АҚШ Олий суди президент Дональд Трампнинг иммиграция сиёсатини яна қўллаб-қувватлади. Суд Жанубий Калифорнияда агентларнинг одамларни ташқи кўриниши ёки тилига қараб тўхтатиши ва текширишига йўл очди. Бу қарор иммигрантлар жамоалари орасида кескин эътирозларга сабаб бўлди.
Суд қарори билан илгари чиқарилган вақтинчалик чеклов бекор қилинди. Унга кўра, одамларни “асосли гумон”сиз тўхтатиш тақиқланган эди. Энди эса Трамп маъмурияти кўчма патрулларни давом эттиришини билдирди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бундай тартиб конституцияга зид эканини таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, фуқаролар тери ранги ёки тилига қараб асоссиз тўхтатилмоқда. Айрим жабрланганлар эса бу жараённи “ирқчиликка асосланган депортация” деб атамоқда.
Трампнинг тарафдорлари қарорни “катта ғалаба” сифатида кўрсатмоқда. Аммо Калифорния расмийлари ва ҳуқуқ ташкилотлари бу сиёсатни ноқонуний деб ҳисоблаб, унга қарши курашни давом эттиришини билдиришди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!