23:16 / 05.12.2024
37

Ҳалабни кимлар ва қандай қилиб эгаллади?

Ҳалабни кимлар ва қандай қилиб эгаллади?
BILAL AL HAMMOUD/EPA-EFE/REX/Shutterstock
Сурияда сўнгги тўрт йил мобайнида деярли унутилган фуқаролик уруши яна фаол фазага ўтди. Ўтган ҳафтада исёнчилар коалицияси Ҳалабни, бу ҳафтада яна бир йирик шаҳар Ҳамани ўз назоратига олди. BBC ушбу мамлакатда нималар бўлаётгани, бу айнан нега ҳозир бошлангани, бунда Россиянинг роли қандайлиги ва Сурия можаросининг янги босқичи қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтирди.

Нималар бўлмоқда?

27 ноябр, чоршанба куни исёнчи гуруҳларнинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги коалицияси Сурияда Башар Асад ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга юриш бошлади.

Исёнчилар биринчи куниёқ мамлакат шимоли-ғарбидаги Ҳалаб вилоятида ҳарбий база ҳамда 15 та қишлоқ эгаллангани ҳақида хабар берди. Кейин улар мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Ҳалабни пойтахт Дамашқ билан боғловчи асосий магистрални тўсиб қўйишди.

Жума кунига келиб исёнчилар аллақачон Ҳалабда эди ва шаҳардаги қадимий қалъа олдидан фотосуратлар эълон қила бошлади, бу жой 2012–2015 йилларда Асад армиясининг етиб бўлмас базасига айланганди.

Якшанба куни улар шаҳарни тўлиғича ўз назоратига олгани маълум бўлди.

Сурияда фуқаролик уруши якунига етмаганмиди?

Суриядаги фуқаролик уруши мавзуси 2020 йилдан буён жаҳон нашрлари саҳифаларидан тушиб қолганди — бу қисман Яқин Шарқдаги ва ундан ташқаридаги бошқа воқеалар туфайли, қисман ғарблик журналистлар ушбу мамлакатга кириши қийинлашгани туфайли. Аммо можаро барибир ҳал этилмаганди.

Суриядаги фуқаролик уруши 2011 йилда — «Араб баҳори» тўлқинида ҳукуматга қарши намойишлар билан бошланганди. Намойишлар турли исёнчи гуруҳлар ва ҳукумат кучлари тўқнашувларига айланиб кетади. Исёнчи гуруҳларнинг мафкуралари турлича эди, аммо уларни умумий мақсад бирлаштирган — Асад режимини ағдариш.

Турли исёнчи гуруҳларни Туркия, Саудия Арабистони, БАА каби турли давлатлар, шунингдек, «Ал-Қоида» ва ИШИД каби гуруҳлар қўллаб-қувватлаган; Асад ҳукумати эса Россия, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»дан ёрдам олган.

ИШИД 2014 йилда минтақадаги ҳукмрон кучга айланганида, можарога АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция ҳам аралашади. У ИШИД жангчиларига қарши курашади, аммо тўғридан тўғри Асад режимига қарши турмайди. Хусусан, курд жангчиларидан ташкил топган ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Сурия демократик кучлари ташкилоти мамлакат ҳудудидаги ИШИД кучларини тор-мор этади.

2020 йилга келиб, биринчи навбатда Россиянинг ёрдамида Асад Сурия ҳудудларининг 70 фоиз қисми устидан назоратни тиклашга эришади.

Исёнчилар фақат мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида, Туркия билан чегарадош ҳудудларни ўзида ушлаб қолади. Сурия шарқидаги саҳроларда эса ИШИД ячейкалари сақланиб қолган. Мамлакат шимоли-шарқидаги ҳудудлар курд айирмачилари қўлида қолган, шимолдаги чегара ҳудудларда эса Туркия армияси ва туркларга хайрихоҳ бўлган исёнчилар назорат ўрнатган.

Можаро томонлари турғун ҳолатда қолади ва Россия ҳамда Туркия воситачилигида шимоли-ғарбдаги Идлиб вилоятида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришади.

Бу исёнчилар кимлар?

Исёнчиларнинг янги коалициясини «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) ёки 2011 йилда асос солинган «Левантни озод этиш ҳаракати» бошқаради. Аввалига унинг номи «Жабҳат ан-Нусра» бўлиб, у «Ал-Қоида»нинг маҳаллий тармоғи эди, гуруҳ ташкилотчиларидан бири кейинчалик ИШИД раҳбарига айланган Абу Бакр ал-Бағдодий бўлган.

Фуқаролик урушининг ўткир фазасида ҲТШ Асадга қарши самарали ҳаракатланган гуруҳлардан бири бўлади. Аммо унинг ҳаракатлантирувчи жиҳодчилик мафкураси бўлган ва бу Озод Сурия байроғи остида ҳаракатланувчи исёнчиларнинг асосий коалицияси ниятларига зид келарди.

