10:18 / 17.11.2024
4

Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?

Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
Россия Донбассдаги муваффақиятлари ортидан Курскни ҳам қайтариб олишга бел боғлагани айтилмоқда. Трампнинг “тахт”га қайтиши Украина учун хавотирларни кучайтирди. Хўш, бугун фронт чизиғи ва унинг атрофидаги халқаро сиёсий вазият қандай? Россия-Украина урушидаги сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилиш учун Kun.uz студиясига бир нечта таҳлилчилар жам бўлди.

— Аввало, фронт чизиғига тўхталсак. Ҳарбий ҳаракатлар борасида умумий вазият қандай?

Ҳакимжон Жамалдинов
: Фронтдаги вазиятга тўхталсак, ҳар икки томон ҳам ўз баёнотларида ўзларининг ютуқларини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Россия томони украинларнинг Суми области ва Курск йўналишидаги ҳужумлари муваффақиятли тўхтатилгани, Украинанинг энг элита гуруҳлари Курск вилоятида қуршовга олинганини исботлашга ҳаракат қиляпти. Украина президенти Владимир Зеленский эса украиналиклар Курскда 50 мингдан ортиқ Россия элита қўшинларини банд қилиб тургани, бу уларга Донецк ва Луҳанск фронтларини назорат қилишга имкон бераётганини айтди.

Россия раҳбари Владимир Путин эса Донецк ва Луҳанск масаласида Зеленскийнинг баёнотига тескари маълумотларни бўлишди. У Россия Салихов, Курахово ва Торецк йўналишида +2 режаси асосида ҳар куни иккита аҳоли пунктини эгаллаб, бир суткада 200 метрдан 20 километргача ҳаракатланаётганини иддао қиляпти. Қарши томон эса айнан Путин баёнотида айтилган йўналишларда украиналиклар россияликларни муваффақиятли тарзда тўхтатиб тургани, етказиб берилаётган янги қуроллар ёрдамида мазкур чизиқлар, ҳатто янги йўналишларда ҳам қарши ҳужумларни ташкил этаётганликларини маълум қилган.

Умуман, фронтлардаги вазият икки давлат томонидан турлича баҳоланмоқда.

Шуҳрат Расул: Менимча, охирги 15 кун ичида фронтдаги вазият борасида кескин ўзгаришлар кузатилгани йўқ. Ҳозирда Курахово йўналишида россияликлар катта босим уюштиришда давом этяпти ва катта эҳтимол билан украиналиклар бу ҳудудларни ташлаб чиқиб кетиши мумкин.

Таъкидлаш керакки, ҳар икки томон қуролли тўқнашувлардан ташқари, ахборот урушини ҳам олиб боряпти. Бу ахборот уруши жамоатчиликка асосий урушдан кўра кўпроқ таъсир ўтказяпти ва турли қарашлар ҳамда баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Россия томони ўзининг барча фронтларда ғалаба қозонаётганини таъкидлаётган бўлса, украиналиклар бу борада қарши баёнотлар билан чиқяпти.

Бир жиҳатни қўшимча қилиш керак, Россиянинг барча нуфузли ва масъулиятли генераллари, ҳатто захирадаги аскарлар ҳам мамлакатда мавжуд ресурслар билан Украинани босиб ололмаслигини таъкидламоқда. Ўз навбатида, Украина ҳам Россия устидан ғалаба қозонолмайди.

Камолиддин Раббимов: Қисқа қилиб, юқорида айтилган фикрларга бир элементни қўшиш мумкин. Россияликлар қарши томонни Курскдан имкон қадар сиқиб чиқармоқчи бўляпти, чунки АҚШ маъмуриятига Доналд Трамп келди, у ҳозир Россия-Украина ўртасида музокараларни бошлашга тайёрланмоқда ва Россия бу музокараларда қулайроқ позицияга эга бўлиш учун украиналикларни Курскдан сиқиб чиқариши керак.

Лекин Украина томони Курскни тарк этмоқчи эмас. Маълумотларга кўра, бу йўналишда сўнгги 3 кунда 200 нафардан 500 нафаргача рус ҳарбийлари ҳалок бўлган ва 58 та рус ҳарбий техникаси йўқ қилинган. Ҳозирча Украина бу ерда 700 кв км ҳудудни тўлиқ назорат қилмоқда.

— Трампнинг ғалабаси сабаб Европа ва АҚШнинг Украина борасидаги позицияси кесишадими?

