15:27 / 28.11.2024
4

Халқаро жиноий суд Мьянма раҳбарини ҳибсга олмоқчи

Халқаро жиноий суд Мьянма раҳбарини ҳибсга олмоқчи
Фото: Мин Аун Хлайн / Reuters
Халқаро жиноий суд (ХЖС) бир вақтнинг ўзида муваққат президенти бўлган Мьянма қуролли кучлари раҳбари Мин Аун Хлайнни ҳибсга олишга ордер бермоқчи. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

У Мьянма ва Бангладешдаги роҳинжаларни депортация ҳамда таъқиб қилиш билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда. ХЖС прокурори Карим Хоннинг идораси бу бўйича “кенг кўламли, мустақил ва холис текширув” ўтказгани ва керакли асосларга эгалигини таъкидлади.

Жиноятлар 2017 йил 25 августдан 2017 йил 31 декабргача, яъни тўрт ой давомида содир этилган. Бу Мьянманинг юқори мартабали ҳарбий амалдорини ҳибсга олиш учун ордер бериш бўйича биринчи қадам.

Масалани уч судьядан иборат ҳайъат кўриб чиқиши керак, улар айбловларнинг асослилигига рози бўлиш-бўлмаслигини ҳал қилади. Одатда қарор қабул қилишга тахминан уч ой керак бўлади.

"Мин Аун Хлайн Мьянмадаги кўплаб инсон ҳуқуқлари бузилишларида ҳал қилувчи рол ўйнади. У 2016 ва 2017 йилларда роҳинжа халқига қарши шафқатсиз операцияларга раҳбарлик қилди, шунингдек, 2021 йилдаги давлат тўнтаришига бошчилик қилди. Бу тўнтариш натижасида деярли 6 минг тинч аҳоли ҳалок бўлди ва Мьянма иқтисодий, сиёсий ҳамда ижтимоий тартибсизликка ботди", дейди Аmnesty International бош котиби Анес Калламар.

2012 йилда буддистлар ва мусулмонлар ўртасидаги динлараро зиддият авж олган пайтда, 100 мингга яқин мусулмон озчилик вакиллари — роҳинжалар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 2017 йилда Бирма полиция бўлимларига ҳужум қилингандан сўнг можаро яна авж олди. Шу йили Мьянма армияси Ракхайн штатида “терроризмга қарши” ҳарбий операция ўтказди.

БМТ терговчиларининг таъкидлашича, бу ҳаракат “геноцид мақсадида” амалга оширилган. Натижада 700 минг нафар роҳинжа ўз уйларини ташлаб, Бангладешга қочишга мажбур бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Халқаро жиноий суд Мьянма раҳбарини ҳибсга олмоқчи