22
Россиянинг Асадга таяниши оқибатлари: «Террорчиларга қарши курашмоқчи бўлган Россия бизни ўлдирди»
Янги ҳукумат прагматик ёндашувни танламоқда, хусусан, Россия учун муҳим бўлган ҳарбий базалар келажаги борасида ҳам. Москва томонидан ярим аср мобайнида қўллаб-қувватлаб келинган Асадлар сулоласи ағдарилганидан сўнг Россияни Сурияда қандай келажак кутмоқда? BBC шу ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.
«Биз Россия қаршилигига қарамасдан ўз уйимиздамиз»
43 киши ҳаётига зомин бўлган ҳужумга қарамасдан, Дума шаҳридаги кўп қаватли уй қўшни биноларга нисбатан яхшироқ сақланиб қолган. Гарчи зинапоя майдончаларидаги деразалар сочилиб ётганига қарамасдан, уй деярли бутун. Қуёш нурларида ёритилган гўзал мармар рангдаги тош поллар, зина майдонларидаги гуллар ва квартира эшиклари олдида бир текисда териб қўйилган шиппак ва кроссовкалар диққатни тортади — бу ерда ҳали ҳам одамлар яшайди. 2018 йилнинг 7 апрелида бу уйда кимёвий ҳужум содир бўлган эди.
Тофиқ Диабнинг фарзандлари Думага қилинган кимёвий ҳужум қурбони бўлган
Бир пайтлар фаровон бўлган қишлоқ хўжалиги ҳудуди Дума –«Дамашқнинг ғалла омбори» сифатида машҳур эди. 2011 йилда у қўзғолончиларнинг муҳим таянч нуқталаридан бирига айланди. Ҳукумат қўшинларининг бир неча бор омадсиз ҳужумлари ортидан Дума ва Шарқий Ғута вилоятининг бошқа шаҳарлари ишғол қилинди. Режим томонида Эрон ва унинг прокси кучлари жанг қилган бўлса, 2015 йилдан бошлаб Россия ҳам урушга қўшилди. Уруш нафақат мактаблар ва турар жой массивларига, балки қишлоқ хўжалиги ерларига ҳам катта зиён етказди.
Шарқий Ғута ишғол этилиши Суриядаги фуқаролик уруши тарихидаги энг шафқатсиз саҳифалардан бири бўлганди. Думанинг 40 фоиздан ортиқ қисми вайрон қилинди, ўн минглаб одамлар очарчиликка рўбару келди.
«Россия бу ерга террорчиларни йўқ қилиш учун келганини айтади, аслида эса бизни ўлдирди», — дейди автомеханик Тофиқ Диаб. Унинг фарзандлари 2018 йил 7 апрелдаги кимёвий ҳужумда ҳалок бўлган.
Ушбу воқеа турли томонлар манипуляциясига айланди. Мухолифат манбаларга кўра, ҳужум маҳаллий касалхонага қилинган ва зарин каби асабни фалаж қилувчи модда қўлланган. Россия эса ҳужум бўлганини бутунлай инкор этиш кампаниясини олиб борди.
Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (OPCW) вертолёт Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг Думайр авиабазасидан учиб, икки баллон хлор газини турар жой бинолари устига ташлаганини аниқлаган. Бу ҳодиса 43 киши ҳаётига зомин бўлиб, ўнлаб одамларни жароҳатлантиради.
OPCW бу вертолётни генерал Суҳайл ал-Ҳасан бошқарувидаги 25-й махсус бўлинма билан боғлаган. Россия матбуоти генерални «афсонавий» деб атаган, у Россия бош штаби раҳбаридан мукофот олган ва Россияга яқин шахс сифатида танилган.
«Россия — террорчи, Эрон — террорчи, Башар Асад режими — террорчи. Биз эса ўз юртимизнинг халқимиз», — дейди Тофиқ Диаб. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар таҳдиди остида у йиллар давомида ўз фарзандлари ўлимига ҳам очиқча мотам тутолмаган.
