учун турмуш қилиши» керак.

Қонун лойиҳаси Давлат Думасига 2023 йил 1 ноябрда киритилган, бироқ мартгача ҳаракатсиз қолган эди. Унинг муаллифлари орасида сенаторлар Андрей Клишас, Ирина Рукавишникова, Юрий Валяев, шунингдек, Давлат Думаси депутати Виктор Водолацкий бор.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда хорижликларнинг сохта никоҳига қарши қонун лойиҳаси қабул қилинди