12:02 / 05.12.2024
191

Дубай амирининг қизи — шайха Маҳранинг тақдири қандай кечди?

Дубай амирининг қизи — шайха Маҳранинг тақдири қандай кечди?
Шарқ эртаклари қум ва олтинга кўмилган узоқ юртлар, итоаткор маликалар-у айёр савдогарлар ва телба муҳаббат ҳақида сўзлаб келган, аммо бу афсонавий қиссалар қанчалик ҳақиқатга яқин? Келинг, бу саволга жавоб излаб, араб қироллик саройидаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартириб юборган Дубай амирининг қизи, шайха Маҳранинг ҳаётига назар ташлаймиз.

Маҳранинг отаси — амир Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум (шунингдек, БАА бош вазири ва мудофаа вазири) ўша пайтда расман уйланган бўлса-да, грек қиз Зое Григоракос билан исломнинг сунний мазҳабида рухсат этилган вақтинчалик никоҳга кирган.

1994 йилда уларнинг қизи Кристина дунёга келади ва тез орада Зое чақалоғи билан Европага қайтиб кетади. Аввалига Кристина онаси билан Лондонда яшайди, авиация мактабини тугатгандан сўнг, она-бола Грецияга кўчиб келади. Қиз насроний бўлиб ўсган ва Европа анъаналари бўйича тарбияланган. Муҳаммад бу йилларда қизининг ёнида бўлмаган, аммо моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Миш-мишларга кўра, вояга етганда Маҳранинг бойлиги 90 миллион долларга баҳоланган.


Кристина хусусий мактабда ўқиган, кўп вақтини чет тилларини ўрганишга ва чавандозликка бағишлаган — от спортига бўлган муҳаббати отасидан ўтган. Қиз Шарқ жамиятидан узоқда ўсган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра БААга кўчиб ўтишга қарор қилган.

Шайхнинг грек қизи 16 ёшида Дубайга кўчиб ўтади. Исломни қабул қилиб, Маҳра исмини олади, шундан сўнг отаси унга қироллик унвонини беради. Шундай қилиб, Кристина шайха Маҳра бинту Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумга айланади. Шу пайтдан бошлаб унинг ҳаёти эртакка ўхшаб қолади: Дубайда бир неча йил яшагандан сўнг, Маҳра Британияга кўчиб ўтади ва у ерда “Халқаро муносабатлар” дастурида таҳсил олади, кейин эса амирликка қайтиб, отаси асос солган академияда ўқишини давом эттиради.

2023 йил 4 февралда малика диплом топшириш маросимида олинган суратни “Оилавий қўллаб-қувватлаш бу — ҳамма нарса” деган изоҳ билан ижтимоий тармоқда жойлайди. Ёрдам учун ота-онасидан миннатдор бўлиш одатий ҳол, бироқ бир муҳим “аммо” бор эди: Маҳранинг ўгай опаларига университетда ўқиш каби имтиёз берилмаганди.

Муҳаммаднинг аслида нечта фарзанди борлигини ҳеч ким билмайди. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг сони 30 дан ортиқ, аммо унинг икки қизи: Шамса ва Латифа айниқса машҳур бўлган. Айнан улар биринчи бўлиб олтин дарвозалар ортидаги ҳаёт кўринганидек эмаслигини айтишган.

1999 йил сентябрь ойида малика Шамса акасига хат ёзиб, отасининг унга коллежга киришни тақиқлагани ҳақида хабар беради — шу билан шов-шувли воқеалар занжири бошланади. Эътиборли жиҳати шундаки, амирнинг ўзи Кембрижни тугатган ва Британия қуролли кучларида хизмат қилган, БААга қайтгач эса ислоҳотчилик сиёсатини юритиб, аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш тарафдори бўлган.