2016 йилда ҲТШ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланий расман «Ал-Қоида» билан алоқаларни узиб, «Жабҳат ан-Нусра»ни тарқатиб юборади ва янги ташкилот тузади, бу ташкилот бир йил ўтиб мафкураси ўзига яқинроқ бўлган бошқа гуруҳларни билан бирлашиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» номини олади.

2020 йилга келиб ҲТШ амалда 4 млн киши истиқомат қилувчи Идлибни назорат қиларди. Сўнгги йилларда исёнчилар бу ерда ўз ҳукуматини таъсис этган.

Аммо ноябр ойи охиридаги юришда ҲТШга бошқа исёнчи гуруҳлар ҳам (масалан, «Аҳрор аш-Шом») қўшилди, улар орасида илгари ҲТШ билан низолашган гуруҳлар ҳам бор.

Иккинчи йирик куч — Сурия миллий армияси, у сўнгги вақтларда асосан мамлакат шимолида курд отрядларига қарши жанг қилган. Сурия миллий армияси Туркиядан кўмак олади ва унинг таркибига аввал ҳукуматга қарши курашган Сурия озодлик армияси жангчилари киради. Anadolu агентлиги хабарига кўра, ҳозирги юришда айнан Сурия миллий армияси Ҳалабдаги ҳарбий аэропортни эгаллаган. Шу билан бирга, турк нашрлари Сурия миллий армияси «курд террорчи гуруҳлари» билан жанг қилаётгани ҳақида хабар тарқатган.

Аммо Асадга қарши коалицияга яна қандай гуруҳлар кирганини айтиш қийин. Бу қисман ўзини ягона фронт сифатида тақдим этишни истаётган исёнчилар стратегияси билан боғлиқ. Шунингдек, ишончли манбалар йўқлиги, бир-бирига рад этувчи хабарлар ва исёнчи гуруҳларнинг мотивлари мунтазам равишда ўзгараётгани билан ҳам.

Юриш нега айнан ҳозир бошланди?

Яқин Шарқдаги силкинишлар тўлқини ўтган йил 7 октябрида Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми билан бошланганди. Бу ҳужум ва унга Исроилнинг жавоби минтақадаги статус-квони йўққа чиқарди.

Эрон ва унинг Ливандаги иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг кучли зарбалари остида қолди ва Сурия ҳукуматига аввалгидек ёрдам бериш имкониятини йўқотди. «Ҳизбуллоҳ» жангарилари Исроилнинг Ливандаги юриши оқибатида жиддий йўқотишларга учради. Исроил Суриядаги эронлик қўмондонлар бўйлаб ҳам зарбалар йўллади. Буларнинг бари суриялик исёнчилар кутилмаган зарба беришига шароит ҳозирлади — ва Ҳалабга кутилмаган даражада муваффақиятли зарба амалга оширилди.

Бошқа томондан, Россия ҳам ҳозирда Асадга аввалги кўламда ёрдам беролмайди: мамлакат ҳарбий кучлари Украинадаги урушга жалб қилинган.

Ҳалабдаги қадимий қалъа фонидаги исёнчилар
Юриш нега барча учун сюрпризга айланди?

ҲТШ аввалига радикал ғояларга амал қилган, аммо «Ал-Қоида»дан ажралиб чиққанидан сўнг ўз риторикасини юмшата бошлаган. Хусусан, ал-Жўланий ўз назоратидаги ҳудудларда бошқа жиҳодчи ҳудудларни таъқиб қилишга киришиб, минтақадаги бошқа динлар ҳимоячиси сифатида обрў қозонган.

National Public Radio қайд этишича, ҲТШ Идлибдаги христиан озчилик билан ишлай бошлаган, хусусан, черковларни тиклаб, ерларни қайтариб берган. Ушбу ҳудудда ҲТШ БМТ агентлиги ва маҳаллий аҳолига ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан қочиб келганларга ёрдам берувчи бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган.

Исёнчилар ўз имижини ўзгартиришдан ташқари, Асад ва унинг тарафдорларига қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун кўп йиллар мобайнида қайта ташкиллаштириш, қуролланиш ва ўз кучларини шуғуллантиришга ҳам катта эътибор қаратган. Хусусан, октябр ойидаёқ ҲТШ Сурия шимолида кенг кўламли юришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

«Шахсан мен улар [исёнчилар] Ҳалабга етиб бора олишини кутган деб ўйламайман», — дейди The Washington Post мухбирига The Syria Report бош муҳаррири Жиҳод Язижи. «Мен ўйлайманки, улар режим заифлашгани ва уларда имкон пайдо бўлганини билишган ва улар ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтириш учун бундан фойдаланишни хоҳлашган».