Йиллар давомидаги қамал ва қочқинликда умр кечирган Аҳмад Тоҳо қуролларини топшириб, тинч ҳаётга қайтишга тайёр.
Дума кўчаларида кенг табассумли оқ сочли Аҳмад Тоҳони осонлик билан пайқаш мумкин. У ҳашаматли, лекин лой билан камуфляж қилинган зирҳланган «Мерседес»да ҳаракатланади. Тоҳо урушнинг дастлабки йилларида Думада қўзғолончилар қўмондонларидан бири бўлган ва саккиз йиллик муҳожиратдан сўнг ўз она шаҳрига қайтган.
«[Режим ва Россия] бизга артиллерия ва авиациядан қаттиқ зарбалар берди. Россиянинг жиноятларини тасвирлаб бериш мумкин эмас. Бу ақл бовар қилмас даражадаги жиноятлар эди. Ярашиш мумкинми ёки йўқми, билмайман. Аммо биз бугун Россияга, режимга ва уни қўллаб-қувватлаган барчага қарамасдан уйимизга қайтдик», — дейди Тоҳо.
Бир пайтлар тадбиркор бўлган Тоҳо 2011 йилда қўлига қурол олди ва мухолифатнинг маҳаллий инқилобий кенгашида раҳбарлик лавозимларини эгаллади. 2018 йилда қўзғолончилар ҳукумат билан шаҳарни таслим қилиш бўйича келишувга эришди. Асирларни озод қилиш эвазига улар автобусларда режим назоратида бўлмаган Идлибга кўчиб ўтиш имкониятини олди.
Ҳукумат ва қўзғолончилар ўртасидаги келишувлар кафолатчиси сифатида Москва ўртага чиққан ва русларнинг ҳарбий полицияси Асад режимига қайтарилган шаҳарларда патруллик қилган. Ҳарбий полиция Дамашқ чеккасидаги Жубар шаҳарчасини таслим қилишда ҳам кафил бўлган. Бу шаҳарнинг 93 фоизи вайрон қилинган ҳолда ҳукумат қўшинлари томонидан эгалланган эди.
Дамашқ яқинида яшовчи Аҳмад Халифа эса россияликларга нисбатан даъволари йўқлигини айтади: «Россия армияси бизга ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ. Биз фақат улар кўчаларда ўз машиналарида ҳаракатланаётганини кўрардик. Ерда улардан ҳеч қандай ёмонлик кўрмадик».
Дамашқ марказидан Жубаргача машинада ярим соатда етиб олиш мумкин, бироқ шаҳарнинг катта қисми вайрон бўлган.
Жубар вайрон бўлишида Аҳмад Халифа айнан ҳукумат қўшинларини айблайди ва тинч аҳолини ўз уйларига қайтишга йўл қўйишмаганига гувоҳ бўлганини таъкидлайди.
«Улар уйларни вайрон қилиб, қолган барча нарсаларни аста-секин талон-торож қилишарди: мебеллар, девор қопламалари, эшиклар, ойна рамкалари — нима олса бўлса, барчасини олиб кетишарди. Улар — ўзларини бизнинг ҳимоячимиз деб атаган армия аскарлари эди. Буни ўз кўзларим билан кўрганман», — деб эслайди Халифа.
Ҳукумат армияси томонидан қўлга киритилган бошқа қўзғолончи шаҳарларда, жумладан, Ҳалабда ҳам турар жой массивлари талон-торож қилиниши ҳақида кўплаб ҳужжатлар мавжуд. Кўплаб манбалар бу ишларга «Шабиҳа» (арвоҳлар) деб аталган ҳукуматга содиқ норасмий махсус гуруҳлар алоқадорлигини кўрсатган.
