21:58 / 15.12.2024
43

Башар Асад оиласининг бойлиги 12 млрд долларга етиши мумкин

Башар Асад оиласининг бойлиги 12 млрд долларга етиши мумкин
Фото: Getty Images
Сурияда Башар Асад режими қулаши билан президент оиласининг ўн йиллик бошқаруви давомида яширган миллиардлаб долларни излаш бўйича глобал ҳаракат бошланди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзмоқда.

Хабарга кўра, бу маблағларни топиш, эҳтимол, мураккаб ва узоқ муддатли жараён бўлади. Асадлар оиласи 1970 йилда Ҳофиз ал-Асад ҳокимиятга келганидан бери мураккаб инвестициялар ва бизнес активлари тармоғини шакллантирган.

"Башар ал-Асаднинг яқин қариндошлари томонидан сотиб олинган мулклар орасида Россиядаги кўчмас мулклар, Венадаги бутик-меҳмонхоналар ва Дубайда шахсий самолёт бор", деди собиқ Америка амалдорлари.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган адвокатлар ушбу активларни Сурия халқига қайтариш мақсадида кузатишни режалаштирмоқда.

"Режимнинг активларини халқаро даражада излаш бўлади. Уларнинг доимо Б режаси бўлган, шу сабабли ҳозир улар қувғинга яхши тайёрланганлар", деди Оқ уйнинг собиқ амалдори Эндрю Тейблер.

Башар Асад 8 декабрь куни, мухолифат кучлари Дамашқни тез суръатда эгаллаб, унинг 24 йиллик ҳокимиятига чек қўйган пайтда Сурияни тарк этди. Отаси сингари у ҳам қариндошларини активларни чет элда яширишга фаол жалб қилган. Оиланинг аниқ бойлик миқдори номаълум.

АҚШ давлат департаментининг 2022 йилги ҳисоботига кўра, Асад билан боғлиқ активлар 1 миллиард доллардан 12 миллиард долларгача етиши мумкин.

"Бойлик монополиялар ва ноқонуний савдо, хусусан, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси орқали олинган, маблағларнинг бир қисми халқаро ҳуқуққа мос келмайдиган юрисдикцияларга реинвестиция қилинган", дейилади хабарда.

Айни пайтда 2011 йилда бошланган фуқаролар урушидан азият чеккан сурияликлар қашшоқликка тушиб қолган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилга келиб аҳолининг қарийб 70 фоизи қашшоқлик чегарасида яшаган.

Режимнинг асосий шахслари орасида Башарнинг рафиқаси Асма ал-Асад ажралиб туради, у JPMorgan’да собиқ банкир бўлиб, оиланинг молиявий операциялари билан фаол шуғулланган.

"Ҳукмрон оила жиноий зўравонлик бўйича ҳам, молиявий жиноятлар бўйича ҳам худди шундай мутахассис эди", деди адвокат Тоби Кедман.

Активларни музлатиш ҳаракатлари аллақачон бошланган. Хусусан, 2019 йилда Париж суди Башар ал-Асаднинг амакиси Рифатга тегишли бўлган давлат маблағларини ювиш орқали қўлга киритилган 90 миллион евролик мулкни блоклаб қўйди. Бироқ Дубай ёки Россия каби солиқ бандаргоҳларидан активларни қайтариш анча мураккаб вазифа саналади.

Асад сулоласининг бойликлари ўн йилликлар давомида тўпланган. Маслаҳатчилар ва тадқиқот ташкилотлари маълумотига кўра, оила кўчмас мулк, меҳмонхоналар ва ҳатто Аргентинадаги чой плантацияларига сармоя киритган. Кўпгина активлар сохта компаниялар орқали бошқарилган, бу эса уларни кузатишни қийинлаштиради.

2020 йилда Башар Асад ва унинг амакиваччаси, режимнинг бош молиячиси Рами Маҳлуф ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. Маҳлуф йирик активларни назорат қилишдан четлаштирилди, унинг ўғиллари эса Дубайдаги ҳашаматли тунги клубларнинг суратларини эълон қилиб, дабдабали ҳаёт кечиришни давом эттирди.

Санкциялар ва халқаро текширувларга қарамай, Асад оиласининг кўплаб аъзолари қўл етмас бўлиб қолмоқда ва уларнинг аниқ жойлашуви номаълум. Асма ал-Асад Маҳлуфни четлатгандан сўнг, режимнинг муҳим активларини, жумладан, йирик телекоммуникация операторини бошқаришни ўз қўлига олди.

"Биз Сурия халқига пулни қайтаришимиз керак", деди инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Уилям Бурдон.

Баъзи сурияликлар аллақачон Асадларнинг мулкларини, шу жумладан, ҳашаматли автомобиллар ва санъат асарлари жойлашган гаражларни талон-торож қилиб, ишни ўз қўлларига олган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Башар Асад оиласининг бойлиги 12 млрд долларга етиши мумкин