Англиянинг етакчи клубларидан бири — «Манчестер Сити»да ўзбек легионери Абдуқодир Ҳусанов ўнг қанот ҳимоя чизиғини тўлдириб, Пеп Гвардиола жамоасидаги энг заиф нуқталардан бирини кучайтириш эҳтимоли борлиги таъкидланмоқда.
Мутахассислар фикрича, ёш ҳимоячи «Реал Мадрид»га қарши ўйинда ўнг қанотда юқори даражада ҳаракат қилди. Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе каби дунё даражасидаги юлдузларга қарши майдонда курашишга тўғри келганига қарамай, Ҳусанов ўзини ишонч билан кўрсатиб, айнан ушбу позиция унга мос келишини амалда исботлади.
УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида Александер Исакка қарши баҳсда ҳам футболчимиз кўзга ташланди. У уч марта тўпни хавфли ҳудуддан узоқлаштирди, бир бор рақибдан тўпни тортиб олди, яна бир бор ҳужумни йўққа чиқарди. Шу билан бирга, 1 та самарали блок ва ҳужумни тезлаштирувчи аниқ пас билан жамоасига ёрдам берди.
Статистикага кўра, Ҳусанов ўйин давомида битта муваффақиятли дриблингни амалга оширган ва узатмаларда 93 фоиз аниқлик кўрсатган. Бу эса унинг ҳимояда ҳам, ҳужумни қуришда ҳам муҳим шахсга айлана олишини кўрсатади.
Англия матбуоти Гвардиола айнан шу позицияда барқарорликка эҳтиёж сезаётганини таъкидлар экан, Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини «Манчестер Сити» ҳимояси учун катта топилма бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда.
Мухлислар эса ўзбек футболчисидан навбатдаги ўйинларда янада кучли ва ишончли ҳаракат кутишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!