Юзлаб сурияликлар Асад режимининг махфий қамоқхоналарида бедарак йўқолган яқинлари топилишидан умидвор
Россия президенти Владимир Путин 2015 йилда Сурия можаросида иштирок этиш ҳақида эълон қилганида, Сурия армиясини «фақат ва фақат террорчилик гуруҳларига қарши қонуний курашида» қўллаб-қувватлашини ваъда қилган эди.
Бироқ, БМТ, Amnesty International ва бошқа халқаро ташкилотлар, New York Times нашрининг суриштирувларида Россиянинг ҳаво-космик кучлари тинч аҳоли истиқомат қиладиган кварталлар ва шифохоналарга тартибсиз авиазарбалар бериш орқали ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланган. Москва эса ўз ҳаракатлари тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келганини рад этиб келади.
Ўша даврда ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳам кураш олиб борди. Ушбу коалиция курд отрядларининг қуролли операцияларини қўллаб-қувватлади. Уларнинг ҳаракатлари натижасида ҳам тинч аҳоли ўлими қайд этилган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар қўзғолончилар ва мухолифат кучларини ҳам тинч аҳоли қурбон бўлишида айблайди.
Миллиардлаб долларлар ва ярим асрлик муносабатлар
Тарихан Сурия совет иттифоқининг энг йирик қурол харидорларидан бири бўлган. 35 йил давомида Сурия 26 миллиард долларлик 5 мингга яқин танк, 1,2 мингдан ортиқ самолёт, 70 та ҳарбий кемалар ва бошқа қурол-яроғ ва техникаларни харид қилган, деб хабар беради ТАСС. СССР парчаланган пайтда Дамашқ бу маблағнинг ярмидан кўпроғини тўлай олмаган ва 2005 йилда Владимир Путин қарзнинг катта қисмидан кечиб юборган.
Совет иттифоқи Дамашққа нафақат қурол-яроғ ва ҳарбий маслаҳатчиларни юборган, балки таълим дастурларини молиялаштирган ва гидроэлектрстанция ҳамда тўғонлар каби йирик фуқаролик лойиҳаларини амалга оширган. Сурияда россиялик ва совет олийгоҳлари битирувчилари ассоциацияси 30 мингдан ортиқ кишини ўз ичига олади. Сурия ҳукумати аъзолари ва юқори лавозимли ҳарбийлар ўз таржимайи ҳолларида СССР ва Россия олийгоҳларини кўрсатишган.
«Сурияликлар орасида Россия билан шахсий алоқалари бўлганлар кўп эмас эди, аммо улар асосан ҳарбий, илмий ва сиёсий элита аъзолари бўлиб, яхши алоқаларга эга эди», — деб ёзади Швеция Мудофаа тадқиқот агентлиги таҳлилчиси Арон Лунд Россия-Сурия муносабатлари тарихи ҳақидаги ҳисоботида.
Совет иттифоқи Сурияни Исроил билан урушларда қўллаб-қувватлаши билан бирга, ушбу ёрдамлар Кремлни ишончли ҳамкор ва иттифоқчи сифатида кўрсатган.
Мустақил баҳолашларга кўра, Москва фуқаролик урушидаги 9 йиллик иштироки учун миллиардлаб доллар сарфлаган, бироқ совет даври мероси кўпчилик учун йўққа чиққан.
«Агар сиз сурияликлардан сўрасангиз, биз Россиянинг минтақамиздан тўлиқ чиқиб кетишини истаймиз. Чунки у — душман», — дейди Думадаги исёнчилар етакчиларидан бири бўлган Аҳмад Тоҳо.
«Ҳа, Россия биз учун душман, — дея сўзлашда давом этади у. — Улар сурияликларни, болалар ва аёлларни ўлдирди. Замонамизнинг бош жиноятчиси [Асад]га ушбу қатлларда ёрдам берди. У БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ушбу жиноятларни қораловчи барча резолюцияларига вето қўйиб келди».