Отасининг зулмидан азоб чеккан қиз таътил пайтида қочишга қарор қилади. Шамса Range Rover’ни олиб қочиб, шаҳарга етиб боради, афсуски, икки ойдан сўнг уни кўчада ушлаб олишади ва Дубайга қайтаришади. Синглиси Латифанинг сўзларига кўра, қиз ўша пайтда нима бўлаётганини ҳатто англамаган: унга гиёҳванд моддалар беришган ва мажбуран самолётга ўтқазишган.

Шайха Шамса
Амирликларда Шамсанинг ҳаёти ҳақиқий дўзахга айланади: кейинчалик маълум бўлишича, у қамоқда сақланган ва калтакланган. Полиция ва журналистлар маликани ўғирлаш бўйича тергов бошлашга ҳаракат қилишади, аммо уларнинг барча уринишлари беҳуда кетади. 2018 йилда, қочганидан деярли 19 йил ўтгач, Дубай қироллик саройи “Шамса меҳр ва ғамхўрлик ичида яшаётгани” ҳақида изоҳ беради.

Бу изоҳни ўша йили Латифа ёзиб олган видео рад этади. Унда у бошидан кечирган барча даҳшатларни: оила зулми, қийноқлар ва араб қамоқхонасидаги уч йили ҳақида ҳикоя қилади. Латифа ҳам 16 ёшида саройдан қочишга икки марта уриниб кўради, аммо уни ҳам опасиники каби тақдир кутарди. Латифанинг ташқи дунё билан сўнгги мулоқоти 2021 йилда бўлган: ўшанда у Чили собиқ президенти Мишел Бачелет билан шахсан суҳбатлашган. Орадан 2 йил ўтиб, аёлнинг айтишича, Латифа суҳбат давомида унга ё қўрқиб кетгандек ёки психотроп дорилар таъсирида бўлгандек туюлган.

Шайха Латифа
Маликалар бир неча йиллардан бери омма олдида кўринмайди, расмий ваколатхона эса ҳозиргача уларнинг аҳволи ҳақида бир хил маълумот беради: қизлар яхши, улар шунчаки махфийликни сақлашни хоҳлашади.

Шамса ва Латифанинг ҳикоялари жамоатчиликни ҳайратда қолдирган, аммо вақт ўтиши билан ҳамма малика Маҳрага эътибор қаратди: у Шарқнинг энг гўзал 10 нафар аёли қаторига киради, ижтимоий тармоқларда фаол, спорт мусобақаларида қатнашади ва хайрия ишлари билан шуғулланади.

2023 йилда эса 29 ёшли Маҳра Дубай ҳукмрон оиласи вакили, ўзининг узоқ қариндоши бўлган шайх Мана ал-Мактумга турмушга чиқади. Тўй дабдабали бўлди: ҳашаматли оқ кўйлак, қимматбаҳо маржонлар, етти қаватли торт ва зални безаб турган миллионлаб атиргуллар.

2024 йилнинг май ойида Маҳра фарзандини дунёга келтирди, қизалоққа онасининг шарафига Зое деб исм беришди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, Маҳра эридан ажрашмоқчилигини эълон қилди. 2024 йилнинг 17 июлида у турмуш ўртоғининг хиёнатига шама қилиб, Instagram’даги саҳифасида уч марта “Мен сиз билан ажрашаман” деб пост қолдиради.

Шариатга кўра, ажралиш ҳақида эълон қилиш ҳуқуқи фақат эркак кишида мавжуд, шунга кўра, маликанинг хатти-ҳаракатлари диний қонунларни қўпол равишда бузиш сифатида баҳоланади — анъанавий тартиб-қоидаларга очиқдан очиқ бўйсунмаслик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Маҳранинг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги пости 31 октябрь куни эълон қилинган — у қизи билан тушган суратини жойлаган. Унинг ажрим ҳақидаги постига шу пайтга қадар на Дубай амири бўлган отаси, на турмуш ўртоғи ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Уларнинг никоҳи расман бекор бўлдими-йўқми, ҳозирча номаълум.



Дубай амири, Шайха Маҳра, Тақдири, Амирлик, Дабдаба

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубай амирининг қизи — шайха Маҳранинг тақдири қандай кечди?