21:50 / 16.04.2024
182

Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда?

Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда?
Жорий йилнинг 13 апрель куни тунда Эрон томонидан Ливан, Ироқ ва Яман ҳудудидан Исроилнинг ҳарбий базаларига ракета ҳужумлари амалга оширилди. Маълумотларга кўра, 5 соатга яқин давом этган ҳаво ҳужумида Эрон Исроил томонига 185 та дронлар, 36 та қанотли ракеталар ва 110 та “ер-ер” туркумидаги ракеталар учирган.

“Дарё” ушбу мавзу доирасида бир қанча сиёсатшуносларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Яқин Шарқда янги ва катта уруш учун замин тўлиқ тайёр бўлгани ҳақида ёзди.

“Исроил Эрон элчихонасига ҳужум қилиб, ставкани оширган эди. Бунга жавобан, Эрон тарихда биринчи марта Исроил ҳудудига тўғридан тўғри ҳужум қилиб, ставкани янада оширди. Катта эскалация!

Эрон Исроилга ҳужум қилишидан олдин ўз иттифоқчилари билан келишган бўлиши керак. Энди Исроил ва АҚШнинг жавобини кутиш керак. Яқин Шарқда янги ва катта уруш учун замин тўлиқ тайёр бўлди. Бу ҳужумлар билан Эрон катта урушга тайёр эканлигини билдирди”, — деб ёзди Камолиддин Раббимов.

Яқин Шарқ бўйича эксперт Михаил Шрайбманнинг таъкидлашича, Исроил бош вазири Нетаньяхуга уруш керак ва Эрон томонидан амалга оширган ҳужум у учун айни муддао.

“Расмий Теҳроннинг айтишича, улар Исроилга ракета зарбаси йўллаганидан сўнг, воқеа тугаган. Эрон америкаликлар Қосим Сулаймоний йўқ қилинганидан кейин ишлатилган мантиқдан келиб чиқишади. Сулаймоний ўлдирилганига жавобан Эрон Ироқдаги Америка базасига ракета ҳужуми уюштирган эди. Ўшанда АҚШ уруш бошламаган. Чунки Америка Эрон билан урушдан манфаатдор эмас. Шунингдек, бу ерда ҳам — Исроил апрель ойи бошида Дамашқда генерал Муҳаммад Зоҳидийни ўлдирган ва эронликлар бунга ракета ҳужуми уюштириб жавоб қайтаришди.

Лекин Биби Нетаньяху — бу бошқа гап. Унинг ҳокимиятни ушлаб қолиши ва қамоқдан қутулиши учун узоқ муддатли уруш керак. Америкаликлар уни тўхтатишга ҳаракат қилишлари мумкин, лекин бу муваффақиятли бўлиши аниқ эмас. У яқинда Эронга зарбалар билан жавоб қайтаради. Эҳтимол, эронликлар ҳам унга жавоб қайтаришар. Ва ҳоказо. Эскалация вазиятида АҚШ Исроилни тўхтата олишига ишонч йўқ. Уларга уруш аввалгидек керак эмас, лекин Нетаньяхуга жуда керак. Эрон Исроил бош вазири нимани хоҳлаган бўлса, шуни амалга оширди”, — дея ёзган Михаил Шрайбман.

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов ҳам Эрон ва Исроил ўртасидаги кескин вазият борасида ўз фикр-мулоҳазаларини эълон қилди.

“АҚШ ва Исроил Эрондаги режимнинг сақлаб қолинишидан манфаатдор давлатлар саналади. Чунки Эрондаги бошқарув режими Яқин Шарқ минтақасида сунний ва шиа рақобатининг мавжуд бўлиб туриши ҳамда мусулмон оламининг бирлашувига қарши “бошқариладиган беқарорлик” муҳитини яратиш учун жуда зарур. Айрим араб монархиялари айнан сунний-шиа низоси сабабли ва Сем тоғанинг босими остида Эрондан кўра Исроил томонида бўлишни афзал кўрмоқда. Ўз навбатида, Яқин Шарқдаги стратегик аҳамиятга эга мусулмон давлатларидан фойдаланиш ҳолатлари Эрон ва Исроил (АҚШ) томонлари учун одатий ҳолга айланган.

Масалан, АҚШ Эрон генерали Қосим Сулаймонийни ўлдиришда Ироқдан фойдаланган бўлса, Исроил Эрон генерали Муҳаммад Зоҳидийни йўқ қилишда Суриядан фойдаланди. Эрон эса Исроилга қарши Ливан, Яман ҳудудларидан жавоб зарбаси берганини маълум қилди. Бошқача айтганда, Эроннинг Исроилдан оладиган “қасоси” оммани медиа орқали бошқариш учун керак, холос. Ундан ортиғига қўл уруши амалдаги Теҳрон режимини хавф остига қўяди.

Хуллас, буни ахборот ниқобидаги прокси уруши деб аташ мумкин. Кўриниб турганидек, иккала давлат тўғридан тўғри бир-бири билан уришмайди. Бу ўйинда фақат Фаластин, Сурия, Ироқ, Ливан, Яман сингари давлатлар жабр кўради”, — дея ёзган сиёсатшунос Суҳроб Бўронов.

Эроннинг Исроилга ҳужуми ва сабаби

4 апрель куни Эрон тунда 300 дан ортиқ дрон, қанотли ва баллистик ракеталар билан Исроилга ҳужум қилди. Бунга Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига 1 апрель куни берган авиазарбаси сабаб бўлди. Ҳужум оқибатида 11 киши, жумладан, 2016 йилгача Ливан ва Суриядаги “Қудс” элита кучларига раҳбарлик қилган Эрон ҳарбий маслаҳатчиси генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий вафот этган.

Эроннинг 14 апрель куни Исроилга қилган ракета ҳужуми
Фото: sanktpeterburg.bezformata.com

Ҳолат юзасидан АҚШ разведкаси Исроилни Эрон томонидан қасос ҳужуми бўлишидан огоҳлантирган, Байден Исроилни доим қўллаб-қувватлашини билдириб, Эронни ҳужум қилмасликка чақирган. Бунга жавобан Эрон агар америкалик ҳарбийлар Исроил томонда уларга қарши жанг қилса, нишонга олинишларидан огоҳлантирган. Ўз навбатида, АҚШ ҳарбийлари ҳафта охирида Эрон ва Ямандан Исроилга учирилган 80 дан ортиқ дронни уриб туширган. Улар орасида камида олтита баллистик ракета ҳам бўлган.

Исроил армиясининг даъво қилишича,14 апрель куни мамлакатга яқинлашаётган ракета ва дронларнинг 99 фоизи Arrow узоқ масофали ракетага қарши мудофаа тизими ва қирувчи самолётлар томонидан йўқ қилинган. Эрон ҳарбий штаб-квартираси ҳужумни “муваффақиятлироқ” деб атаган ва жавоб ҳужуми бўлган тақдирда “каттароқ куч билан” зарба беришни ваъда қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон-Исроил можароси: сиёсатшунослар қандай фикрда?