Вилоятларда ва Дамашқда Сурия армиясининг ташлаб кетилган танклари учрайди
Асаднинг яна бир асосий иттифоқчиси Эрон ўз қўшинларини расман эвакуация қилди ва режим ағдарилгандан кейинги илк кунларда талон-торож қилинган элчихонасини ёпди. Бироқ, Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси ҳануз ёпилмаган, шунингдек, ҳарбий контингенти ҳам Сурия ҳудудида қолмоқда, гарчи у икки база — Тартус порти ва Ҳмеймим аэродромигача қисқарган бўлса ҳам.
Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги янги ҳукумат Москва билан музокараларга киришди ва Россиянинг барча ҳарбийларини зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилмаяпти.
«Сурия ва Россияни стратегик алоқалар боғлаб келган. Биз буни тезда бартараф эта олмаймиз ва келажакда ҳамкорликдаги стратегик манфаатларимизни ривожлантиришни хоҳлаймиз», — дея таъкидлаган мамлакатнинг де-факто раҳбари аш-Шаръа BBC билан суҳбатда.
Сурияда ҳокимиятга келган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) қўзғолончи гуруҳи ҳануз Россияда (шунингдек Ғарбда ҳам) террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Фуқаролик уруши давомида Россия қўшинлари ҲТШ позицияларини ҳам бомбардимон қилган эди.
«Биз бу йўналишни қўллаб-қувватлаймиз, — деган Шаръага жавобан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров. — Бизда суриялик дўстларимиз билан кўп умумий нуқталар бор».
Россиянинг Суриядаги ҳар икки базаси — Тартус порти ва Ҳмеймим аэродроми русларнинг Африкадаги ҳарбий логистикасида муҳим аҳамиятга эга. Бу базалар Россиянинг Мали, Марказий Африка Республикаси ва Ливиядаги ҳарбий фаолияти учун стратегик нуқта ҳисобланади.
Дамашқ марказидаги «Русский дом» маданий маркази ҳамон ёпиқ ҳолда қолмоқда. Кремл минораси услубида қурилган тўрт қаватли бино атрофи Россия триколори рангларида бўялган металл девор билан ўралган. У бино «Россотрудничество»га тегишли.
Дамашқдаги ўтиш даври ҳукуматининг Россия билан муносабатларни узмаслик учун етарли сабаблар бор, дейди Сурия армиясининг нафақадаги генерали ва ҳарбий эксперт Туркий ал-Ҳасан. Унинг таъкидлашича, Сурия Республикасининг қуролли кучлари ташкил топганидан буён СССР ва Шарқий блок мамлакатларидан келган қурол-яроғларга боғланган.
«Сурия армиясининг қурол-яроғлари Россияда ишлаб чиқарилган, — дейди ал-Ҳасан. — Шу сабабли янги армия тузиш учун ёки тўлиқ қайта қуролланиш лозим, ёки мавжуд етказиб беришлар давом эттирилиши керак. Бу эса икки давлат қуролли кучлари ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолишни тақазо қилади».
Янги байроқ — Франциядан мустақиллик учун курашган биринчи Сурия республикаси рамзларига қайтишдир.
Туркий ал-Ҳасаннинг фикрича, мазкур қарорни оддий сурияликларнинг ғазаби эмас, балки прагматик манфаатлар белгилайди: «Россия янги режимга нималарни таклиф қила олади? Янги режим Россия билан сиёсий ва ҳарбий ҳамкорлик борасида нима қилишга тайёр?»
Аммо Россия Суриядаги ҳарбий базаларини сақлаб қолган тақдирда ҳам, мамлакатдаги ўн йилликлар давомидаги таъсири, эҳтимол, ўз поёнига етди. Сўнгги йилларда Москва Суриядаги ролини асосан ҳукумат армиясини ҳаводан қўллаб-қувватлаш билан чеклаб қўйди. Сурия россиялик ҳарбийлар учун карьера ясаш жойига айланди, улар кўпинча бошқаларнинг муваффақиятларини ўзларига тақдим этишга ҳаракат қилиб келишди.
