23:49 / 10.10.2024
88

Рус қўшинлари Донбассда илгариламоқда. Таҳлилчилар нима дейди?

Рус қўшинлари Донбассда илгариламоқда. Таҳлилчилар нима дейди?
Киевнинг Курск фронти очилганидан кейинги кўтаринки кайфияти узоққа чўзилмади: Вуҳледарни қўлга киритган Россия Донбасс жанубини тўлиқ эгаллаш иштиёқида. НАТОнинг собиқ раҳбари Столтенберг эса уруш тугамай туриб ҳам Украинани алянсга қўшиш мумкинлигини айтиб, 1955 йилги ГФРни мисол қилиб кўрсатди. “Геосиёсат”да таҳлилчилар Россия-Украина урушидаги охирги ўзгаришларни муҳокама қилди.

Украин қўшинлари Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирганига икки ойдан ошди, лекин РФ армияси уларни ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга шошилмаётгандек. Сиёсий таҳлилчи Абдували Сойибназаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия асосий эътиборини Донбасс жанубига: Вуҳледар, Покровск, Селида, Курахова, Торецк шаҳарларига қаратган. Шу сабабли Ғарб ҳам Украинага Донбасс жанубидан огоҳ бўлиш кераклигига ишора қиляпти.

Таҳлилчи Шуҳрат Расулга кўра, нафақат Украина, балки Россияда ҳам Донбасс билан параллел равишда Курск областида ҳам интенсив жанглар олиб бориш ресурслари (аскарлар, қурол-яроғ) чекланган. Боз устига, охирги 20 кун ичида Россия ҳарбий захира омборларидаги Эрон, Шимолий Кореядан олинган дронлар ва снарядлар портлатиб юборилди.

“Россиянинг бу йилги фронт ҳаракатлари 40 км силжиш билан якунланди. Буёғига куз кириб келмоқда ва Украинада ёмғирлар мавсуми бошланиши сабабли ҳудудда ҳарбий техникаларнинг ҳаракати сустлашади. 2023 йил давомида Украина 20 км олдинга силжишга муваффақ бўлган бўлса, Россия 2024 йилда 40 км масофага илгарилади. Украин қўшинларининг Курскка кирганини инобатга олсак, томонлар баланслашди дейиш мумкин”, – дея таъкидлайди Шуҳрат Расул.

Таҳлилчи Ойбек Сирожов Курск фронти ҳарбий эмас, кўпроқ сиёсий аҳамият касб этиши, бу фронт ҳозирда Украина учун янги муаммолар туғдираётганини таъкидлади.

“Курск фронтини ушлаб туриш учун қўшинлар таъминоти керак. Ўз навбатида, Россия ҳам айнан аскарлар етишмовчилиги сабабли бу ҳудуддан украин қўшинларини сиқиб чиқара олмаяпти. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, бирор ҳудуддан қўшинларни сиқиб чиқариш учун ҳужум қилувчи томон аскарлар сони бўйича рақибдан камида учга бир нисбатда устун бўлиши керак. Демак, ҳозир Курскда тахминан 15-20 минг атрофида украин қўшинлари бўлса, уларни чекинишга мажбурлаш учун Россияга 60 мингдан ортиқ аскар керак бўлади. Бунча қўшин эса ҳали йиғилгани йўқ. Уни йиғиш учун қайсидир фронтдан қўшинларни олиш керак (маълум бир қисми олинди ҳам), резервлар ишга тушириляпти.

Ҳозир Россиянинг асосий эътибори Донбассдаги ютуқларни янада мустаҳкамлаш, Вуҳледардан кейин энди Покровск, Торецк каби ҳудудларни забт этишга қаратилган”, – дейди Ойбек Сирожов.

Камолиддин Раббимов Россия ва Украина ўртасида психологик уруш кетаётгани, Украина қўшинларида Курск эгалланганидан кейинги кўтаринки кайфият яна сўна бошлаганини айтади.

“Ғарб томонидан ваъда қилинган йирик қурол-аслаҳаларнинг етказиб берилиш ҳажми қониқарли эмас. Ташаббус барибир кўпроқ Россия тарафида. Курск уруши бошланганидан кейин ҳам Россия Украина ичкарисига кириб боришда давом этяпти. Ноябр бошида АҚШда сайлов бўлади, қолаверса, Ғарбнинг асосий эътибори ҳозир Яқин Шарқда. Мана шу фонда Украина йўқотган ҳудудлари билан бўлса-да Россия билан келишиши керак деган таклифлар кўпроқ жаранглай бошлаяпти. Киев ҳали бунга рози бўлгани йўқ, лекин назаримда, мана шундай кайфият Киевда ҳам босқичма-босқич пишиб етилаётган бўлиши мумкин. Украина ҳам, Россия ҳам бу урушдан жуда толиқди”, – дейди Раббимов.

Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ноябр ойига белгиланган иккинчи халқаро саммит қолдирилди. Ойбек Сирожовга кўра, бу тадбирга Украина “Тинчлик саммити” деб ном бераётганди, лекин Зеленскийнинг АҚШга ташрифида “Ғалаба режаси” пайдо бўлиб қолди. Бу иккиси бир-бирига уйғун эмас, зид бўлиб қолди.

“Иккинчидан, Америкадаги сайловлар ва Яқин Шарқдаги беқарорлик масалалари ушбу тинчлик саммитини ўтказишга монелик қилмоқда. Қолаверса, тинчлик саммитида Россия ҳам қатнашиши керак деган гаплар жуда кўп янграганди, лекин Курск фронти очилганидан кейин Россия тинчлик музокараларига кирмаслигини бир неча бор қайд этди. Шулар сабабли ҳам бу саммит номаълум муддатга қолдириляпти”, дея изоҳлайди Сирожов.

Абдували Сойибназаров ҳам РФнинг бош тортаётгани иккинчи тинчлик саммити бекор бўлишининг асосий омили эканини эътироф этиб, Украина Россияни музокарага мажбурлай олмаётгани, яъни Курск фронтида ортиқ олға силжий олмаётгани, ҳатто маълум позицияларни бой бераётганига эътибор қаратди.

“Яна бир масала, Зеленскийнинг “Ғалаба режаси” Ғарб томонидан, АҚШ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани йўқ. Бундан ташқари, ҳозир Вашингтоннинг асосий эътибори сайловларга қаратилган”, – дейди у.

Шуҳрат Расулнинг сўзларига кўра, Доналд Трамп номзодини илгари сурган республикачилар ўз сайловолди дастурида Учинчи жаҳон урушининг олдини олишларига катта урғу қаратяпти. Шу сабабли ҳокимиятдаги демократик партия Украинага сўралаётган даражадаги ҳарбий ёрдам кўрсатишдан ўзини тиймоқда. Акс ҳолда, республикачиларга “демократлар АҚШни Учинчи жаҳон урушига ҳам олиб бормоқда” деган тарғибот олиб бориш имконини бериб қўйган бўлишади.

Суҳбат давомида мутахассислар Қрим яриморолидаги нефт терминалларига берилган зарбалар ҳамда Россиянинг ҳарбий ва стратегик мақсадлари ҳақида ҳам сўз юритишди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рус қўшинлари Донбассда илгариламоқда. Таҳлилчилар нима дейди?