19:53 / 14.11.2024
44

Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?

Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?
Фото: Reuters
Исроил ҳаво мудофааси уч тизимдан ташкил топган. Узоқ масофали баллистик ракеталарга қарши Arrow, ўрта масофадаги таҳдидлар учун David’s Sling тизимлари мавжуд. Аммо тармоқларда энг кўп муҳокама қилинадиган ва экспертлар томонидан “дунёда энг яхшиси” сифатида таърифланадиган учинчи тизим “Темир гумбаз”дир. У асосан Ғазо ва Ливандан учирилувчи қисқа масофали бошқарилмайдиган ракеталар, шунингдек, артиллерия снарядларини тутиб олишга мўлжалланган. Юқори аниқлик омилидан ташқари, комплекс интенсив ҳужумларга дош бера олиши, яъни фавқулодда кўп нишонларни бараварига зарарсизлантириши билан машҳурдир.

Тизимлардан фойдаланиш қанчага тушади?

Бироқ “Темир гумбаз”нинг фаолияти анча қимматга тушади. Боиси ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” томонидан кенг қўлланадиган “Қассам” ҳамда “Катюша” ракеталари 300-800 доллар туради. Исроил томонидан уларни тутиб олишда ишлатиладиган “Тамир” ракеталарининг нархи эса 80 минг долларга бориши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Тель Авивни шиддат билан ривожланиб бораётган лазерли мудофаа тизимларига сармоя киритишга ундади.

Фото: Rafael Advanced Defense Systems
Iron Beam (“Темир нур”) тизими устидаги ишлар шу тариқа бошланди. 2010 йили мазкур вазифа Исроилнинг етакчи қурол ишлаб чиқарувчиси Rafael Advanced Defence Systems компаниясига юклатилди. Тизим 2020 йиллар бошига келиб кенг жамоатчиликка таништирилган бўлса-да, уни “қуролли кучлар инвентарига қабул қилиш учун тайёр” деб эълон қилишларига яна икки йил вақт кетди. Бироқ 2022 йили Исроил Мудофаа вазирлиги баёнот бериб, синовлар муваффақиятли ўтгани, лекин жараён яна уч йилга чўзилишини эълон қилди. Шу тариқа “Темир нур” қалқонини жорий тизимлар билан интеграция қилиш 2025 йилга қолдирилди.

Фото: Rafael Advanced Defense Systems
“Темир нур” кўп қатламли ҳаво мудофаа тизимида “Темир гумбаз”нинг ёнидан жой олади. Янги тизим юқори сезгир радар, бошқарув маркази ва қуролнинг ўзидан иборат комплекс ҳисобланади. У юз киловатт/соат қувватли лазер қуролини нишонга йўналтириш орқали ишлайди. Бу эса ҳозир қарийб юз минг АҚШ долларига тушаётган вазифани атиги 2-5 доллар билан бажариш имконини беради.

Лазер қуролининг камчиликлари

Юқорида санаб ўтилган афзалликларга қарамай, тизим самарадорлигини шубҳа остига оладиган омиллар етарлича топилади. Уларнинг энг биринчиси масофа билан боғлиқ. Масалан, “Темир гумбаз” 70 километр масофадаги нишонларни тутиб олиш салоҳиятига эга. Нур қалқонида эса бу кўрсаткич 10 километрга аранг бориши мумкин.

Фото: Breaking Defense
Тизимнинг ишига салбий таъсир қиладиган омиллар ичида об-ҳаво ҳам бор. Туманли ҳамда ёмғирли шароитда масофа ва қувват сезиларли даражада қисқаради. Боиси намлик, чанг ва бошқа заррачалар лазер нурини сочиб, якуний нуқтада унинг қувватини камайтириб юборади. Бу эса узоқ масофадаги нишонларни тутиб олишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу билан бирга, лазер тизимлари учун юқори қувватли энергия, табиийки, шунга мувофиқ инфратузилма талаб этилади. Яъни ундан исталган жойда эркин фойдаланиш имконсиз. Бундан ташқари, лазер қуроли бир вақтнинг ўзида фақат битта нишонни зарарсизлантириши мумкин. Бунинг учун кетадиган сониялар ичида қолган ҳаво таҳдидлари ўтказиб юборилиши мумкин. Агар кўп сонли ракета ва дронлар орқали кенг масштабли ҳужум амалга оширилса, тизим уларнинг бари билан шуғулланишга улгурмаслиги мумкин.

Rafael Advanced Defense Systems
Шунга қарамай, Исроил расмийлари “Темир нур” тизимида истиқболли қуролни кўряпти. Тез-тез такрорланадиган фикрларга кўра, у ҳаво мудофааси соҳасида “кескин бурилиш” ясаши мумкин. Ҳозир тизимни ишлаб чиқариш жараёнлари бошланган. Исроил мудофаа вазирлиги бу учун Rafael ва Elbit systems компаниялари билан 500 миллион долларлик шартнома имзолади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?