Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимлигида йирик коррупция ҳолати аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотга кўра, туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича ўринбосари пора олиш айби билан қўлга олинди.
Маълум қилинишича, мансабдор шахслар ўзаро тил бириктириб, ҳудуддаги фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт мажбуриятини сохта операциялар орқали ёпиб беришни ваъда қилишган. Бунинг эвазига улардан 65 миллион сўм пора талаб қилинган.
Давлат хавфсизлик хизмати тафсилотларига кўра, жорий йил август ойида қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосар аввалдан аванс тариқасида 25 миллион сўм пулни қўлга киритган. Қолган 40 миллион сўм эса ҳокимнинг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари орқали олиш жараёнида улар қонун ҳимоячилари томонидан ушланган.
Айни пайтда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси “в” ва “г” бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Мазкур модда олдиндан тил бириктирган ҳолда мансабдор шахсларнинг таъмагирлик йўли билан пора олишини назарда тутади. Тергов органлари уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чорасини қўллади.
Коррупцияга қарши олиб борилаётган кураш жараёнида шундай ҳолатларнинг фош этилиши давлат идораларида шаффофлик ва ҳалолликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, масъул лавозимда ишлаётган шахслардан қонунга содиқ қолиш ва жамият манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйиш талаб этилиши яна бир бор ёдга солинди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!