Ҳукумат қўшинлари Ҳамани тарк этмоқда
Исёнчилар нимага эриша олади?

Бир неча кун ичида Ҳалабни эгаллаб олган исёнчилар сўнгги хабарларга кўра Ҳама шаҳрига ҳам кирган. Сурия давлат нашрлари 1 декабр куни ҳукумат кучлари фронт чизиғини Ҳамадан шимолда ушлаб туришга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Асад армияси исёнчилар Ҳама жанубига ўтишига йўл қўймасликка уринмоқда.

5 декабр куни Сурия мудофаа вазирлиги «вайронгарчиликлар ва тинч аҳоли орасида қурбонларни минималлаштириш» учун қўшин шаҳар ташқарисига олиб чиқилганини маълум қилди.

Курд отрядлари эса исёнчилар коалицияси билан келишув бўйича, Ҳалабнинг сўнгги йилларда ўз назоратида бўлган шимоли-шарқидаги ҳудудларни тарк этган. Шу тариқа, бу ҳудудлардаги тинч аҳоли шаҳарни тарк этиши ва Сурия шимоли-шарқидаги курдлар назорати остида бўлган бошқа ҳудудларга бориб жойлашиши мумкин. Бу курдларга келгусида турклар таъсиридаги Сурия миллий армияси билан тўқнашувдан қочиш имконини беради.

Исёнчиларни ким қўлламоқда?

Исёнчиларнинг муваффақиятларига ғарб давлатлари қандай реакция қилиши тушунарсиз. «Улар мухолифатчилар мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри Ҳалабни қўлга киритганидан хурсанд бўладими ёки шаҳар радикал кучлар қўлига ўтганидан ташвишланадими?», —дея савол қўяди CNN учун интервюсида Америкадаги Брукинг институтидан таклиф этилган тадқиқотчи Асли Айдинтасбас.

Расман АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия якшанба куни можародаги кескинликни юмшатишга чақириб, умумий баёнот берганди.

Исёнчилар муваффақиятидан манфаатдор бўлган мамлакатлардан бири, шубҳасиз — Сурия миллий армиясини қўлловчи Туркиядир. Ҳалабда олинган фотосуратлар ва видеоларда СМА рамзи (Суриянинг Баас партияси ва Асадлар сулоласи ҳокимиятга келгунига қадар бўлган байроғи)ни ҳам, Туркия байроқларини ҳам кўриш мумкин.

Ниҳоят, Исроил, туркпараст кучларни ҳам, жиҳодчиларни ҳам қўлламаса-да, Эронга Асад армиясига ёрдам беришга имкон бермайди. Хусусан, 20 ноябр куни Исроил Палмирага зарба йўллаганди, унинг ҳарбийлари маълумотига кўра, бу ерда «Ҳизбуллоҳ»нинг Суриядаги бўлими ва Эрон таъсиридаги турли гуруҳлар етакчилари учрашиши учун мўлжалланган қароргоҳи жойлашган.

Асадни кимлар қўллайди?

Асаднинг асосий иттифоқчиларидан бири — Эрон. Аммо Теҳрон, афтидан, ўз ҳарбийларини юборишни режалаштирмаяпти, ўрнига ўз проксилари — Ироқдаги эронпараст айирмачиларни юбориш билан чекланмоқда.

Reuters маълумотига кўра, душанбага ўтар кечаси Сурияга Ироқдан Эрон томонидан молиялаштирилувчи ўнлаб жангчилар йўл олган. «Бу шимолдаги фронт чизиғида турган қуролдошларимизга ёрдам бериши керак бўлган янги қўшимча куч», — деган агентликка Сурия армиясидаги юқори мартабали мулозимлардан бири аноним тарзда.

Бу вақтда Ироқдаги манбалар Reuters мухбирига камида 300 жангари якшанба куни кечқурун расмий чегара пунктларини айланиб ўтган ҳолда Сурияга ўтганини хабар қилган.

Ироқ расман бу баёнотларга раддия берган.

ҲТШ юришига Россия ҳам реакция билдирган. Россия авиацияси сурияликларнинг ҳарбий-ҳаво кучлари билан биргаликда исёнчиларнинг Идлиб ва Ҳамадаги позицияларига янгидан янги зарбалар йўлламоқда. Аввалроқ фуқаролик уруши даврида вайрон бўлган Ҳалаб маркази ҳам ўққа тутилган.

Расмий Теҳрон ҳам, Кремл ҳам Башар Асадни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Асаднинг бошқа бир иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» эса тўғридан тўғри қўшимча куч юборишни режалаштирмаётганини маълум қилди. «Сурия армияси жангчиларга муҳтож эмас», — деган гуруҳ вакили Newsweek учун изоҳида. «У ўз ерини ҳимоя қила олади».