Россиялик тадбиркорлар эса фойдали қазилма бойликлар ва бошқа табиий ресурсларни ўзлаштиришдан ташқари Сурияга сармоя киритишни исташмади. Таълим алмашинувлари ҳеч қачон оммавий тус олмади, гарчи собиқ президентнинг ўғли Ҳофиз Асад Москва давлат университетида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган бўлса-да.
Москва катта маданий дастурлар ёки «юмшоқ куч» сиёсати дастурларини амалга оширмади. Ҳатто ҳуманитар ёрдам ҳажми жуда кам бўлиб, 2023 йилда Россия Сурияга бор-йўғи 11,5 млн доллар ажратган. Бу кўрсаткич Финландия ва Японияникидан ҳам паст эди. АҚШ ва Германия асосий донорлар бўлиб, ўнлаб баробар кўпроқ маблағ ажратган.
Financial Times нашри ёзишича, Москва Ғарб билан Суриянинг келажаги ҳақидаги музокараларда молиявий юкнинг асосий қисми Европа гарданига тушиши кераклигини таъкидлаган. Газета маълумотларига кўра, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Евроиттифоқ элчиларига Россия мамлакатни тиклаш жараёнига ҳеч қандай маблағ киритмаслигини билдирган.
Бироқ, 2020 йилда Россия Суриянинг электр тармоқлари ва саноатини тиклаш учун 1 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратишини эълон қилди.
Ҳокимият алмашинуви фуқаролик уруши ниҳояланганини англатмайди, бироқ сурияликлар тинчлик келганига ишонишни исташмоқда.
Россиянинг 2015 йилда Сурия можаросида иштирок этиши учун расмий сабаблардан бири Башар Асадни қўллаб-қувватлашдан ташқари, Россия фуқаролари ва манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаб, терроризмга қарши курашиш эди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров интервенция чоғида «Дамашқ террорчилар қўлига ўтишдан икки-уч ҳафталик масофада эди», дея таъкидлаганди.
Унинг бу сўзлари ўша пайтда кўпчилик томонидан муболаға сифатида қабул қилинган, аммо жорий йилги воқеалар Асад режими кўринганидан анча заифроқ эканини исботлаб қўйди. Россиянинг тўққиз йиллик ҳарбий операцияси уни қутқара олмади. Бундан ташқари, узоқ давом этган фуқаролик уруши россиялик юзлаб ҳарбийлар ва минглаб суриялик тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлиб, улкан қочқинлар оқимини яратди.
2014 йилда АҚШ президенти Барак Обама Россияни «минтақавий барқудрат давлат» деб атаган эди. Бир йил ўтиб, Россиянинг Суриядаги операцияси бошланди. Бу ҳол Обамани ўзининг аввалги баёнотини таҳрирлашга мажбур қилди — 2016 йилда у Россияни «ҳарбий барқудрат давлат» сифатида тан олади.
Энди эса, Асад режими ағдарилиши билан Москва Яқин Шарқдаги асосий ва энг қимматли ҳамкорларидан бирини йўқотди. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Олимлар буйракни ёғ босиши саратонга олиб келишини аниқлади
Макрон Суриянинг янги ҳукуматига нисбатан ҳушёр муносабатда бўлишга чақирди
Ҳусановга Гвардиола қизиқаётганига “Ланс” устози қандай муносабат билдирди?
"Пахтакор"нинг янги бош мураббийи Педру Морейра футболчилар билан танишди
Tesla ортда қолмоқда: BYD ўз тарихидаги энг катта натижаларни қайд этди!
Эрон Италияни “АҚШ туфайли” жанжаллашмасликка чақирмоқда
Германияга онлайн виза: янги имкониятлар
Рубин Хебай: "Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпман"