date
views 271

Хитойлик олимлар дунёда биринчи бўлиб II турдаги қандли диабетга чалинган беморни даволади

Хитойлик олимлар дунёда биринчи бўлиб II турдаги қандли диабетга чалинган беморни даволади
Фото: Shutterstock
Тиббиёт тарихида биринчи марта хитойлик олимлар II турдаги қандли диабетга чалинган беморни тўлиқ даволашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Бемор касаллик даврида инсулин ишлаб чиқариш учун масъул бўлган ошқозон ости бези ҳужайраларининг кўп қисмини йўқотган. Бу эса уни ҳар куни гормон олишга мажбур қилган. У ҳатто буйрак кўчириш операциясини ҳам бошидан ўтказган.

«У диабетнинг жиддий асоратлари билан курашаётган эди», деди Шанхайнинг Чанчжен шифохонаси тадқиқотчиси Йин Хао.

Бемор 2021 йил июл ойида инновацион ҳужайра трансплантациясини олди. Трансплантациядан ўн бир ҳафта ўтгач, у ташқи инсулинга эҳтиёждан бутунлай холи бўлди. Қондаги қанд миқдорини назорат қилиш учун юбориладиган дори дозаси аста-секин камайтирилди ва бир йилдан сўнг бутунлай тўхтатилди.

«Кузатувлар беморнинг ошқозон ости бези фаолияти самарали тикланганини кўрсатди», деди Йин. Энди бемор 33 ой давомида инсулин қабул қилмаяпти.

Шифокорлар ва тадқиқотчилар жамоаси эришган тиббий ютуқ 30 апрел куни Cell Discovery журналида чоп этилди. Хитойлик мутахассислар илдиз ҳужайраларидан янги ошқозон ости бези ҳужайраларини етиштирди. Усулнинг ўзига хослиги шундаки, бу ҳужайралар шароитга қараб ҳар қандай турга айланишга қодир.

«Менимча, бу тадқиқот қандли диабет учун ҳужайра терапияси соҳасидаги муҳим ютуқдир», деди Канададаги Британия Колумбияси университетининг ҳужайра ва физиология фанлари кафедраси профессори Тимоти Киффер.

Қандли диабет - бу инсон танасида озиқ-овқатни энергияга айлантиришига салбий таъсир қиладиган сурункали касаллик. Инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқат глюкоза, яъни шакарга айланиб, қонга чиқарилади. Ошқозон ости бези томонидан ишлаб чиқариладиган инсулин қондаги шакар даражасини тартибга солиш учун жуда муҳимдир. Қандли диабетда бу тизим бузилади ёки тана етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармайди ёки у ишлаб чиқарадиган инсулинни самарали ишлата олмайди. Қандли диабетнинг бир нечта турлари мавжуд, улардан II тур энг кенг тарқалгани бўлиб, беморларнинг деярли 90 фоизида учрайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойлик олимлар дунёда биринчи бўлиб II турдаги қандли диабетга чалинган беморни даволади