date

Жанни Инфантино Миллий футбол марказига юқори баҳо берди

Жанни Инфантино Миллий футбол марказига юқори баҳо берди

Юртимизга ташриф буюрган ФИФА президенти Жанни Инфантино Ўзбекистон футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар билан яқиндан танишишда давом этмоқда. Хусусан, делегация аъзолари Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказига ташриф буюриб, унинг имкониятлари билан танишди, деб хабар берди ЎФА матбуот хизмати.

Маълумки, икки йил аввал Инфантино ушбу ҳудудга келиб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган ва лойиҳалар тақдимотида иштирок этганди. Эндиликда марказда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши мумкин. Замонавий стадионлар, таълим бинолари, спорт заллари ҳамда футболчилар учун барча шарт-шароитларга эга меҳмонхона ишга туширилган.

Шунингдек, спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилгани қайд этилди. Жароҳатларнинг олдини олиш ва футболчиларни қисқа муддатда тиклантириш учун хориждан замонавий ускуналар олиб келингани, илғор усуллар жорий этилгани маълум қилинди.

ФИФА делегацияси футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази, илмий-тадқиқот бўлимлари, ВАР тизими, миллий терма жамоалар тайёргарлик маркази ҳамда Республика футбол академияси фаолияти билан ҳам танишди.

Жанни Инфантино ташриф давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашиб, уларни жаҳон чемпионати йўлланмаси билан қутлади.

“Сизларни тарихий натижа билан табриклайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга қаратилган эътиборнинг самарасидир. Олдингизда катта масъулият — жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш вазифаси турибди. Сиз миллионлаб мухлисларга қувонч улашмоқдасиз. Ишончим комилки, дунё жамоангиз орқали яна бир бор Ўзбекистон футболининг салоҳиятига гувоҳ бўлади”, — деди Инфантино.

ФИФА делегацияси Ўзбекистонда барпо этилган Миллий футбол маркази инфратузилмасини юқори баҳолаб, бу ерда миллий термалар халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари учун барча шароит яратилганини эътироф этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанни Инфантино Миллий футбол марказига юқори баҳо берди