14:53 / 23.11.2024
20

Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?

Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
Ғазо марказидаги Бурейж қочқинлар лагеридаги вайрон бўлган уйлар орасида юрган фаластинлик бола. Фото: Муҳаммад Сабр / EPA-EFE
Жиноят суди ўз мандатини бажара олиши ёки олмаслигидан қатъи назар, бу ордер дунё адолатни қўллашга тайёрлигини билдиради, дейди сиёсатшунослар. Энди Исроилга қурол-яроғ етказиб берувчи Европа давлатлари савдо келишувларини қайта кўриб чиқишлари керак. Белгия, Канада, Франция ва Нидерландия каби давлатлар, агар Нетаняҳу ва Галлант ташриф буюрса, уларни ҳибсга олишини билдирди.

21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазирини уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олишга ордер берди. Бу ордер Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга Исроилнинг юқоридаги мансабдорлари қадам қўйса, уларни ҳибсга олиш мажбуриятини юклайди.

Халқаро суд, Исроил расмийларига кўра Ғазода ўлдирилгани айтилаётган, Ҳамас ҳарбий етакчиси Муҳаммад Дейфни ҳисбга олиш учун ҳам ордер берган. Суд прокурорлари унинг ўлимини тасдиқлай олмагани учун буйруқни маъқуллаганини айтган. Шунингдек, Ҳамаснинг бошқа етакчилари Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар Исроил томонидан ўлдирилгани тасдиқлангач, улар учун яна иккита ордер аризаси бекор қилинди.

Washington Post нашрининг ёзишича, Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Галлантга қўйилган айблар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари билан боғлиқ. Урушда ўн минглаб фаластинликлар ўлдирилди, 2 миллионга яқин одам мамлакат ичкарисида кўчишга мажбур бўлди. Сектор соғлиқни сақлаш тизими ва инфратузилмасининг катта қисми вайрон қилинди. Суд баёнотида айтилишича, Нетаняҳу ва Галлант у ердаги жиноятлар: уруш усули сифатида тинч аҳолини очликда қолдириш, шунингдек, қотиллик, таъқиб ва бошқа ғайриинсоний ҳаракатлар учун жавобгарликни зиммаларига олишларига етарли асослар топилган.

Муҳаммад Дейф эса 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳарбийлари Исроилга ҳужум уюштиргани учун инсониятга қарши жиноятлар: қотиллик, қийноқлар, зўрлаш ва гаровга олинганларни ўғирлашда айбланган. Ҳамас ўша ҳужумда мингдан ортиқ исроилликни ўлдиргани ва яна 250 кишини Ғазога асирликка олиб кетгани айтилмоқда.

Ҳуқуқшунослар суд қарори муҳимлигини таъкидлаган. 124 давлат, жумладан Европадаги АҚШнинг кўпчилик иттифоқчилари ўз ҳудудига Исроил бош вазири кирса, уни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Шу билан бирга Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС суд низомини имзолаган эмас. Экспертлар Ҳамас вакилининг ҳам таркибга киритилиши 7 октябрь ҳужумлари қурбонлари учун адолат йўлида муҳим қадам бўлганини айтишмоқда.

Суд бош прокурори Карим Хон ордерлар эълон қилингандан кейин берган баёнотида имзо чекувчилардан «ушбу суд қарорларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилиш орқали» низом бўйича «ўз мажбуриятларига амал қилиш»ни сўради. «Мен қонун ҳамма учун мавжудлигини, унинг роли барча инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканлигини таъкидладим», деди у.

Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Фото: ICC
Исроил бош вазири Нетаняҳу суд қарорига муносабатида «сохта ва бемаъни айбловларни бутунлай рад этишини» айтди ва судни «нохолис ва камситувчи сиёсий орган», деб атади. Галлант ҳам бу қарорни қоралаб, бу «Исроил ва Ҳамас етакчиларини бир даражага қўйиши»ни айтган.

АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши вакили Қўшма Штатлар суд қарорини тубдан рад этишини ҳамда «прокуратура ҳибсга олиш учун ордер беришга шошилганидан қаттиқ хавотирда» эканлигини билдирди.

«Қўшма Штатлар ХЖС бу масала бўйича юрисдикцияга эга эмаслигини аниқ айтди. Ҳамкорлар, жумладан Исроил билан келишилган ҳолда биз кейинги қадамларни муҳокама қилмоқдамиз», — дейди АҚШ расмийси.

