23:08 / 26.11.2024
1

Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?

Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
Ўтган ҳафта Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берган эди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури ўтган ҳафта таҳлилига бағишланган жонли эфирида сиёсий таҳлилчилар бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Халқаро жиноят судининг бундай хулосага келиши Ғарбий Европа давлатларида Исроилга нисбатан салбий кайфият кучайиб бораётгани фонида юз бермоқда.

Ғазода уруш бошланганидан кейинги икки ой давомида Европа Иттифоқи тўлиқ Исроил тарафда эди. Урсула фон дер Ляйен ва бошқа мутасаддилар томонидан: “Биз бечора Исроилга қўл кўтарганнинг қўлини уриб синдирамиз” деган мазмунда баёнотлар бўлган эди. Лекин орадан 3-4 ой ўтиб, Исроилнинг асосий мақсади бу Ҳамас билан кураш эмас, Ғазо секторида этник тозалаш қилиш экани маълум бўлгандан кейин Ғарбий Европанинг позицияси ўзгара бошлади. Исроил ўзини террорист давлат сифатида тўлиқ намоён қилди.

Ҳаагада иккита суд бор. БМТнинг Халқаро адолат суди бор у ерда ҳам Исроилга қарши иш кетяпти. Бу ишга Жанубий Африка Республикаси билан биргаликда 55 та давлат қўшилган, ҳали бу суднинг қарори чиққани йўқ. Нетаняҳуни ҳибсга олиш ордерини эса Халқаро жиноят суди берди. БМТ суди ҳам Ғазодаги вазиятни ҳисобга олиб ҳукм чиқарса, 100 фоиз Исроил айбдор бўлади
”, дейди Раббимов.

Халқаро жиноят суди ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорини эълон қилишидан бир кун олдин, 20 ноябр куни АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, маҳбусларни озод қилиш ва очарчиликнинг олдини олиш тўғрисидаги резолюцияни барбод қилди. Кенгашнинг Америкадан бошқа барча 14 та аъзоси ҳужжатни маъқуллади.

Эътибор берадиган бўлсак, айнан мана шу Хавфсизлик Кенгашидаги Американинг доимий иттифоқчилари, жумладан Буюк Британия ҳам Исроилга қарши овоз берди”, дейди сиёсий таҳлилчи Ойбек Сирожов.

Европа ҳам танлов қилишга мажбур эди, яъни икки хил стандарт асосида фаолиятни давом эттириш ёки яхшими-ёмонми, маълум бир ўзининг мустақил саъй-ҳаракатлари билан адолат тарафдори эканини намоён қилиш.

Яна бир муҳим жиҳат: ислом олами ҳам ўзига яраша босим кўрсатмоқда, буни эътироф этишимиз керак. Яъни мусулмон давлатларининг йиғилишларида бу масала асосий марказий ўринда бўлди. Жумладан, Ўзбекистон томонидан ҳам бу масалага алоҳида урғу берилди
”, дейди Сирожов.

Халқаро жиноий суднинг қарори Исроилга қурол етказиб бериш чекланишига олиб келиши мумкинми? Таҳлилчи Бектош Бердиев бунга шубҳа билан қарайди.

Жуда жиддий қадамлар ташланади деб ўйламайман. АҚШ 1947 йилдан бери бугунги кунга қадар Исроилга 330 млрд долларлик ёрдам олган. Дунё тарихида ҳеч қайси бир давлат иккинчи давлатга бу даражада ёрдам кўрсатган эмас”, дейди у.

Раббимовнинг қўшимча қилишича, Халқаро жиноят судининг қарори Исроил учун барибир қийинчиликлар келтириб чиқаради.

Фараз қилинг, Нетаняҳу Францияга, Германияга ёки Англияга бормоқчи. Бу давлатлар Халқаро жиноят суди ҳужжатларини ратификация қилган. Улар олдида бир дилемма пайдо бўлади: агар Нетаняҳуни қамоққа олмаса, халқаро майдондаги мажбуриятини бажармаган бўлади ва дунё ҳамжамияти бу давлатлар устидан кулади. Шунинг учун улар Нетаняҳудан келмасликни сўрайди. Агар қамоққа олишга қарор қилса, Америка ўртага тушади ва босим қилади”, дея тушунтиради Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг фикрича, бу вазиятда ҳатто Британия ҳам Исроилга қарши позицияни эгаллаётгани аҳамиятли. “Агар Трамп Европага нисбатан ўзи ваъда қилган сиёсатни амалга оширадиган бўлса, Европа ўзининг субъект сифатидаи мақомини кўтариш имкониятига эга бўлади”, дейди у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?