Исёнчилар Ҳалабни ўз қўлида сақлаб қолиши ёки йўқлиги ноаниқ. Асад армиясидан фарқли равишда, уларда авиация йўқ. Лекин исёнчилар ўз дронларига эга; айрим хабарларга кўра, улар учувчисиз учар қурилмалар орқали Сурия разведкасининг юқори мартабали зобитини йўқ қилишга муваффақ бўлишган.

Исёнчилар ҳужумига жавобан, Сурия ва Россия авиацияси Идлиб ва Ҳалаб бўйлаб зарбалар йўллади
Россиянинг роли қандай?

Россиянинг Сурия ҳудудидаги ҳарбий контингенти 2024 йил куз ҳолатига 7,5 минг кишини ташкил этган.

Булар асосан иккита йирик ҳарбий база — Ҳмеймимдаги авиация базаси ҳамда Тартусдаги ҳарбий-денгиз флотига хизмат кўрсатиладиган логистик марказ ходимлари, шунингдек, Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган собиқ вагнерчилар. Улар орасида умумқўшин жанглари доирасидаги ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлмаган кўплаб полициячилар ҳам бор. Шунингдек, кўп миқдорда ҳарбий маслаҳатчилар жойлаштирилган. Ҳарбий объектларни қўриқлашга ҳам кўп ҳарбий жалб этилган.

Иккита йирик базадан ташқари, Сурияда Россиянинг бошқа ҳарбий объектлари, шунингдек, кўп сонли ҳарбий постлари мавжуд. Jusoor нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, 2024 йил ўрталарида Сурияда россияликларнинг 93 та блокпости ва ҳарбий база деб аталадиган 21 объекти бўлган.

Катта эҳтимол билан, улардан кўпчилигини кўламига кўра база деб ҳисоблаб бўлмайди, аммо шунинг ўзи ҳам Россия мавжудлигини англатиб туради.

2024 йилда россияликларнинг Суриядаги таъсир доираси кенгайди. Jusoor қайд этишича, илгари Эрон назорат қилган айрим позицияларни россиялик ҳарбийлар эгаллаган.

Россиянинг Суриядаги гуруҳи таъминот бўйича муаммоларга дуч келмоқда — Украинада уруш бошланганидан кейин ҳарбий кемалар Туркия бўғозларидан ўтказилмайди.

Контингентга ҳаво орқали таъминот етказиб беришда ҳам қийинчиликлар юзага келган: BBC суҳбатдошларидан бири Москвадан Ҳмеймим аэродромига қадар аввал Астраханда, кейин — Баҳрайнда транзит қилиш орқали етиб борганини айтиб берган.

Шу туфайли ҳозирда Сурияда бўлиб турган Россия кучлари ҳукумат армияси томонда туриб жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун етарли эмас — улар биринчи навбатда ўз ҳарбий объектлари хавфсизлигини таъминлаши лозим.

Бошқа томондан — Россия авиация гуруҳи ҳукумат армияси ҳаводан қўллаб-қувватланишини таъминлашга имкон беради. Бу қўллов муҳим бўлиши мумкин, лекин ўтган йиллар тажрибасига қаралса, нишонлар суриялик ҳарбийлар томонидан белгилаб берилиши бошланган даврда унинг самарадорлиги пасайган.

Ҳозирча Суриядаги россиялик ҳарбийлар миқдорини кескин ошириш имконияти кўринмаяпти — биринчидан, Россия Украинада катта қонли уруш олиб бормоқда, унинг ўзига ҳам фронтда жонли кучлар етишмаяпти, иккинчидан, бундай узоқ ҳудуд логистикаси ҳам жуда мураккаб.

Буларнинг бари нимага олиб боради?

Суриядаги фуқаролик урушининг янги босқичи айнан қандай оқибатларга олиб келишини ҳозир айтиб бўлмайди. Ишонч билан айтиш мумкин бўлган ягона гап шуки, — кўп йиллик фуқаролик урушидан кейин аянчли аҳволга тушиб қолган Суриянинг ўзи янада заифлашади.

Туркия Сурия шимолидаги таъсир доирасини кенгайтиришга муваффақ бўлиши мумкин. У шусиз ҳам мунтазам армияси ва Истанбул томонидан қўлланадиган сурияликлар ёрдамида чегара ҳудудларни назорат қилиб, минтақадаги асосий ўйинчилардан бири ҳисобланади.

Шунингдек, Суриянинг марказий қисмларида сақланиб қолган ИШИД вазиятдан фойдаланиши мумкин. Гуруҳ исёнчиларнинг юриши юзасидан муносабат билдирмаган бўлса ҳам, унинг айрим тарафдорлари ижтимоий тармоқларда ИШИД янги ҳудудларни эгаллашига умид билдирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳалабни кимлар ва қандай қилиб эгаллади?