Куни-кеча АҚШ президенти Жо Байден Халқаро жиноят судининг Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга ордер чиқариш қарорини «таажубланарли» деб баҳолади.

«ҲЖСнинг Исроил раҳбарларига ордер чиқариши мутлақо нотўғри. Исроил ва Ҳамасни тенглаштириб бўлмайди, бундай эквивалентлик йўқ», — деган Байден Оқ уй сайтида эълон қилинган баёнотида. АҚШ президентининг таъкидлашича, Вашингтон Исроилни хавфсизлигига таҳдид қилинган ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлайди.

Жорий йил май ойида АҚШ президенти Жо Байден суд прокурорларининг ордер олиш учун ариза бериш ҳақидаги қарорини танқид қилган ва АҚШ Исроил томонида бўлишини айтган эди.

Cуднинг қарори Исроил Ғазо ва Ливандаги ҳарбий амалиётлари ортидан тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлаётгани ва ҳуманитар фожиа юзага келгани юзасидан халқаро танқидлар кучайиб бораётган бир пайтда қабул қилинди. Хусусан, Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари 21 ноябрь куни Исроил ҳужумларида камида 71 киши ҳалок бўлганини, 7 октябрдан буён урушдаги умумий қурбонлар сони 44 минг кишидан ошиб кетганини айтди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалар эканини айтмоқда. Исроил эса Ҳамас тинч аҳоли орасида жойлашаётганини айтиб, касалхоналар, мактаблар, масжидлар ва турар жой ҳудудларига қилаётган ҳужумларига сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Ғазода фаолият олиб бораётган ҳуманитар ёрдам агентликларининг айтишича, Исроил сиёсати секторга ёрдам етказиб беришни тўсиб қўйиш ва фаластинликларни мажбурий кўчиришда давом этмоқда. Бу эса ҳудудни очлик ёқасига олиб келган.

«Суднинг дастлабки хулосасига кўра, бу шунчаки ҳарбий амалиётлар ёки шаҳар урушининг аянчли оқибатлари эмас, балки тинч аҳолига қарши ҳужумлар бўлган», — дея Рутгерс университети ҳуқуқ профессори Адил Ҳакенинг сўзларини келтирмоқда нашр.

Агар Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?

Айблов хулосасига кўра, агар улар ҳибсга олинса, суд жараёнлари бошланади. Бунга қадар суд муҳокамаси бўлмайди, суднинг «сиртдан» суд жараёнини ўтказиш ҳуқуқи йўқ.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант. Фото: Al-Jazeera
Лондондаги Қиролича Мери университетининг инсон ҳуқуқлари бўйича профессори, Британия Яқин Шарқ тадқиқотлари жамияти вице-президенти Неве Гордон Al-Jazeera нашри билан суҳбатда ХЖС қарорида кучли даъво борлигини айтди. Исроил раҳбарларининг ҳаракатларини исботлаш жуда осон бўлади.

«Исроил 20 йилдан бери Ғазо секторида очликдан қурол сифатида фойдаланмоқда. Менимча, озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланиш нияти Исроил раҳбарларининг баёнотлари ва Исроил ҳарбийларининг амалиётидан аниқ. Буни исботлаш осон бўлади деб ўйлайман”, – деган Гордон.

Хабарларга кўра, Ғазо секторидаги барча 36 касалхона нишонга олинди. Тез ёрдам машиналари ва соғлиқни сақлаш ходимлари деярли тўхтовсиз портлаш кампаниялари остида қолмоқда. Шу каби кўплаб далиллар прокурорининг ордер берилганларга қарши ишни олиб боришга ёрдам беради.

«Айрим шахслар қонундан юқорида, деган фикрни йўқ қилади»

Нетаняҳу ва Галлант энди ҳибсга олиниши мумкин бўлганлиги сабабли, 21 ноябргача бўлгани каби халқаро миқёсда саёҳат қилиш қийин бўлади. Чунки Халқаро Жиноят Судининг Рим статутини имзолаган 124 давлатнинг барчаси, агар улар ушбу мамлакатларга саёҳат қилса, уларни ҳибсга олишга қонуний равишда мажбурдир. Лекин АҚШ бу келишувни имзоламаган.

Бундан ташқари, ХЖСда ижро этиш ваколатлари йўқ ва ўз полиция кучига эга эмас. Суд, 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган, бироқ Путин ҳибсга олинмаган. Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ордер бериш қарорини олқишламоқда.