Ойбек Сирожов
: Бир сўз билан айтганда, ҳа. Европа ва АҚШнинг Украина ва Россия борасидаги позицияси ўзгариши мумкин. Чунки Трамп ва унинг жамоаси бу масалада ўзига хос позицияга эга. Европа давлатлари Украинага керагича ёрдам бериш ва музокараларда ҳудудларни тақсимлаш борасида Украинанинг қарорини қўллаб-қувватлаш позициясида эди ва бу ёндашув АҚШ маъмурияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётган эди. Трамп эса ўз сайловолди чиқишларида ҳар қандай йўл билан урушни тўхтатиш ва хунрезликлар кучайишининг олдини олиш керак, деган ёндашувни илгари сурган.

Ҳозирги кунда ҳамма жойда ўзига хос ваҳима вужудга келди, буни бир сўз билан “Трамп ваҳимаси” деб аташ мумкин. Доналд Трамп ҳозир ҳам бир қанча чиқишлар қилаётганига қарамай, у ҳақиқий президентлик ваколатига келаси йилнинг 20 январ санасидан киришади ва шундан кейин АҚШ ва Ғарбий Европада икки хил ёндашув вужудга келади. Бу борада Трампнинг позицияси каттароқ таъсирга эга бўлиши аниқ. Чунки Украинага кўрсатилаётган моддий ёрдамнинг 80 фоизи айнан АҚШ ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, 25 феврал куни Германияда ўтказиладиган парламент сайловларидан кейин, ҳукумат алмашиши натижасида бу мамлакатда ҳам вазият ўзгариши, Таурус ракеталарини бериш масаласи кўтарилиши мумкин. Германияда бу турдаги ракеталар сони 300 та, АҚШ эса бу борада ундан 10-15 баробар устунроқ. Трамп сайланганидан кейин бир қанча расмий ва норасмий учрашувлар ўтказилиб, уларнинг деярли барчасида Украинага ёрдам масаласи кўрилмоқда. Ҳатто яқинда Британия ва Франция ўртасидаги учрашувда ҳар икки томон Украинага қанча керак бўлса, шунча ёрдам беришини маълум қилган. Бироқ амалда улар бундай имкониятга эга эмас деб ўйлайман. Шундай экан, улар вақтинча бўлса ҳам бу борада маълум даражада Трампга ён беришга мажбур бўлади.

Бундан ташқари, Шимолий Корея аскарлари масаласи ҳам бор. Жанубий Корея разведкаси ва Украина расмийлари улар Курскдаги жангларда қатнашаётганини айтаётган бўлсалар-да, шу вақтгача бу борада аниқ далиллар тақдим қилинмади. КХДР билан боғлиқ масалада икки хил ёндашув бор, улардан бири шуки, Украина Европа ва АҚШдан узоқ масофага учадиган ракеталардан фойдаланишга рухсат олиш мақсадида шу маълумотлардан фойдаланмоқда. Иккинчиси, аввалроқ, агар зарур бўлса, Европанинг Украинага қўшин масаласида ёрдам бериши кун тартибига кўтарилган эди ва Украина шу масалани қайтадан кун тартибига олиб чиқиб, вазиятдан чиқиш ҳақида ўйламоқда, чунки уларнинг аҳволи русларникидан анча оғирроқ.

Бу борада Европада шундай принцип шаклланган: Украина зарурат бўлса барча украиналикларни урушга жалб қилиши, яъни фронтни инсон ресурслари билан таъминлаши, Европа эса бу аскарларни қуроллантириши керак. Шимолий Корея эса Россияни хоҳлаганча аскар билан таъминлаши, яъни инсон ресурсларидан муаммо бўлмаслиги, аксинча, қурол-яроғ масаласида оқсаши мумкин.

Ҳарбий экспертларнинг фикрига таяниб хулоса қиладиган бўлсак, Украинани қўллаб-қувватлаш тўлиқ Европа зиммасига юкланса, улар бу вазифани АҚШчалик бажара олмайди. Чунки уларда бундай имконият мавжуд эмас.

Ҳакимжон Жамалдинов: Шимоий Корея масаласи ҳам информацион урушнинг бир қисми бўлиши мумкин. Масалан, таъкидланганидек, бу маълумотлар орқали украиналиклар стратегик қуролларга эга бўлишни ва европаликларнинг онгидан Россия битмас-туганмас арсенал экани ҳақидаги фикрларни ҳайдаб, унинг нозик томонларини кўрсатишни кўзлаган бўлиши эҳтимоли мавжуд. Бу ерда КХДР қўшинларининг аслида фронтда бор ёки йўқлиги иккинчи даражали масала, асосий масала бу – уларнинг жангда қатнашаётгани ҳақидаги маълумотнинг ўзи.

Бундан кўзланган яна бир мақсад – Украинани молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатмоқчи бўлаётган республикачиларга Россия Шимолий Кореядан кейин Хитойни ҳам урушга жалб қилиб, охир-оқибат АҚШнинг ўзига ҳам хавф солиши мумкин, деган ғояни етказиш бўлиши ҳам мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?