Human Rights Watch'нинг катта маслаҳатчиси Болкис Жарроҳга кўра, «Халқаро жиноят маҳкамаси Исроилнинг юқори мартабали раҳбарлари ва ҲАМАС расмийсига қарши ҳибсга олиш учун ордер бериши – айрим шахслар қонундан юқорида, деган фикрни йўқ қилади».

«ХЖС ўз мандатини самарали бажара оладими ёки йўқми, ҳукуматлар қаерда ва ким томонидан суиистеъмол қилинишидан қатъи назар, адолатни қўллаб-қувватлашга тайёрлигига боғлиқ бўлади. Бу ордерлар ниҳоят халқаро ҳамжамиятни ваҳшийликларни бартараф этишга ҳамда Фаластин ва Исроилдаги барча қурбонлар учун адолатни таъминлашга ундаши керак».

Таҳлилчиларга кўра, ХЖС қарори Ғарб давлатлари, хусусан, Исроилга қурол-яроғ етказиб берувчи Германия ва Буюк Британия каби Европа давлатлари учун кенг кўламли таъсир кўрсатади.

«Агар Исроил раҳбарлари инсониятга қарши жиноятда айбланса, демак, Европа давлатлари юбораётган қуроллар жиноят содир этишда фойдаланилган. Ғарб давлатлари энди ўзларининг савдо келишувларини қайта кўриб чиқишлари керак», — дейди сиёсий таҳлилчи.

Халқаро жиноят судига қўллов керак

Халқаро жиноят судининг Нетаняҳуни ҳибсга олиш бўйича ордери эълон қилингач бир қанча давлатлар уни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Хусусан, Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп биринчилардан бўлиб ўз мамлакатини ХЖС талабларига риоя қилиш мажбуриятини билдирди. У, агар Нетаняҳу ёки Галлант Нидерландия тупроғига қадам қўйса, улар ҳибсга олинишини айтди.

Франциядаги Европа ва ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кристоф Лемуан ҳам унинг ҳукумати ордер талабини бажаришини айтди. «Биз тўлиқ мустақил иш юритувчи суд прокурорининг ҳаракатини қўллаб-қувватлаймиз. Жазосизликка қарши кураш бизнинг устувор вазифамиздир... Шунинг учун бизнинг муносабатимиз ушбу тамойилларга мувофиқ бўлади», — деган у.

Шунингдек, Ирландия Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни Халқаро жиноят судини қўллаб-қувватловчи баёнот эълон қилди. «Барча давлатларни судга путур етказишга уринишларсиз, унинг мустақиллиги ва холислигини ҳурмат қилишга чақирамиз».

Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳам суд қарорини бажаришини билдирди. «Биз канадаликлар, шунчаки халқаро суд қарорларига риоя қилишга мажбурмиз», деган Трюдо.

Ҳамаснинг Ғазодаги сиёсий бюроси аъзоси Босим Наим Нетаняҳу ва Галлантга ордер беришни «халқаро адолатга содиқлигини кўрсатадиган биринчи қадамдир», деб атаган. Унга кўра, «агар дунёнинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланмаса, халқаро суд қарори чекланган ва рамзий бўлиб қолади». У Дейф учун берилган ордер ҳақида гапирмади.

Халқаро жиноят суди судяси Хон шу йил май ойида Нетаняҳу ва Галлантга қарши айбловлар қўймоқчи эканлигини эълон қилгач, шиддатли «сиёсий бўрон»га сабаб бўлди. Исроил маҳкамага қарши кучли лоббизм бошлади.

Европа Кенгашининг халқаро сиёсий алоқалар бўйича катта мутахассиси Энтони Дворкин «суд ва халқаро ҳуқуқ устуворлигининг тарихий қўллаб-қувватловчилари сифатида барча Европа давлатлари... судни мустақил органи сифатида қўллаб-қувватлашларини очиқ айтишлари керак», деган.

Оксфорд университетининг глобал хавфсизлик профессори Жанина Диллнинг таъкидлашича Нетаняҳу ҳамон Ғазодаги урушни бошқармоқда, у ҳибсга олиш учун ордерга асос бўлган инсонпарварлик ёрдами кириши, урушдаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилмоқда.

«Менимча, Исроилнинг Ғазодаги урушини ҳар қандай моддий ёки дипломатик қўллаб-қувватлаш – давом этаётган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни қўллаб-қувватлаш хавфини туғдиради», деди Дилл.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?